Жамият | 22:34 / 19.06.2023
31404
3 дақиқада ўқилади

“Бир шўнғишда ертўлага тушиб кетдик” – қулаган лифтда бўлган аёл

Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уйнинг қулаган лифтида бўлганларнинг айримлари ҳамон шифохонада. Шифокорга кўра, баъзи беморларда қўл ва оёқ суякларининг ёпиқ синиши кузатилган. Kun.uz мухбири шифохонада бўлиб, ҳодиса оқибатида жароҳат олган фуқаролар билан суҳбатлашди.

18 июн куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги 16 қаватли уйда пастга тушаётган лифтнинг “троси” узилиб, тезлашиб кетиши оқибатида 11 киши жароҳат олди. Уларнинг айримлари ҳамон шифохонада даволанмоқда. Kun.uz мухбири улар билан суҳбатлашди.

Лифтга 9-қаватдан беш киши кирган экан. Кейин биз 16-қаватга чақирдик ва икки набирам билан биргаликда яна 4 киши миндик. Бирдан қасур-қусур бошланиб, чанг-тўзон кўтарилиб кетди. Ҳамма бақириб, ўзи билан ўзи бўлиб қолди: бир шўнғишда ертўлага тушиб кетдик. Умуман тўхтамади.

Набирамни қучоқлаб олдим. Ерга урилган пайти оёғим синди. Ўғлимга ҳеч нарса бўлмабди, ичкарида эди. Ҳаракат қилиб лифт эшигини озгина очди ва ҳаво кирди. Кейин ташқаридан одамлар келиб, ёрдамлашди. Пастга тушиб кетгач ҳам 40-50 минут қолиб кетдик лифт ичида. Ҳамма нима бўлганини билмай, хушсиз ҳолатга тушиб қолди. Ҳатто хотирам кетиб қолди, шифохонага келганимизда исмимни эслолмадим. Икки ёшли набирамнинг тиши синди, етти ёшлисининг кўзи кўкарибди.

Олдин ҳам бир-ярим чиқардик у лифтга, негадир тез тушиб-тез чиқарди. Ҳа бу лифт шунақа тез экан-да, деб ўйлардик. Аслида носоз экан у. Лифтчиларга ҳам, қурувчиларга ҳам даъвом бор, қариган пайтимда бундай чўлоқ бўлиб қолишим жуда қийин”, дейди лифт ичида бўлган Марям Шомардонова.

Лифтда бўлиб, жароҳат олганларнинг яна бири фуқаро Ширин Мамадиёрова. У жиянининг уйига меҳмондорчиликка борган ва қайтишда 9-қаватдан лифтга минган.

Биз лифтга мингач 16-қаватга чақирув бўлди ва у ердан икки боласи билан 4 киши чиқди. Лифт юргач, икки қаватдан кейин тезлашиб кетди ва ерга бориб зарб билан урилди. Қўрқиб қолдим, ўтирмоқчи эдим, бир оёғим ўзимга бўйсунмади. Шок ҳолатига тушиб қолдик. Атроф бақир-чақир бўлиб кетди. Эркаклар эшикни очишга ҳаракат қилди. Ташқаридан ҳам йигитлар ёрдамга келишди. Лифт эшикларини амаллаб очиб, бизни ташқарига чиқаришди”, дея таъкидлайди Ширин Мамадиёрова.

Шифокор Анвар Исмоиловга кўра, шифохонага 8 нафар бемор мурожаат қилган. Уларнинг айримларида қўл ва оёқ суякларининг ёпиқ синиши кузатилган. Ҳозирда беморларнинг аҳволи қониқарли.

Kun.uz мухбири воқеа содир бўлган тундаёқ ҳодиса жойида бўлиб, гувоҳлар билан суҳбатлашганди. Кўп ўтмай лифти қулаб тушган 16 қаватли турар жой мажмуасини “LAND HOUSE” МЧЖ қургани, бир ой олдин фойдаланишга топширилган “дом”нинг аҳоли учун ажратилган 2 та лифти носоз ҳолда бўлгани, лифтлар эса Туркияда ишлаб чиқарилгани маълум қилинди.

Мавзуга оид