«Вагнер» Россия армияси подполковнигини асир олиб, кечирим сўраттирди. Бу нима дегани?
Россия мудофаа вазирлиги ҳамда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ўртасидаги низо ўтган ҳафта янги даражага кўтарилди.
«Вагнер» асосчиси Евгений Пригожиннинг ахборот хизмати эълон қилган видеода жангчилари гуруҳ машиналаридан бирига ўт очган Россия армияси подполковниги қўлга олингани айтилади. Уч ҳафта аввал содир бўлган ҳолат ҳақида «Вагнер» негадир энди ахборот беришга қарор қилган.
«Шахсий адоват сабаб»
«Мен 72-бригада командири подполковник Роман Геннадевич Венивитин маст ҳолатда «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига тегишли машинага ўқ уздим», деган у Пригожиннинг ахборот хизмати эълон қилган видеода. Қандайдир ертўлада суратга олинган видеода ушбу ҳарбий ўз айбига иқрор бўлган. Юзидан видео ёзиб олинишидан аввал уни дўппослашганини тахмин қилиш мумкин.
Подполковник машинага шахсий адоват сабаб ўқ узганини айтган, аммо бу адоват қандай пайдо бўлганига ойдинлик киритмаган. У гўёки ўзига бўйсунувчи ҳарбийлар билан бир гуруҳ ёлланма аскарларни қуролсизлантирган. «Мен айбдорман», деган видео охирида Венивитин.
Яна 72-бригада
Евгений Пригожин ва қўлга олинган подполковник Венивитин бошқарадиган 72-бригада ўртасида охирги бир ой давомида бир неча марта келишмовчилик юзага келди. Май ойи охирида Пригожин юзлаб одамларини бой бериб эгалланган стратегик плацдармдан қочиб кетганини иддао қилган бригада ҳам айнан мана шу 72-бригада эди. Кейинроқ Пригожин ҳарбийлар «Вагнер»нинг Бахмутдан чиқадиган йўлларини миналаштирганини айтиб чиқди. Россия мудофаа вазирлиги эса доимгидек Пригожиннинг баёнотларига муносабат билдирмади.
Пригожиннинг каналида эълон қилинган рапортга кўра, подполковник Венивитинни асир олиш билан тугаган можаро 17 май куни содир бўлган. Унда ёзилишича, «Вагнер» ёлланма жангчилари Опитное ва Озаряновка аҳоли яшаш пунктларидаги йўлларни миналаштираётган ҳарбийларни пайқаб қолган. вагнерчилар Семигорян районида йўлларни миналардан тозалаётган бир вақтда эса уларга қарата ҳарбийлар ўқ узган. Оқибатда Урал машинаси ишдан чиқарилган. «Шундан кейин жавоб чоралари ва агрессияни бартараф этиш чоралари кўрилди», дейилади Пригожин ахборот хизмати эълон қилган хабарда.
Унда айтилишича, қўлга олинганлар ичида алкогол ичимлик таъсирида бўлган подполковник Венивитин ҳам бўлган.
Россия қонунига кўра жиноят
«Ҳуқуқий жиҳатдан вагнерчилар Россия қуролли кучлари подполковнигини асир олиши давлат ишчисига хизмат вазифасини бажараётганда уюшган гуруҳ томонидан қуролли ҳужум орқали суиқасд уюштириш деб малакаланади», дейди BBC билан суҳбатда ҳарбийлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи адвокат Константин Маркин. Бу ҳолат камида Россия жиноят кодексининг 126-модда 3-қисми – «Одам ўғирлаш» жинояти билан малакаланиши мумкин. «Жиноий гуруҳ томонидан қурол ўқталиб ўз ихтиёрига зид тарзда ушлаб туриш» кўринишида жиноятни содир этган россияликлар 6 йилдан 15 йилгача қамалиши кўзда тутилган. Адвокатнинг сўзларига кўра, бу жиноят хизмат вазифасини бажараётган давлат хизматчисига нисбатан содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Адвокат бу борада иш очилса, давлат ишчисига таҳдид қилиб, оғир тан жароҳати етказганлик бўйича айбловни ҳам қўшиш мумкинлигини айтган. Бу модда санкциясида жиноятчи 10 йилгача қамалиши кўзда тутилган. Шунингдек, бундай видеони эълон қилганлик учун ҳам давлат ишчисини ҳақорат қилиш бўйича иш очиш мумкин. Унинг санкцияси 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилишдан иборат.
Палапартиш миналаштириш
Венивитиннинг асирлиги у учун ҳалокатли тугагани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу можаро содир бўлганидан 10 кун ўтиб ОАВда унинг исми аскарларнинг жиноий буйруқ берилгани борасида эътирозлари ҳақидаги мақолада ҳам тилга олинди. Унда айтилишича, Венивитин жиноий буйруқлар берган. Россия армиясининг «Шторм Z» отряди аъзолари 40 дақиқалик роликда уларни алоқасиз ва артиллерия қўлловисиз «ЛХР»да ташлаб кетишгани ҳақида гапиришган.
Командир ўринбосари майор Александр Приказчиковнинг айтишича, отряд командири подполковник Венивитин шахсий таркиб вакилларини урган ва жиноий буйруқлар берган. Эълон қилинган видеода ҳарбийларнинг айтишича, Венивитин уларни топиб ўлдириш билан таҳдид қилган. Ҳарбийлар унга қарши юқори турувчи органларга кўрсатма беришга тайёрлигини билдирган.
BBC билан суҳбатлашган «Вагнер»га яқин манбанинг айтишича, подполковникни қўйиб юборишган. У билан жиддий гаплашиб олишган, лекин ҳаммаси қонун доирасида бўлган. Венивитин ёлланма аскарлар томонидан калтакланганми, деган саволга суҳбатдош жавоб бермаган.
Пригожин Венивитин билан содир бўлган воқеа ҳақида нега 2,5 ҳафта ўтиб хабар берганига унинг ўзи ҳам, матбуот хизмати ҳам ойдинлик киритмаган. Афтидан, улар бу маълумотни эълон қилиш учун Бахмут тўлиқ эгалланишини кутиб туришган. Бахмут олингани ҳақида эса 20 май куни эълон қилинди.
27 май куни Венивитиннинг аскарлари унинг устидан Бахмут яқинида эмас, Луҳанск областидан туриб арз қилганидан уларни бошқа позицияга ўтказишганини тахмин қилиш мумкин.
Аслида йўллар Пригожин айтганидай атай миналаштирилган бўлмагани, бу палапартиш миналаштириш оқибати бўлганини ҳам тахмин қилиш мумкин. Чунки уруш давомида айнан палапартиш миналаштириш билан боғлиқ можароли ҳолатлар кузатилди. Масалан, 5 июн куни Росгвардия таркибига кирувчи «Восток» батальони командири Александр Ходаковский портлаб кетган машинани видеога олиб кўрсатиб, у айнан палапартиш миналаштириш оқибатида портлаганини айтганди. Портлаган машина ичида учувчисиз қурилма операторлари бўлган.
«Улар Новодонецк участкасида ишлаган энг яхши мутахассисларимиз эди», деган Ходаковский. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудудда Украина армияси бир неча кундан буён муваффақиятли ҳужумга ўтмоқда. «ДХР» собиқ мудофаа вазири Игор Гиркин айнан Волноваха Украина қарши ҳужумининг асосий йўналиши бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.
Подполковникка нима бўлди?
BBC «Вагнер» асир олган Венивитиннинг кейинги тақдири нима кечгани ҳақида унинг укаси Артёмдан маълумот олишга ҳаракат қилди. Ака-ука Дзержинск шаҳридаги квартирада бирга яшаши кўрсатилган. BBC'га кўра, Артём ёки Россия армиясида ёки «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясида хизмат қилади. Чунки унинг телефон рақами баъзи фойдаланувчиларнинг телефонида ҳарбийчасига лақаби ҳам қўшилиб «Артём Палмира Венивитин» деб сақланган. Аммо у журналистларнинг бу борада саволларига жавоб беришни истамаган, Telegram орқали ёзилган саволларни ҳам жавобсиз қолдирган.
BBC Россия мудофаа вазирлигига подполковник Венивитинга қандайдир чора қўлланган-қўлланмагани, уни 72-бригада раҳбарлигидан «Шторм Z» отрядига ўтказишгани ёки йўқлиги, шунингдек, Россия армиясида ротация вақтида фойдаланиладиган қўшимча йўллар миналаштириладими ёки йўқлиги борасида саволлар юборган ва жавоб кутмоқда.
Евгений Пригожин ҳаммага қарши
Уруш бошланганидан буён «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин жуда кўпчилик билан урушиб, Россия мудофаа вазирлигини тинимсиз ҳақорат қилиб келади. Унинг баёнотларига қарши бирор марта расмий муносабат ҳам билдирилмаган, унга қарши ҳеч қандай чора ҳам кўрилмаган. 2 июн куни Пригожин «Вагнер» чиқиб кетаётган йўллар миналаштирилишида Россия мудофаа вазирлигини айблади ва бу нарсалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қайд этилганини таъкидлади. «Биз Украина армияси томонидан ҳеч қандай провокацияга учрамадик, аммо Россия мудофаа вазирлиги провокацияси билан тўқнаш келдик», деди Пригожин.
Путиннинг собиқ ошпази Россия мудофаа вазирлиги билан ярим йилдан буён ўзи ва номаълум ёлланма аскарлар иштирокидаги видеолар ёрдамида «урушиб келади». 5 май куни ўнлаб жасадлар фонида видео эълон қилган Пригожин унинг гуруҳига ўқ-дори берилмаётганини айтиб, мудофаа вазири Шойгу ва штаб бошлиғи Герасимовни ҳақорат қилганди. У икки юқори мансабли ҳарбийни ҳайвон деб атаган. «Агар ўқ-дори берсанглар, қурбонлар беш баравар кам бўларди. Улар кўнгилли бўлиб келиб, сиз қизил эшикли кабинетингизда пишқириб семириб ётганингиз учун ўлиб кетишди», деганди Пригожин ўша нафратомуз мурожаатида.
Пригожин Россия мудофаа вазирлигидан ташқари чеченистонлик мансабдорлар билан ҳам можарога боришга улгурди. Чеченистон парламенти раиси, «Лорд» лақабли Магомед Даудов Пригожинни очиқчасига Украинада жанг қилаётган россиялик ҳарбийлар ўртасига нифоқ солишда айблаб, бундай иш учун Иккинчи жаҳон уруши вақтида отиб ўлдиришганини айтди.
Кейинроқ Рамзон Қодировнинг яна бир яқин кишиси Адам Делимханов видеомурожаат йўллаб, Даудов каби Пригожинни эркакчасига гаплашиб олишга таклиф қилди. Пригожин уларнинг таклифини қабул қилди. «Вагнер» асосчиси «Ахмат» қўмондонлиги билан можаро ҳал бўлгани, энди бутун эътиборни мудофаа вазирлиги билан можарога қаратганини айтди.