Жаҳон | 21:56 / 03.06.2023
13254
2 дақиқада ўқилади

Дубай Palm Jebel Ali лойиҳасини 14 йилдан кейин қайта тиклади

Дубайда ўта қиммат уйларга талаб кескин ошди. Шаҳар маъмурияти аввал ташлаб қўйилган пальма шохлари кўринишидаги ҳашаматли лойиҳани қайта тиклашга қарор қилди.

Фото: Al Arabiya

Дубай амири 2008 йилда глобал молиявий инқироз туфайли тўхтаб қолган ва юзлаб харидорларни умидсизликка солиб қўйган лойиҳани қайта тиклаб, машҳур пальма дарахти шаклидаги сунъий оролларнинг энг каттасини ривожлантиришнинг янги режасини тасдиқлади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Palm Jebel Ali лойиҳасининг янги бош режаси 80 та меҳмонхона ва дам олиш масканларини ўз ичига олади ва амирликнинг соҳил чегараси 110 километрга узаяди.

35 минг оилани қамраб олиши кутилаётган лойиҳада ҳашаматли уйлар ва хонадонлар бўлиши мумкин. Давлат объектларининг тахминан учдан бир қисми қайта тикланадиган энергия манбалари билан таъминланади.

Дубай марказидан тахминан 50 километр узоқликда жойлашган лойиҳа 17 та пальма шохларидан иборат бўлиб, чўмилиш соҳиллари, истироҳат боғи, виллалар ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум шеъри битилган минглаб баланд уйларни жойлаштириш учун мўлжалланган эди.

Бир неча йил ўтгач, лойиҳа ташлаб қўйилди. 2022 йил октябрь ойида кўплаб инвесторлар ўз харидларини муқобил Nakheel лойиҳасига алмаштирган бўлса-да, бошқаларга маблағларни қайтариш таклиф этилди.

30 нафар мулкдор гуруҳи Дубай судига апелляция аризаси билан мурожаат қилди. Суд лойиҳани расман бекор қилиб, инвесторларга фақат дастлабки харидорлардан олинган суммани қайтариш керак деган қарор чиқарди.

Қайд қилинишича, сўнгги вақтда Дубайда нархи 10 млн доллардан юқори уйларга талаб кескин ошган. Бу эса шаҳарнингЛондон ва Нью-Йоркка яқинлашишига ёрдам берган.

Knight Frank кўчмас мулк фирмаси ҳисоботига кўра, биринчи чоракда Дубайда бундай уйларнинг 88 таси сотилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид