Жамият | 20:09 / 12.06.2023
25185
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева ўзбекистонлик ва афғонистонлик қизларга сертификат топширди 

Қизлар Термиз шаҳридаги IT оромгоҳида билим ва кўникмаларини оширишди. 

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

12 июнь куни Президент администрацияси ижро этувчи аппарати коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева Термиз шаҳридаги 13- ва 26-умумтаълим мактабларининг IT оромгоҳида таълим олган ўқувчи қизларга сертификат топширди. 

Саида Мирзиёева ўзининг Телеграм-каналида ушбу тадбир талабаларнинг муваффақияти ва салоҳиятини акс эттирувчи муҳим воқеа эканлигини ёзди. 

«Термиз шаҳридаги 13- ва 26-умумтаълим мактабларининг IT оромгоҳида таълим олган ўқувчи қизларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу мен учун жуда муҳим воқеа. 

Биринчидан, қизлар замонавий IT соҳасининг сир-асрорини эгаллаётганини кўриб, қалбим қувончга тўляпти. Бу IT оромгоҳи қизларнинг ўзига бўлган ишончини уйғотишда муҳим қадам бўлди. 

Иккинчидан, ёшлар учун янги имкониятлар очаётган бундай оромгоҳлар, тўгараклар, ўзига хос курслар мамлакатимиз президенти раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига мисолдир», деб ёзди у. 

Мирзиёева, шунингдек, иккала мактаб ўқувчилари орасида афғонистонлик қизлар борлиги, Ўзбекистон ўз мамлакатида қийинчиликларга дуч келган қизларнинг бир неча нафарига бўлса-да, орзусини рўёбга чиқаришга ёрдам бераётганидан фахрланишини таъкидлади. 

«Иккала мактаб ўқувчилари орасида афғонистонлик қизлар бўлиб, улар ҳам ихтисослаштирилган оромгоҳда таълим олишгани жуда муҳим. Қўшни мамлакатда таълим олмоқчи бўлган қиз-аёллар қандай қийинчиликларга дуч келишини ҳаммамиз яхши англаймиз. Мен Ўзбекистон уларнинг бир неча нафарига бўлса-да, орзусини рўёбга чиқаришга ёрдам бераётганидан фахрланаман. 

Бугун қўлига сертификат олган ҳар бир қиз ҳаётда юксак марраларни забт этишига, ўзини юқори малакали мутахассис сифатида намоён этишига умид қиламан ва ишонаман. Орзуларингиз рўёбга чиқсин, сингилларим!» деб ёзди у. 

Мавзуга оид