Ўзбекистон | 14:42 / 13.06.2023
9609
2 дақиқада ўқилади

“Шаҳарлар бош режаларини тузишда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши керак” – президентликка номзод Абдушукур Хамзаев

Ўзбекистон президентлигига Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзод Абдушукур Ҳамзаев Навоий вилоятидаги сайловчилар билан учрашди.

Абдушукур Ҳамзаев

Абдушукур Ҳамзаев даставвал Навоий вилояти ҳақида гапириб, бу ҳудудда ўзбек, қорақалпоқ, рус, озарбойжон, тожик, татар ва бошқа кўплаб миллат вакиллари ўзаро аҳил ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётганини таъкидлади.

Учрашувда Абдушукур Хамзаев сайловолди дастурида мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолининг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ҳамда фаровон жамиятни барпо этиш каби таклифлар илгари сурилаётгани ҳақида сўз юритган.

Жумладан, президентликка номзод иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича Пестицидлардан фойдаланишни воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш мақсадида “Яшил виза” (“Green Visa”) дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналар фаолиятини белгиланган талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш тартибини киритиш, юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўл транспортларига ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб ўтган.

Шунингдек, ижтимоий соҳа бўйича давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши талабини қонунчиликда белгилаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш, мамлакатда полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотлари, бир марталик ишлатиладиган пластик идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 2 баробарга камайтиришга эришиш назарда тутилаётгани мақсад қилингани таъкидланган.

Мавзуга оид