Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинада чеченистонлик собиқ дала қўмондони Руслан Ямадаевнинг ўғли ҳалок бўлди
Чеченистонлик собиқ дала қўмондони ва Давлат думаси депутати, 2008 йилда ўлдирилган Руслан Ямадаевнинг ўғли, «Вагнер» ХҲКга ёлланган Саид-Ҳусайн Ямадаев Украинада ҳалок бўлди, деб хабар берди Чеченистоннинг NIYSO телеграм-канали, «Кавказ. Реалии» ва RusNews24 нашрлари.
«Кавказ.Реалии» эслатишича, Саид-Ҳусайн Ямадаев 2016 йилда бир неча моддалар бўйича ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. RusNews24 хабарига кўра, у Уляновскдаги 2-сонли колонияда жазо муддатини ўтаган ва у ерда «Вагнер» ХҲКга ёлланган. Нашрнинг ёзишича, Ямадаев 2023 йил бошида фронтга келган ва апрель ойида Украина Қуролли кучлари позицияларига ҳужум пайтида ҳалок бўлган.
RusNews24 хабарига кўра, Ямадаев 3 июнь куни Гудермесда дафн этилган. Бу маълумотни «Кавказ. Реалии» манбалари ҳам тасдиқлади.
Аввалроқ, Ямадаев колонияда бўлганида президент Владимир Путинга видеомурожаат ёзиб, ундан колониядаги сақлаш шароитларига эътибор беришни сўраганди – у дўстларининг калтакланишига норозилик сифатида ўзига тан жароҳати етказганини даъво қилган.
Саид-Ҳусайн Ямадаевнинг отаси Руслан Ямадаев 2003-2007 йилларда Давлат думаси депутати бўлган. Биринчи чечен уруши пайтида у федерал қўшинларга қарши жангларда қатнашган, аммо кейинчалик Россия томонига ўтган. 2004 йилда у Россия Қаҳрамони унвонини олди.
Руслан Ямадаев 2008 йил сентябрида Москва марказида ўлдирилган. Бундан бироз олдин Ямадаевлар оиласи Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан можарога борган. Руслан Ямадаевнинг укаси Сулим 2009 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўлдирилган. Кейинроқ Дубай прокуратураси қотилликка алоқадорликда гумон қилиниб, етти нафар россиялик, жумладан Қодировнинг тарафдори, Давлат думаси депутати Адам Делимхоновни ҳам қидирувга берган эди.