Ўзбекистон | 20:14 / 12.06.2023
12810
5 дақиқада ўқилади

Ислоҳотлар ортга қайтмаслиги учун, нима қилиш керак?

“Ўзбекистон энди ҳеч қачон ортга қайтмайди” – охирги йилларда расмийлар бу таъкидни тез-тез такрорлаб туришибди. Сўнгги воқеалар ва уларга бўлган муносабатдан келиб чиқиб айтиш керакки, сиёсий плюрализмга йўл бермай туриб, ортга қайтмасликни кафолатлаб бўлмайди.

2016 йилда Ўзбекистонда ҳокимият алмашгач, янги ҳокимият вакиллари бир фикрни тез-тез такрорлаб туради. Президент Мирзиёев, ҳар сафар муҳим чиқишлар қилганда, Ўзбекистон халқи ва давлатчилигига қараб: “Ўзбекистон энди ҳеч қачон ортга қайтмайди!”, “олдинги бошқарувга қайтмайди!” дейди.

Жамиятнинг маълум қатлами, бу баёнотни оддий сиёсий чиқиш деб қабул қилиши мумкин, лекин аслида, сиёсатчилар бирон бир позицияни кўп такрорлашса – демак, бу оддий эмас, мақсадли, онгли ва ўта муҳим вазифа ёки мақсад бўлади. Президент Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ортга, яъни қаттиқ авторитар бошқарувга қайтмайди” деган маънодаги позицияси – жуда муҳим сиёсий ва тарихий вазифа ҳисобланади.

Биринчидан, бу баёнот билан, 2016 йилга қадар ҳукм сурган сиёсий тизимга танқидий баҳо бериляпти. Ўша даврдаги хато ва камчиликлар тан олиняпти. Энг катта муаммо – давлатнинг табиати билан боғлиқ экани расмийлаштириляпти.

Иккинчидан, давлатга, давлат институтлари, мулозимлар ва умуман, кенг сиёсий синфга президент оғзидан муҳим сиёсий буюртма бериляпти: “Қанчалик қийин бўлмасин, Ўзбекистон диктатурага, қаттиқ авторитаризмга қайтмаслиги керак! Акс ҳолда, биз ўзимиз – барчамиз ютқазамиз!”

2016 йилга қадар Ўзбекистон ўз мисолида мисли кўрилмаган репрессив давлатчиликни намоён қилди. Дунё давлатлари орасида Ўзбекистоннинг глобал репутацияси ўта оғир бўлди. Минтақавий лидерлик уёқда турсин, қўшни давлатлар билан нормал муносабатлар ҳам тўлиқ издан чиққан эди.

Бугунга келиб, Ўзбекистондаги вазият ижтимоий фикрда яна зиддиятли деб кўрила бошлади – жамоатчилик назарида вазият салбийлашмоқда. Буни ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ва муносабатлардан яққол кўриш мумкин.

Ҳақиқатда, кейинги ойларда кўплаб воқеа-ҳодисалар бўлдики, жамоатчиликнинг ҳадиксираши учун асослар бор. Йил бошида бир қанча журналист ва блогерларга нисбатан сўроқлар уюштирилди, қамоқ чоралари қўлланди. Жамоатчилик, айниқса журналистлар Ўзбекистонда сўз эркинлигининг тақдирига хавотирлар билдирди.

Параллел равишда, Ўзбекистонда нашидлар муаммоси кузатилди. Диний мотивдаги қўшиқларни билиб-билмай эшитган кўплаб ёшларга нисбатан қамоқ жазолари қўлланди. Жамоатчилик, бамисоли бу қамоқларнинг асосида олдинги даврдаги каби, ноҳуқуқий, сиёсий мотивлар бормикин деган гумонлар билдирди.

Шунингдек, кейинги ойларда ички ишлар тизими томонидан гумонланиб қўлга олинган шахсларнинг сўроқлар даврида, қийноқлардан вафот этган ҳолатлари, анча кўпайди. Бир сафар, бу қийноқларни ИИВ тан олса, бошқа сафарлар гумонланувчининг ўзини айбдор қилиш ҳолатлари кузатилди. Лекин ҳар сафар ИИВнинг баёнотлари жамоатчиликни қониқтирмади, жамиятнинг давлат институтларига бўлган ишончсизлигини янада оширди.

Хўш, Ўзбекистонда нега давлат институтлари равон ва малакали ишлай олмаяпти? Ўзбекистон Конституциясига кўра, Ўзбекистон – ҳуқуқий, демократик давлат. Парламент, партиялар, ҳар хил турдаги нодавлат ташкилотлари, касаба уюшмалари, ватандошлик жамияти, суд ҳокимияти ва бошқа кўплаб давлат ва нодавлат институтлари нормал ишласа, бугунги кундагидек ишончсизлик ошиб бормас эди.

Нима учун баъзи давлатларда давлат институтлари нормал ишлайди, бошқа давлатларда – йўқ? Сабаби, демократик мақсадда ташкиллаштирилган давлат институтларининг ишлаши учун, демократиянинг муҳим шарти – сиёсий плюрализм ва реал сиёсий рақобат мавжуд бўлиши керак. Акс ҳолда, давлат марказлашган ва якка шахслашган бўлиб қолаверади.

Ўзбекистон Конституциясининг руҳиятига кўра, унда назарда тутилган институтларнинг бари – демократик фалсафага, тарихга, асосга ва механизмга эга институтлардир. Бу институтларнинг ишлаши учун эса, давлат ва жамият сиёсий плюрализмни тан олиши ва қабул қилиши керак бўлади.

Ҳалига қадар танқидга муносабат – совет маданияти даражасида қоляпти. Яқинда қийноқлар масаласи кўтарилганда, давлатнинг баъзи институтлари, ИИВни танқид қилмади. Сабаби, “танқид қилсак – давлатнинг обрўйини тўккан бўламиз” деган маданият жуда кучли. Аслида, тескариси. Ўзбекистоннинг ичкарисида, давлатнинг бир институтлари бошқаларини танқид қилса, ташқи дунё буни ҳақиқий демократия ифодаси, сиёсий эркинлик ва ҳурфикрлилик деб қабул қилади.

Президентнинг “Ўзбекистон ортга қайтмайди” деган позицияси, кейинги йилларда алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Чунки аксарият давлат мулозимлари ва институтлари “барқарорлик” сари ориентир олиб, ислоҳотларни иккинчи даражага туширганда, давлат стагнация ва сиёсий рецессияга учраши эҳтимоли, жиддий ошади. Бунинг оқибатлари қандай бўлишини Ўзбекистон ўзининг энг яқин тарихидан жуда яхши билади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Материалнинг бош лавҳа-суратини тайёрлашда Gazeta.uz сайтидан олинган суратдан фойдаланилди.

Мавзуга оид