Жаҳон | 13:56 / 09.06.2023
28062
10 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар ва ишчилар тақчиллиги: Японияда қандай мутахассислар етишмаяпти ва у ерда яшаш учун рухсатномани қай тарзда олиш мумкин?

Япония анъанавий равишда хорижликлар учун жуда ёпиқ мамлакат бўлиб келган: туристлар, албатта, у ерда яхши кутиб олинади, лекин доимий яшаш ва ишлашни хоҳлайдиганлар турли хил қийинчиликларга дуч келишлари аниқ - бюрократик ва бошқалар. Бироқ, аҳолининг тез қариши ҳокимиятни чет эллик ишчилар учун эшикларни очишга мажбур қилди ва энг яхши мутахассислар энди соддалаштирилган схема бўйича Японияда яшаш учун рухсатнома олишлари мумкин бўлади. Forbes Японияга қайси касб эгалари бориши осонроқ эканини тушунтирди.

Фото: Shutterstock

Сўнгги йилларда япон ишлаб чиқарувчилари бонг урмоқда: мамлакат аҳолисининг деярли учдан бир қисмини пенсионерлар ташкил қилади ва ҳар йили дунёдаги учинчи иқтисодиёт учун ўзини зарур ишчи кучи билан таъминлаш қийинлашиб бормоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг (15-64 ёш) улуши ўтган асрнинг ўрталаридан бери биринчи марта 60 фоиздан пастга тушди ва кейинги йигирма йил ичида бу кўрсаткич яна 10 фоизга камайиши мумкин

Ҳатто илғор соҳалардаги компаниялар ёш чегарасидан воз кечишга ва 80 ёшдан ошган ходимлар учун шартномаларни янгилашга мажбур. Иқтисодий ўсиши юқори технологияларга боғлиқ давлат учун бу ҳолат жуда даҳшатли кўринади. 

Япония расмийлари, шубҳасиз, кучайиб бораётган ишчи кучи танқислигини қисман ҳам қоплаш учун роботлар ва сунъий интеллектдан кенгроқ фойдаланишни кўриб чиқмоқда. Аммо 2022 йилда Япониянинг етакчи иқтисодчилари ҳукумат томонидан белгиланган иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш учун хорижлик ишчилар сонини 2040 йилга бориб тўрт баробарга, яъни ҳозирги 1,8 миллион кишидан деярли 7 миллионга кўпайтириш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. «Акс ҳолда биз ташлаб кетилган қишлоққа ўхшаб қоламиз, бунда одамлар чет элликларга ёмон муносабатда бўлади ва ташриф буюрувчилар сони камаяди - бу пасайишга олиб келади», - деб огоҳлантирганди Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Шиничи Китаока 2022 йил февраль ойида меҳнат бозори симпозиумида. 

Японияда яшовчи 124,9 миллион аҳолининг 122,2 миллиони ҳозир этник японлардир. Бу контекстда хорижликлар сонининг 7 миллионга кўпайиши, айниқса уларнинг кўпчилиги оилалари билан келиши ҳисобга олинса, жуда муҳим ўзгаришдир. 

Япониянинг жаҳон иқтисодиётидаги етакчи мавқейини сақлаб қолиш учун зудлик билан қатъий чоралар кўриш зарур. Бундан ташқари, «дунё фабрикаси» - Хитой яқин, унинг аҳолиси ҳам 60 йил ичида биринчи марта камайишни бошлаган ва ишчи кучи учун курашда Токио билан жиддий рақобатлаша олади. 

Буларнинг барчаси бош вазир Фумио Кишидани мисли кўрилмаган қадам ташлашга ва аввалги қаттиқ миграция сиёсатидан воз кечишга мажбур қилди. Япония оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, июнь ойида вазирлар маҳкамаси мамлакатда муддатсиз яшаш имконини яратувчи махсус турдаги меҳнат визалари берилишини сезиларли даражада кенгайтириш режасини расман тасдиқлайди. 

Япония иқтисодиёти учун энг кескин эҳтиёж саноатнинг турли соҳаларида малакали ишчиларга тааллуқлидир. 2019 йилда ҳукумат бундай кадрларни жалб қилиш учун махсус тизимни ишлаб чиқди ва янги виза тури - 1- ва 2-тоифали Special Skilled Worker (SSW) жорий этди. Аввалига, мутахассис 1-тоифали визага мурожаат қилиши мумкин, бу унга Японияда беш йилгача қолиш имконини беради, аммо оиласиз. Бунинг учун у JLPT имтиҳонини N4 (A2’га эквивалент) даражасида топшириш орқали зарур иш кўникмалари эга эканлигини ва япон тилини билишини исботлаши керак. 

Шундан кейингина ходим визани 2-тоифага «янгилаши» мумкин, бу Японияда чексиз муддатга қолиш ва бутун оилани у ерга олиб бориш имконини беради. Тўғри, ҳозиргача буни фақат иккита саноат - қурилиш ва кемасозлик ходимлари катта қийинчилик билан амалга ошириши мумкин. Таққослаш учун: 2023 йил февралида 146 минг нафар хорижий ишчи 1-тоифа визасига эга бўлган, атиги 10 киши эса 2-тоифали визага эга эди.

Тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, Япония ҳукумати 2-тоифали визани олиш жараёнини осонлаштириш ва унга мурожаат эта оладиганлар доирасини кенгайтиришга қарор қилди. Энди яна тўққизта йўналиш бўйича мутахассислар буни амалга оширишлари мумкин бўлади: қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, тозалаш, меҳмонхона хизматлари, озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш, аэропорт ва авиация саноати, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, электроника ва саноат станоклари. 

Япон тилини бошланғич даражада билиш ҳали ҳам мажбурийдир. Бироқ, Ўзбекистондаги турли хил тил курсларида бир ярим-икки йил ичида керакли имтиҳонга тайёргарлик кўриш мумкин, шунинг учун Японияга кўчиб ўтишга жиддий муносабатда бўлганлар бу вазифани енгиб ўтишлари аниқ. Чет элликлар орасида меҳмонхона ва ресторан бизнеси секторлари оммабопдир.

2023 йил апрель ойида ҳукумат юқори малакали икки тоифадаги ходимлар - олимлар ва муҳандислар учун ҳам енгиллик жорий қилди. 20 миллион иена (144 000 АҚШ доллари) даромад оладиган ва магистратурани тамомлаган (ёки 10 йиллик иш тажрибасига эга) мутахассислар махсус беш йиллик виза олишлари мумкин, кейин эса Японияда уч йил эмас, атиги бир йил яшаб, яшаш учун рухсатномага ариза топширишлари мумкин. Бошқарувчилар иш тажрибаси беш йил ёки ундан кўп бўлса ва йиллик даромади 40 миллион иена ёки ундан кўп бўлса, худди шу турдаги визага мурожаат қилишади. Бундан ташқари, барча номзодлар академик ва касбий ютуқлари, япон тилини билиши, ёши ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда махсус шкала бўйича камида 70 балл тўплашлари керак.

Юқори малакали мутахассислар учун визалар билан бир қаторда, корхоналарда стажёрлар учун йиллик визанинг алоҳида тури, шунингдек, ўқитувчилар, рассомлар, шифокорлар, журналистлар, менежерлар ва бошқа мутахассислар учун уч ой, бир йил, уч йил ёки беш йилга стандарт иш визаси мавжуд. Виза олиш учун япон тилини билиш шарт эмас, лекин бундай талаб иш берувчи томонидан иш тавсифида қўйилиши мумкин. Ҳаммаси иш ёки компаниянинг хусусиятларига боғлиқ: масалан, Японияда япон тилини билмасдан ходимларни ёллайдиган хорижий компаниялар ҳам бор, у кўпинча япон мактаблари ва университетлари томонидан ёлланган чет тили ўқитувчиларидан талаб қилинмайди. 

Японияда АТ соҳаси ходимлари ва тадбиркорлар ҳам яхши қабул қилинади, чунки Токио «дунёда стартаплар учун энг қулай шаҳар» бўлишга умид қилмоқда. Бунинг учун 2022 йилда ҳукумат ҳатто бир йил муддатга махсус «стартап визаси»ни ҳам жорий қилди, муниципал ҳокимиятлар тадбиркорлик фаолиятини бошлашда ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда қилган. Виза олиш учун аниқ бизнес-режа ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, шунингдек, келажакдаги бизнесга камида 5 миллион иена (тахминан 35 000 доллар) сармоя киритиш ёки камида иккита ходимни ёллаш керак. Япон тилини билиш ҳам шарт эмас, аммо тадбиркорлар бизнесни йўлга қўйиш билан боғлиқ бюрократик ва маиший муаммоларни ҳал этиш учун албатта таржимон хизматига мурожаат қилади.

Кадрлар танқислиги сабабли, Япония ҳукумати бошқа мамлакатлардан абитуриентларни жалб қилиш учун янги дастурларни ҳам ишлаб чиқмоқда. Ҳукумат 2033 йилга бориб Япония университетларидаги чет эллик талабалар сонини 400 минг кишига етказишни ва уларнинг камида ярми кейинчалик япон компанияларида иш топишини таъминлашни истамоқда. Япон тилини билиш ўқишга кириш учун катта афзаллик бўлади, аммо маҳаллий университетлар инглиз тилидаги бакалавриат ва магистратура дастурларини ҳам таклиф қилади. Одатда, чет эллик талабаларга япон тилини ўрганиш таклиф этилади - кўпинча мажбурий тартибда.

Япония меҳнат визасини олишдаги асосий қийинчилик - ҳомийлик қилишга тайёр иш берувчини топишдир. Шунинг учун, баъзи абитуриентлар биринчи навбатда япон тили мактабига ўқишга келишади ва ўша ерда иш қидиради - кўпинча мактабларда ишга жойлашишда ёрдам берадиган махсус бўлимлар мавжуд. Талабаларга ҳафтасига 28 соатгача ишлашга рухсат берилган, аммо агар ўқиш пайтида масофадан туриб ишланса, буни иш визаси аризасида кўрсатмаган маъқул. Гап шундаки, иммиграция хизмати сизнинг аниқ неча соат ишлаганингизни ва қонунни бузган ёки бузмаганингизни аниқлай олмайди, шунинг учун у иш визасини рад этиши мумкин. 

Ишга жойлашиш учун малакани ҳам тасдиқлаш керак бўлади: ё ихтисослашган олий маълумот ёки ишлаётган мутахассислик бўйича 10 йиллик иш тажриба мавжудлигини. Яна бир вариант - малакани тасдиқловчи махсус имтиҳон топшириш (масалан, IT ходимлари учун ITPEC) ёки Япониядаги коллежни тамомлаш. 

Бундан ташқари, иш изловчилар япон тилини базавий даражада билишини тасдиқлаши керак, бироқ истиснолар ҳам бор – масалан, IT соҳасида «сеньорлар» ва юқори тоифадаги мутахассислар тилни билмаган ҳолда ҳам ишга олинади. Йирик компаниялар баъзан хорижий бўлимларга ёрдамчиларни тайинлайди, уларнинг вазифаси хорижий бўлимга маҳаллий ходимлар билан алоқа ўрнатишга ёрдам беришдир. Аммо, бунда ҳеч бўлмаганда инглиз тилини билиш керак. Шу билан бирга, япон тили кундалик ҳаёт учун ҳеч бўлмаганда бошланғич даражада зарур. 

Меҳнат визаси билан Японияга кўчиб ўтишнинг бутун жараёни қуйидагича:

  • тўлиқ иш куни бўйича иш берувчини қидириш;
  • ҳужжатлар тўпламини, шу жумладан Certificate of Eligibility мувофиқлик сертификатини тўплаш - кўп ҳолларда иш берувчи уни расмийлаштириш билан шуғулланади;
  • ҳужжатларни топшириш ва кутиш;
  • виза олиш;
  • кўчиш ва ишни бошлаш. 
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид