Жаҳон | 11:24 / 14.06.2023
6596
1 дақиқада ўқилади

ОАВ: ЕИ ва Лондон «Челси»ни сотишдан тушган 2,3 млрд фунт бўйича келиша олмаяпти

Лондон ва Брюссел ўртасида Роман Абрамович Англиянинг «Челси» футбол клубини сотиб юборганидан кейин олинган 2,3 миллиард фунт стерлинг (тахминан 2,8 миллиард доллар) бўйича келишмовчиликлар давом этмоқда, деб ёзади Telegraph газетаси. 

Фото: Getty Images

Буюк Британия ва Европа Иттифоқи бу маблағларнинг келажакда қандай ишлатилиши борасида турлича қарашларга эга. Газетанинг ёзишича, Европа Иттифоқи Украина иқтисодиётини узоқ муддатли тиклаш учун пул жўнатишни тўғри деб ҳисоблайди. Британия ҳукумати улар можародан жабр кўрган одамларга ёрдам беришга сарфланиши керак, деган фикрда. 

«Челси»нинг собиқ хўжайини Абрамович, нашр эслатишича, Британия расмийлари билан клубни сотишдан тушган пул «Украинадаги барча можаро қурбонларига» ёрдам бериш учун сарфланиши бўйича келишиб олган.

Аввалроқ Буюк Британия расмийлари россиялик тадбиркор Роман Абрамович томонидан «Челси» футбол клубини сотишдан тушган 2,3 миллиард фунт стерлингни Украинага беришга яқин тургани хабар қилинганди. 

Маблағлар жабрланган украиналикларни қўллаб-қувватлаш учун янги ташкил этилган жамғармага йўналтирилиши режалаштирилган. Бу замонавий тарихдаги можаро қурбонларига қилинган энг катта хайриялардан бири бўлади. 

Мавзуга оид