Туркумнинг бу галги сонида мамлакат қишлоқ хўжалиги, Ўзбекистон юритаётган ташқи сиёсат ва жамиятни бирлаштирувчи халқчил ғоялар зарурати ҳақида сўз борди.

Интервью меҳмонлари – қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, ёзувчи Назар Эшонқул ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Ўтган 32 йил давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги қандай ўзгаришларни бошдан кечирди ва ўзгаришлар қандай стратегия асосига бўлди? Нега бугунги кунгача Ўзбекистонда ер ҳақиқий эгасини топгани йўқ, соҳани саноатлаштириш нега кечикяпти-ю, нега имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти?

Усмон Норқулов:

— Мустақилликдан кейин қишлоқ хўжалиги бошқача шаклда ривожлана бошлади. Собиқ иттифоқ даврида буткул бошқа бир кўринишда эди ва асосий йўналиш пахта етиштириш эди. Мустақилликдан сўнг бу жараёнларни тўхтатишга тўғри келди. Чунки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш жуда кам эди, тупроқ унумдорлиги туша бошлаганди. У даврда фақат пахта экилди, ҳаддан ташқари кўп ўғит берилди, алмашлаб экиш издан чиқди. Айни инқироз пайтида мустақиллик бўлди. 1994-95-йилларгача ҳам ўша эски тизимдан фойдаландик. 1997 йилдан фермер хўжалигига ўта бошлади, 1998 йилдан фермер ва деҳқон хўжаликлари тўғрисида қонун ишлаб чиқила бошлади. Эски тизимдан янгисига ўтиш кўп вақт талаб қилди. Ҳукуматда ҳам, олимларда ҳам тажриба йўқ эди бу борада. Қай тартибда бўлиб, қандай ташкил этиш масалалари бор эди. Дастлаб танлов асосида берилди ерлар, яъни билими, тажрибаси ва техник имкониятлари инобатга олинган.

Усмон Норқулов

2008 йилдан бошлаб фермерларнинг ери кенгая бошлади, чунки кичик-кичик ерлар қатор муаммоларни келтириб чиқарди (сув, техника, ишчи кучидан фойдаланиш). Биздаги суғориш тизимлари шундайки, уларни бўлиб ташлаб бўлмайди.

2014-15-йиллардан бошлаб фермер хўжаликларини кўп тармоқлилаштириш бошланди. Олдин ихтисослаштирилган эди. Бу вақтдан бошлаб эса қайта ишлаш, қўшимча даромад берувчи ёндош соҳани ривожлантириш каби масалалар қўйилди. Шунинг натижасида ҳозир кўп фермер хўжаликлар кўп тармоқли.

Фермерларнинг ерлари кенгайтирилди. Бундан ташқари кичик ер эгалари бўлган деҳқон хўжаликлари пайдо бўлди. Шахсий томорқалар ҳам кўпайди. Томорқаси бўлган аҳоли ўзини озиқ-овқат билан таъминлаши ҳам муаммога бир қадар ечим эди.