Жаҳон | 20:52 / 06.06.2023
34323
14 дақиқада ўқилади

«Зомби»га қарши «Лорд»: Пригожин ва Қодировнинг одамлари нега даҳанаки жангга киришди?

Охирги вақтларда рус медиаоламида янги можаро авж олди: уруш бошланганидан буён бир-бирини оға-ини деб атаб келаётган Рамзан Қодиров ва Евгений Пригожиннинг шотирлари даҳанаки жангга киришиб кетишди. BBC охирги вақтларда Пригожин Россиянинг йирик шаҳарларида турнеда бўлаётгани, қодировчиларнинг кескин чиқишлари нима билан боғлиқ эканини таҳлил қилди.

Фото: BBC Russian

Россия Қаҳрамонларининг даҳанаки жанги

Аввалига Пригожин «Ахмат» баталйони нима иш билан шуғулланаётганини тушунмаётганини айтди. Қодировнинг яқин кишилари Адам Делимханов ва Магомед Даудов эса унга жавоб қайтаришди. Делимханов Пригожин ўқ-дори етишмовчилигидан нолиши асоссиз экани, у ҳаммадан кўп ёрдам олганини айтиб, Путин ва Қодировни алқади. Даудов эса Пригожинни Женя деб атаб, уни эркакчасига гаплашиб олишга чақирди. Шундан кейин можаро авж олди.

«Евгений Викторовични блогер деб атаб улар бизни ҳақорат қилишди. «Ахмат»дагиларнинг видеолари Tik-tok ва Youtube'да айланиб юрган вақтда биз ўз вазифамизни бажараётгандик. Аввал ким блогер, ким эса адолат таъминланишига интилаётгани ҳақида саволга жавоб топиш керак», деб ёзди «Вагнер»га алоқадор «Тень» Telegram-канали гўёки Россия Қаҳрамони унвонига эга командирнинг сўзларини келтираётганини иддао қилиб.

Бу каналда «Зомби» лақабли, ўзининг айтишича, Россия Қаҳрамони унвонига эга яна бир «вагнерчи»нинг сўзлари келтирилган: «Улар эътиқодни ўлдиришмоқда. Биз тўғри йўлда эканимиз ва ватанимизни ҳимоя қилаётганимизга ишонч бағишлайдиган эътиқодни. «Вагнер» «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади – тарж.) вақтида бирорта аҳоли яшаш пунктини душманга бериб қўймади. Ва сиз бизни нимададир айбламоқчимисиз? Бошлиғимизга қилинган ҳақоратни ҳар биримиз ўзимизга қилинган деб қабул қиламиз», дейилади баёнотида.

Пригожинга қарши «Лорд»

Уруш давомида россияликлар орасида жуда кўп ўзаро можаролар авж олди. Аммо бу ҳақда ҳеч бир расмий ОАВда ахборот берилмади. Россия мудофаа вазирлиги ҳам «Вагнер» раҳбари томонидан жуда кўп нарсада айбланганига қарамай, бунга бирор марта муносабат билдирмади.

Аммо 1 июн куни Евгений Пригожиннинг чиқишларига Чеченистон парламенти раиси, Рамзан Қодировнинг энг яқин одамларидан бири бўлмиш «Лорд» рақабли Магомед Даудов жавоб қайтарди. У ўз каналида берган жавобида «Ахмат» баталйони Россия мудофаа вазирлиги ва Росгвардиянинг махсус бўлинмаси деб эълон қилинганини таъкидлади. Даудов Пригожинга жавобида давлат вакили сифатида гапираётганига урғу берган.

«Демак, гап бундай, Женя. Бизга қўйилган вазифалар ҳақида сен билишинг шарт эмас. Бу ҳақда олий бош қўмондон, Чеченистон раҳбари, Россия Қаҳрамони Рамзан Ахматович Қодиров билади. Сен доим кимнидир отиш кераклиги ҳақида гапирасан. Улуғ ватан уруши вақтида бундай чиқишлар учун ўзингни отиб ташлашарди, Женя. Ҳар кунлик бундай чиқишларинг билан нимага эришаётганинги ҳам тушунмайман. Сенга Россия Қаҳрамони унвони беришаётганда одамлар орасида бундай ваҳимали кайфият уйғотасан деб ўйламагандим», деди Даудов.

Қодировнинг яқини Даудов Пригожинга кимнинг ҳисобига шахсий самолёти ва умуман, хусусий ҳарбий компанияси борлигини унутмасликни маслаҳат берган. У Пригожиндан локация ташлашни сўраб, истаган ерида эркакчасига гаплашиб олишни таклиф қилган.

Кейинроқ Қодировнинг яна бир одами, Давлат думаси депутати Адам Делимханов видеомурожаат эълон қилиб, Пригожинни сенлаб гапирди ва юзма-юз гаплашиб олишни таклиф қилди.

Қодировчиларнинг гапига эса кутилмаганда Дмитрий Уткин номли «Вагнер» асосчиларидан бири жавоб қайтарди. У Қодировнинг одамларидан фарқли ўлароқ, Россия Қаҳрамони унвонини олмаган, лекин тўртта Жасорат кавалер ордени соҳиби ҳисобланади.

Уткин ҳеч қачон интервю бермаган ва оммавий чиқишлари билан танилмаган. Унинг жавоби «Вагнер»нинг Пригожин ўз каналида тез-тез улашиб турувчи каналларидан бирида эълон қилинди. Унинг сўзларига кўра, гуруҳ ичида ҳеч қандай ваҳима йўқ, ҳар қандай муаммони улар Россия конституциясига кўра ҳал қилишмоқда.

Уткин ўз хўжайини Пригожинга нисбатан мурожаат оҳангидан кескин норозилик билдирган. «Бунақа муомала қилиш қаердан чиқди, ким сизларга уни сенлаб, Женя деб мурожаат қилишга рухсат берди? Эркакчасига гаплашишга доим тайёрмиз. Ахир бир-биримизни биринчи ва иккинчи чечен урушидан бери жуда яхши биламиз», дейилади Уткиннинг қодировчиларга жавобида.

Маълумот учун, Дмитрий Уткин Россия бош разведка ташкилотининг захирадаги подполковниги ҳисобланади. Очиқ манбаларга кўра, чечен урушида иштирок этган. Адам Делимханов эса чечен дала қўмондони Салмон Радуевнинг ҳайдовчиси бўлган ва биринчи чечен урушида Россияга қарши урушда иштирок этган. Иккинчи чечен урушида Россия томонига ўтиб кетган.

Пригожин Даудов ва Делимхановнинг эркакчасига гаплашиб олиш таклифига шундай жавоб берди: «Қаердалигим ҳақида гапирадиган бўлсам, бу муҳокама иштирокчиларининг ҳаммаси менинг махсус махфий телефон рақамларимгача билишади ва истаган вақтларида менга боғлана олишади».

Шаҳарлар бўйлаб тур: «Ватан хавф остида»

Охирги вақтларда Пригожиннинг қаердалигини билиш унчалик қийин бўлмаяпти. 30 майдан бошлаб у Россиянинг йирик шаҳарлари бўйлаб тур ўтказмоқда ва ҳозиргача Новосибирск, Владивосток, Нижний Новгород ва Екатеринбургда бўлишга улгурди. Пригожин иштирокидаги матбуот анжуманларида қатнашган маҳаллий журналистларнинг айтишича, тадбирлар бир хил форматда ўтказилган.

Матбуот анжуманида иштирок этган журналистлардан бирининг сўзларига кўра, у ишлайдиган таҳририятга «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг янги лойиҳаси тақдимотида қатнашиш учун таклифнома юборилган. Залда журналистлардан ташқари яна 30 нафарга яқин одам бўлган: «Саҳнада нотаниш одамлар, чақирув командирлари бор эди. Унда «Бахмут бизники», умуммиллий сафарбарлик эълон қилиш керак, ҳаммаси фронт учун, ҳаммаси ғалаба учун, деган гаплар айтилди. Кейинроқ эса эшик очилиб Пригожин кириб келади ва ватан хавф остида, танқиддан қўрқмаймиз, мен ҳамма саволларга жавоб бераман, дейди».

Журналистнинг айтишича, уни матбуот анжуманига мажбурлаб юборишмаган, таҳририятнинг ҳам бу тадбирда иштирок этишдан қандайдир молиявий манфаати бўлмаган.

«Пригожин дадил, шаблон бўйича гапирмайди», дейди журналист. Пригожиннинг барча таклифлари ҳам жойларда мамнуният билан қабул қилинмаяпти. Масалан, 25 май куни Екатеринбург администрацияси «Вагнер» шарафига автоюриш ўтказишга рухсат бермаган. Краснодардаги Горячий Ключ аҳоли яшаш пункти раҳбарияти билан эса Пригожин апрел ойида ёлланма аскарларни кўмиш масаласида тортишиб қолганди. Шунга қарамай, журналист у билан учрашувни хавфли эмас деб атаган.

Новосибирскдаги учрашувда Пригожин янги «Иккинчи фронт» номли ҳомийлик дастури ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, бу дастур одамларни сафарбарликка ундайдиган тўғри маълумотларни беришга қаратилган. «Сафарбарлик эълон қилмас эканмиз, урушни юта олмаймиз», деган Пригожин қайта-қайта.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Владивостокда «Вагнер. Иккинчи фронт» тақдимоти чоғида. Фото: LEV BORODIN/TASS

Журналистлар Пригожинга нега Россия шаҳарлари бўйлаб тадбирларда иштирок этаётгани борасида савол беришди: «Шунчаки айланиб, одамларнинг фикрини билгим келди. Одамлар тушкунликка тушмаслиги учун уларга ахборотни қандай етказишни ўйлаяпман. Бахмутни олдик, уч кун бўш вақтим бор», деган Путиннинг собиқ ошпази. У кейинчалик ҳам сиёсий ахборот алмашиш тадбирларини ўтказишга ваъда берган.

Новосибирсклик мухбир Павел Тиуновнинг айтишича, матбуот анжуманидан кейин умумий суратга тушилгач, журналистларни «оддийгина безатилган» столларга таклиф қилишган: «Бутерброд, газаклар, мевалар. Ортиқча дабдабасиз, фронтчасига», дейди мухбир дастурхонни тасвирлар экан.

«Ҳеч қандай буйруқ келмади»

Россия регионларидан биридаги раҳбариятда ишловчи манба кимлигини ошкор қилмаган ҳолда ахборот беришича, Пригожиннинг ташрифига қандай муносабат билдириш бўйича Кремлдан ҳеч қандай топшириқ келмаган.

«Пригожин учун муҳими трендда бўлиш учун ўз муваффақиятини кўпиртириш ва номини кўпроқ тилга олишларига эришиш. Ўз «мен»ини капитализация қилиш эса сайловолди дастурларини эслатади. Аммо унда ҳозирча бундай ҳаракат кўринмаяпти. У одамлар ҳурматини қозонган муваффақиятли ҳарбий сифатида худди шундай муваффақиятли хўжалик раҳбарига айланса ҳам ажабланмайман. У таниқли шахс, лекин ўз амбицияларини нимага йўналтиргани ҳозирча ноаниқ.

Нима бўлганда ҳам, унга марказдан рухсат берилиши керак. Ички сиёсий кучлар розилигини олмаганлар сиёсий карьера қилиши осон эмас», деган BBC билан суҳбатда юқоридаги маҳаллий администрация вакили.

«Сиёсий йўналиш биртомонлама бўлиб қолса, сиёсий арбоблар етишмайдиган бўшлиқлар пайдо бўлади. Бу бўшлиқларни эса бошқа бирор таниқли фигуралар эгаллаши мумкин», дейди суҳбатдош. Унинг фикрича, Пригожин айнан мана шундай фигура.

«Ҳаммаси сиёсат қайси ўзан бўйлаб ривожланишига боғлиқ. Аҳоли бундан кейин ҳам [урушга] сафарбар қилинса, вазиятни кескинлаштирувчи сиёсий кучларга қизиқиш сўнади. Аксинча, бундай фигураларга қарши кураш бўлади. Аммо ҳозирча Пригожинга қарши қандайдир кураш кўрмаяпман. Уни ҳозирча жиддий сиёсатчи сифатида қабул қилишмаяпти. Аммо у сиёсий кучга эга бўлиш учун ҳаракат қилмоқда. Акс ҳолда одамлар билан учрашишдан нима маъни?» деган маҳаллий администрациядаги суҳбатдош.

2023 йил май ойи. Евгений Пригожин Владивостокда. Фото: LEV BORODIN/TASS

BBC билан суҳбатлашдан бошқа бир манбанинг айтишича, Пригожин бундай чиқишлари билан ўзини ҳимоя қилаётган бўлиши ҳам мумкин. R.Politik лойиҳаси раҳбари, сиёсатчи Татяна Становаянинг айтишича, Пригожиннинг ҳар қандай фаолияти ҳозирда Кремл учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳисобланади.

«Унинг Путин томонидан чизиб, чегаралаб берилган ўз жойи, роли бор. Путин Пригожин бу чегарадан чиқиб кетишини истамайди. Пригожин аллақачон Россия сиёсий элитасининг жуда кўп вакиллари билан можарога киришиб бўлди. Масалан, президент администрацияси, мудофаа вазирлиги, баъзи губернаторлар билан. Аммо унга қарши нимадир қилишмаяпти, чунки Пригожинга қарши нима қилиш керак, деган консенсуснинг ўзи йўқ. Ҳаммаси Путин нималарга рухсат берганига боғлиқ. Путин кимнидир муаммо деб ҳисобласа, бу ҳақда албатта айтади», деган сиёсатчи. Унинг фикрича, Путин охирги бир йил давомида Пригожин ҳақида деярли гапирмагани у Путинни хавотирга солмаётганидан далолат.

Сиёсатшунос Александр Кинёв ҳам Пригожиннинг сиёсий истиқболини жиддий қабул қилиш керак эмас деб ҳисобламоқда: «Бу таъсир кучини ошириш учун курашга ўхшаяпти. Россия сиёсатида керак натижани оммавий жангларсиз қўлга киритиш керак деган сценарий ҳукмрон. Можаронинг оммага маълум қилиниши элитанинг кучсизланганидан дарак, кучидан эмас. Бу эса таъсир доирасининг кучи пасайганидан далолат. Омма олдига чиқиш доим умидсизликдан содир бўлади.

2016 йил: «Конкорд Кейтеринг» МЧЖ бош директори Евгений Пригожин ва  бошқарув раиси, «Газпром» ОАЖ директорлари кенгаши раиси ўринбосари Алексей Миллер.
Фото: MIKHAIL METZEL/TASS

Пригожин амбицияли одам. Афтидан, замонавий ҳаётда у ўзини кўрсатиш учун бошқача вариант топа олмаган. Бир неча йил давомида унда омманинг олдига чиқиш эҳтиёжи йўқ эди, энди эса шуни хоҳлаб қолган кўринади», дейди Кинёв.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Пригожин ҳозирги ҳаракатлари билан оммага таъсир қилувчи кучга эга бўлмоқчи. Балки шу орқали нималаргадир ўз таъсирини ўтказмоқчи ҳам. Аммо Россияда омма орқали таъсир ўтказиш қийин масала.

Кинёв Пригожинда сиёсий лицензия ҳам йўқлигига эътибор қаратган: «Улардан «Адолатли Россия» билан нималардир бор, аммо сайловда синаб кўрилмаган. Ултрамиллатчилар ҳеч қайси сайловда натижага эриша олмаган. «Ҳақиқт учун адолатли Россия» партияси лойиҳасини фақат бечора Рязанда ўтказишди. Унда ҳам фақат административ ресурс эвазига».

Кинёв Пригожинга алоқадор политтехнолог Максим Шугалейнинг сайлов кампанияси ҳам жуда катта харажат билан ўтганини эслатган. Шугалей 2020 йил «Ватан» партиясидан Коми республикаси кенгашида биринчи ўринни эгаллаган. Шугалей депутатликка сайланган, лекин кейинчалик ўз ваколатини топширганди.

«Пригожинда номзодлар ва ташкилотлар тизими йўқ. Ҳудудларда ҳеч нарса йўқ: на тизим, на одамлар. Унинг жамоаси, одамлари кимлардан иборат, айтинг-чи?» деган Кинёв.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Россия сиёсий элитаси назорат ва мувозанатдан иборат тизимдир: «Бу тизим институционал эмас, спецификдир. Бунинг устига шахслараро. Пригожин ва унинг тизими ана шу мувозанатнинг бир қисмидир. Ҳозир у қайсидир маънода қўрқув пайдо қилган. Бу ҳам ҳукумат учун маъқул келмоқда. Чунки мана шундай экстремаллар сабаб ҳукумат мўътадил кучга ўхшаб кўринади», деган сиёсатшунош Александр Кинёв.

Унинг фикрича, бу нарсаларни Кремлда жуда яхши тушунишади. Аммо бу ишларни олдиндан режалаштиришган деб бўлмайди.

Мавзуга оид