1. Жорж Флойд, АҚШ

Фото: Getty Images

Пандемия авжига минган 2020 йилда АҚШда хунук воқеа рўй берди: оқ танли полициячи кўча ўртасида гумонланувчи қора танли фуқарони қўлга олаётиб, бўғиб ўлдириб қўйди. Шундоқ ҳам ирқчилик ўта оғир қилмиш сифатида қараладиган Америка жамияти ларзага келди: кенг миқёсли намойишлар айрим ўринларда талончилик, босқинчилик ва бошқа оммавий жиноятларга ҳам айланиб кетди.

Аслида марҳум Жорж Флойд шу пайтгача анча-мунча ҳунар кўрсатиб улгурганди, 2000-йилларда наркотик сақлашда айланиб қамалган, сўнгра ўғрилик сабаб 4 йил «ўтирган» эркак ниҳоят 2020 йил майида сохта пуллар беришда гумонланиб қўлга тушди.

Оқ танли полициячи Дерик Шовин эса Флойд ушланганда, уни нақ саккиз дақиқа оёғи билан бўйнидан босиб турди. Натижада Флойд ҳодиса жойида нобуд бўлди. Камерага муҳрланган жиноят шунчаки қолиб кетмади. Шундоқ ҳам пандемия сабаб сабр-косаси тўлган одамлар кўчаларга оқиб чиқа бошлади.

Натижада АҚШнинг юзлаб шаҳарларида комендантлик соати жорий этилди. Июн ойига келиб, намойишларда 19 киши турли сабабларга кўра ҳалок бўлди. Намойишлар баъзида талончиликка айланиб кетди, ҳатто меъморий ёдгорликлар ва ҳайкалларга ҳам талафот етказилди.

Флойд ўлимига сабаб бўлган полициячи нақ 22,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга «эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш» айби қўйилди. 2021 йил 20 июнда Нью-Йоркда Жорж Флойдга атаб катта ёдгорлик очилди.

2. Дэниел Прюд, АҚШ

Фото: WE THE PEOPLE/ GOFUNDME

Кўп ўтмасдан яна бир қора танли АҚШ фуқароси полиция қўлга олгандан сўнг вафот этди.  Дэниел Прюд 41 ёшда эди.

Маълумотларга кўра, Прюднинг бошига у полиция ходимларига тупурмаслиги ва тишлаб олмаслиги учун махсус тўр кийдирилади. Натижада эркак кислород етишмаслиги сабаб ҳушини йўқотади ва шифохонага олиб борилади.