Жаҳон | 17:14 / 06.06.2023
14513
10 дақиқада ўқилади

Украинанинг қарши ҳужуми бошландими? Ҳарбийлар ва экспертлар бу борада қандай фикрда?

Украина қўшинлари сўнгги кунларда Донецк ва Запорижжя областларида фаоллашди. Россия мудофаа вазирлиги 4 июн оқшомида Украина жанубий Донецк йўналишида ҳужум уюштиришга урингани, бироқ ҳужум гўёки қайтарилгани ҳақида баёнот берди. Бироқ россиялик «ҳарбий мухбирлар» ва мудофаа вазирлиги назорати остида бўлмаган ҳарбийлар оғир жанглар кечаётгани, Донецк ва Запорижжя областларидаги турли ҳудудларда Украина қуролли кучлари олдинга силжигани ҳақида хабар бермоқда. Украина кучларининг локал ютуқлари мустақил манбалар томонидан ҳам тасдиқланган.

Фото: Reuters

Россия мудофаа вазирлиги вакили генерал Игор Конашенковнинг 5 июн куни эрталаб берган ҳисоботида Украина бир вақтнинг ўзида фронтнинг беш секторида қарши ҳужум бошлагани айтилган. Хабар қилинишича, ҳужум 4 июн куни эрталаб бошланган бўлиб, унга жами «олтита механизациялашган ва иккита танк батальони» жалб қилинган.

«Душман ўз мақсадига эриша олмади. Улар томонда ҳеч қандай муваффақият бўлмади», деган Конашенков.

Россия томони ҳужум қайтарилиши натижасида Украина қуролли кучларининг йўқотишлари 250 кишини ташкил этгани, Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов эса ҳарбийларнинг фронт чизиғидаги ҳаракатларини шахсан назорат қилганини даъво қилди.

Украина қуролли кучлари Россия томони хабарларини «ахборий-психологик операция» деб атади ва қарши ҳужум бошланганини тасдиқламади.

«Украиналикларни руҳий тушкунликка тушириш ва жамиятни (жумладан, ўз аҳолисини) чалғитиш учун рус пропагандачилари қарши ҳужум, унинг йўналишлари ва Украина армиясининг йўқотишлари ҳақида ёлғон маълумот тарқатмоқда. Ҳатто ҳеч қандай қарши ҳужум бўлмаса ҳам. Бунинг учун ҳалок бўлганлар ва асирларнинг йўқ қилинган техникалари акс этган эски видео ва фотосуратлар тайёрланган. Шунингдек, бошқа сохта материаллар ҳам», — дейилади Украина қуролли кучларининг стратегик алоқа бошқармаси баёнотида.

Турли йўналишлар бўйлаб ҳужумлар

Айни пайтда, россиялик «ҳарбий мухбирлар»нинг жойлардан олган хабарлари Россия томони учун хавотирли кўринади.

«Ҳозир Вуҳледар ва Великая Новосёлканинг деярли аниқ ўртасида, фронт чизиғида жойлашган Новодонецкое қишлоғи учун оғир жанглар кетмоқда. Душман биз аввал назорат қилган ҳудудга камида икки километр масофада кириб, аҳоли пунктининг четида мустаҳкамланиб олишга муваффақ бўлди», деб ёзади босқинни қўлловчи WarGonzo милитаристик телеграм-канали.

«Эрта тонгдан бошлаб икки йўналишда фаол жанглар давом этмоқда. Кечаги муваффақиятсизликдан сўнг, душман катта куч билан ғарбдан Вуҳледар йўналишига ўтди. Эҳтимол, жанубдан қуршовга олиш мақсадида. Бироқ, Киев «ДХР»ни иккига бўлиш мақсадида Николский ва Мангушевга, шунингдек, Волновахага қараб ҳаракатланиши мумкин», дея хабар беради бошқа бир россиялик пропагандачи Александр Коц.

«Душман Артемовск ҳудудида ҳам ҳужум операцияларини ўтказмоқда. Соледар шаҳри шимоли артиллериядан ўққа тутилмоқда. Бахмутнинг жануби-ғарбий қисмида ҳам жанглар кетмоқда», дея қўшимча қилган Коц.

Фото: Reuters

«Қўшинлар жимгина жуфтакни ростламоқда»

Украина бўлинмаларининг Вуҳледар яқинида олдинга силжиганини «ДХР»нинг «Восток» батальони командири Александр Ходаковский ҳам тасдиқлаган.

«Вуҳледарнинг чап қанотида душман чекланган кучлар билан, ўнтагача зирҳли техникадан фойдаланган ҳолда Золотая Нива – Новодонецкое йўналиши бўйлаб ҳужумга ўтди. Ҳозиргача улар муваффақиятга эришмоқда. Туннинг иккинчи ярмида улар Великая Новосёлка яқинидаги кечаги жойда босимни давом эттирадигандек таассурот қолдирувчи ҳаракатлар қила бошлади», деган Ходаковский.

«Ҳаво разведкаси тактик ҳудудда ўттизтагача зирҳли техниканинг ҳаракатини қайд этди, аммо чекланган имкониятлар туфайли «кўтарилиш» нуқтасини ўрнатолмади. Натижада, ҳозирда Новодонецкоеда ҳаракат қилаётган зарбдор гуруҳ деярли сездирмасдан ҳужум чизиғига етиб келди.

Душман одатдагидек алоқаларни бузиш орқали бизни қийин аҳволга солиб қўйишга муваффақ бўлди. Вазият ривожланмоқда», деб ёзади Ходаковский ўз телеграм-каналида.

«Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин эса рус қўшинлари Бахмут шимолидан чекинаётгани ҳақида хабар берди.

«Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов ва Шойгу қўшинларни қайта гуруҳлаб, Берховка сув омбори бўйлаб жойлаштирганда, улар бу Берховка аҳоли пунктини ҳимоя қилишга қаратилган қадам эканини айтишганди, чунки бу ҳудуд жуда қулай позиция экан. Шунчалик фойдалики, барчасини унга алмаштиришди. Ҳозир эса Берховка посёлкасининг бир қисми аллақачон йўқотилди, қўшинлар жимгина жуфтакни ростламоқда. Шармандалик!» ­— деб ёзган Пригожин.

Ҳеч ким ҳужум бошланганини эълон қилмайди

Украина томони Берховка яқинидаги олдинга силжиш ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Америка Урушни ўрганиш институтининг (ISW) сўнгги ҳисоботида айтилишича, 4 июн куни Украина қўшинлари Донецк областининг ғарбий қисмида ва Запорижжя областининг шарқий қисмида қуруқликда локал ҳужумлар уюштирган ва чекланган тактик муваффақиятларга эришган.

«4 июн куни эълон қилинган геолокация тасвирларида Украина механизациялашган кучлари Ривнопол шимоли-шарқида олға силжиётганини кўриш мумкин», дейди ҳарбий экспертлар. Улар, шунингдек, баъзи россиялик ҳарбий блогерларнинг Украина қўшинлари Россия мудофаасининг биринчи чизиғини ёриб ўтгани ва бу ҳудудда 3 километр олдинга силжигани ҳақидаги хабарларига эътибор қаратди. ISW экспертлари таъкидлашича, эрталабки ҳисобот пайтида бу хабарларнинг визуал тасдиқлари бўлмаган.

BBC Украина хизматининг Украина расмий тузилмаларидаги манбалари ҳеч ким қарши ҳужум бошланганини эълон қилмаслигини айтган. Уларнинг тахминига кўра, Украина кучлари Россия мудофаасини турли секторларда ёриб ўтишга ҳаракат қилади ва ҳимоя энг заиф бўлган жойга ҳужумга ўтади.

5 июн куни кечқурун Украина мудофаа вазири Анна Маляр украин армияси Бахмут йўналишида «кенг фронт» бўйлаб олдинга силжиётганини маълум қилди. У Россия томонининг баёнотларига зид ўлароқ, асосий ҳарбий ҳаракатлар Бахмут атрофида кечаётгани ва бу йўналишда украин бўлинмалари «кенг фронт» бўйлаб олдинга юраётганини айтди.

«Биз айрим йўналишларда ҳужум ҳаракатларига ўтяпмиз. Хусусан, Бахмут йўналиши ҳарбий ҳаракатлар эпимаркази бўлиб қолмоқда. Бу ерда биз анча кенг фронт бўйлаб илгарилаяпмиз. Ютуқлар бор. Баланд тепаликларни эгаллаяпмиз», дея ёзган Маляр.

Бу операция кенг кўламли ҳужумга айланадими?

Олег Черниш, BBC News Украина мухбири:

«Россия мудофаа вазирлиги баёнотига Украина изоҳ бермади ёки бу ахборий-психологик операция деган маънода шарҳ берди. Украина мудофаа вазирлигининг стратегик коммуникациялар бўлимида Россия томони «муваффақиятсиз қарши ҳужумга ўтган украиналик ҳарбийларнинг йўқ қилингани» тасвирланган саҳна кўринишлари тайёрлангани ҳақида хабар бор эди.

Шу билан бирга, бугун эрталаб ва кеча кечки пайт украиналик ҳарбийлар, кўнгиллилар ва фронтга яқин бўлган шахслар ижтимоий тармоқларда «Бошланди!», «Худо ёр бўлсин!», «Олға!» каби ноаниқ хабарларни тарқата бошлади. Шубҳасиз, гап қарши ҳужум ҳақида кетмоқда деб тахмин қилиш мумкин. Бундан ташқари, бу контекстда Россиянинг «ҳарбий мухбирлар» деб аталувчи блогерлари, шунингдек, «ДХР»нинг ижтимоий тармоқлардаги фаол арбоби, собиқ дала қўмондони Александр Ходаковскийнинг хабарлари муҳим аҳамиятга эга.

Уларнинг хабарлари Россия мудофаа вазирлигининг хабарлари каби нурли эмас. Улар Великая Новосёлка (Запорижжя ва Донецк областлари чегарасидаги, Вуҳледардан унча узоқ бўлмаган кичик шаҳарча) яқинидаги ҳудудда тахминан иккита бригада ёки саккизта батальондан иборат Украина қўшинларининг ҳаракати бошлангани ва бу секторда улар бир неча километр олдинга силжишга муваффақ бўлгани ҳақида маълумотни тасдиқлаган.

ISW маълумотларига кўра, силжиш уч километрни ташкил этган. Ушбу уруш шароитида: қуроллар билан тўлдирилган, миналанган майдонни бир кечада шунча масофага босиб ўтиш — бу сезиларли ютуқдир.

Яъни, фронтнинг бу секторида силжиш бор, лекин Украина қуролли кучлари фойдаланаётган кучлар, бўлаётган воқеаларни катта ҳужум деб аташ учун етарли эмас. Бу операция кенг кўламли ҳужумга айланадими? У янада ривожланадими? Буни кейинги воқеалар орқали кўрамиз».

«Нимадир аллақачон бошланган»

Профессор Майкл Кларк, ҳарбий таҳлилчи, Бирлашган Қироллик мудофаа тадқиқотлар институти (RUSI) собиқ раҳбари:

«Менимча, Украина ҳужуми бир неча ҳафта олдин, дронлар ёрдамида фронт ортига зарбалар, турли йўналишларда — Соледар, Вуҳледар, Бахмут, Запорижжянинг Новодаровка районида ҳужумлар, Белгород областидаги воқеалар билан бошланганди. Гарчи улар Киев ҳаракатларига тўғридан тўғри алоқадор бўлмаса-да, кескинликни кучайтирмоқда. Нимадир аллақачон бошланган, у қандай ривожланишини кўрамиз. Менинг ўйлашимча, 4 июн куни украиналиклар қуруқликдаги операцияни бошлади.

Ушбу ҳужумни ривожлантиришнинг бир неча йўли мавжуд. Биринчиси, чалғитувчи манёврлардан сўнг, Украина қуролли кучлари оғир техникасининг бутун зарбаси бир йўналишга берилади.

Яна бир вариант — зарбалар серияси. Улар гўёки турли эшикларни бузиб кўради ва энг осон очиладиган эшикка бутун кучни ташлайди.

Учинчи вариант эса бир қатор кичик зарбалар бўлиб, улар кейинчалик катта ҳужумларга айланади. Биз балки кейинги ҳафтагача ёки ҳатто бир ҳафтадан кейинга қадар ҳужум қандай ривожланишини билмаймиз», деган жаноб Кларк.

Муҳаммадқодир Собиров
Тайёрлаган Муҳаммадқодир Собиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид