Жаҳон | 23:15 / 13.06.2023
20689
2 дақиқада ўқилади

Украина қарши ҳужумда тезкор муваффақият қозонишига умид қилмаслик керак – НАТО

НАТО бош котиби Столтенберг Украина қарши ҳужумининг бошланишига баҳо берди. 

Фото: The New York Times

Украинанинг шарқи ва жанубида Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш мақсадида Қуролли Кучларнинг қарши ҳужуми муваффақиятнинг дастлабки белгиларини кўрсатди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг USA Today нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди. 

Унинг қайд этишича, Украина ҳарбийлари аста-секин «манзилларни эгаллаб», рус қўшинларини бир неча кичик шаҳар ва қишлоқлардан ҳайдаб чиқармоқда. Шу билан бирга, бош котиб Украина ҳарбийларининг тезкор ва муҳим муваффақиятларига умид қилмаслик кераклигини айтди. 

«Биз ҳужум қонли ва оғир бўлишига тайёр туришимиз керак. Россияликлар мудофаа истеҳкомлари қуришга улгурди - булар анча оғир мудофаа чизиқлари ва уларни ёриб ўтиш қийин иш», деб тушунтирди НАТО бош котиби. 

Столтенберг, шунингдек, Украина Қуролли кучларининг ҳужумини қарши олган Россия қўшинлари яхши қуролланмаган ва таъминланмагани ҳамда қўмондонлиги суст эканини таъкидлади. 

«Биз украиналикларда жасорат, ерларини озод қилиш... ва россияликларни сиқиб чиқаришда қатъият борлигини кўряпмиз», деб қўшимча қилди бош котиб.

Мавзуга оид