Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Politico: Украина ҳужуми муваффақиятсизликка учраса, АҚШ Киевга ҳарбий ёрдамни қисқартиради
АҚШнинг Украинага бўлажак ёрдами, шунингдек, президент Жо Байденнинг халқаро обрўси бевосита УҚК ҳужумининг муваффақиятига боғлиқ, деди Politico нашрига анонимлик шарти билан АҚШнинг юқори мартабали амалдорлари.
Нашр суҳбатдошлари, агар Украина ҳужуми етарли даражада муваффақиятли бўлмаса ёки умуман муваффақиятсизликка учраса, Украинага ҳарбий ва иқтисодий ёрдам қисқартирилади, можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириқлар тобора баландроқ янграйди, деб тахмин қилишди.
Хусусан, нашр манбалари парламент жорий транш тугаганидан кейин Украина учун қўшимча маблағ ажратишни қўллаб-қувватламаслиги мумкинлигини тан олди. Расмийлар, шунингдек, УҚК ҳужуми бошланишидаги ҳар қандай хатолик АҚШ Вакиллар палатасидаги кўпчилик республикачиларга Сенатда демократларнинг мудофаа харажатларини ошириш ташаббусига тўсиқ қўйиш имконини беришидан хавотирда.
Нашр, шунингдек, Вашингтонда Россия ҳудудига қилинган ҳужумлардан хавотир ортиб бораётганини қайд этади. Украина раҳбарияти ушбу зарбаларга алоқадорлигини тасдиқламаган бўлса-да, АҚШ расмийлари ҳамон Киев ёки украинапараст кучларни Кремлга дронлар ҳужуми, шунингдек, «ҳарбий мухбир» Владлен Татарский ва файласуф Александр Дугиннинг қизи Дария Дугинанинг ўлими учун масъул деб ҳисоблайдилар. Politico ёзишича, бундай воқеалар аллақачон АҚШдан дипломатик каналлар орқали бир қатор қаттиқ огоҳлантиришларга сабаб бўлган.