Шавкат Мирзиёев Италия президентини Ўзбекистонга таклиф қилди
Рим шаҳридаги Квиринал саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия президенти Сержо Маттарелланинг музокаралари бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев ташриф билан келиш таклифи ва самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, президент Сержо Маттарелла ва Италия халқини куни кеча ўтган миллий байрам – Республика эълон қилинган кун билан қутлади.
Италия президенти Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди, мамлакатнинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди. Таъкидланишича, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони икки баробар кўпайди. Ўзбекистонда Италиянинг Pietro Fiorentini, Terra-nova, Danieli, Imagro, Ansaldo, Saipem каби етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Президентлар куни кеча ўтган бизнес-форум натижаларини мамнуният билан қайд этди. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард евродан зиёд бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон ва Италиянинг маданий-тарихий меросига бағишланган кўргазма ташкил этишга келишиб олинди. Таълим, археология, экологик хатарларга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тошкентда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Кетма-кет уч йил Ўзбекистон Венециядаги Халқаро биенналеда иштирок этиб келмоқда.
Йил бошидан Ўзбекистонга келаётган италиялик сайёҳлар сони 5 карра кўпайди. Жорий йил апрель ойидан бошлаб Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани туристлар оқимининг ошишига хизмат қилади.
Етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, энг аввало, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Афғон халқига манзилли гуманитар ёрдамни давом эттириш ҳамда махсус вакилларнинг маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Сержо Маттареллани мамлакатимизга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Мавзуга оид
14:37
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
13:50
Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон раҳбарлари "яшил” энергияни узатиш лойиҳасига старт берди
09:30
Ўзбекистон - Черногория ҳукуматлараро комиссияси тузилади
20:47 / 12.11.2024