Жаҳон | 11:04 / 08.06.2023
5155
2 дақиқада ўқилади

НАТО собиқ бош котиби Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга чақирди

Украинага биргина хавфсизлик кафолатларининг ўзи етарли бўлмайди, НАТОга аъзо бўлиш йўлини муҳокама қилиш керак, деб ҳисоблайди Андерс Фог Расмуссен.

Фото: AP

НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен алянсни Украинага ёзма хавфсизлик кафолатларини тақдим этишга ва ҳеч қандай шартларсиз НАТОга аъзо бўлиш йўлини белгилашга чақирди. Унинг сўзларини 7 июн, чоршанба куни The Guardian нашри келтирди.

Фог Расмуссеннинг фикрича, хавфсизлик кафолатлари разведка маълумотларини алмашиш, Украина билан қўшма машғулотлар, ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва Россияни келажакдаги эҳтимолий ҳужумлардан тўхтатиб туриш учун етарли қурол етказиб беришни ўз ичига олиши керак. Сўнгги пайтларда бу ҳақда тез-тез гапирилмоқда, деди НАТО собиқ бош котиби Франциядан тегишли баёнотни таъкидлаб.

Шу билан бирга, Фог Расмуссен хавфсизлик кафолатларининг ўзи етарли бўлмаслигини таъкидлади. "Баъзи НАТО иттифоқчилари Украинанинг аъзоликка интилишлари ҳақида ҳақиқий муҳокамадан қочиш учун хавфсизлик кафолатлари тарафдори бўлиши мумкин. Улар хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш орқали бу масалани четлаб ўтишларига умид қилишмоқда. Менимча, бу мумкин эмас", - деди у ҳамда Шарқий ва Марказий Европа давлатлари, айниқса, Украинанинг НАТОга олиб борадиган йўлини муҳокама қилишни талаб этаётганини билдирди.

Фог Расмуссен Полшанинг Украинага ёрдам беришини таъкидлаб: "Агар НАТО Украина учун аниқ йўл бўйича келиша олмаса, баъзи давлатлар алоҳида чоралар кўриши мумкинлиги аниқ", деб огоҳлантирди.

Мавзуга оид