Ўзбекистон | 11:47 / 19.06.2023
10205
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида иссиқ бироз пасайиши кутиляпти

Ўзбекистон бўйича 19-23 июнь кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: KUN.UZ

Дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича жуда иссиқ об-ҳаво кузатилди. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +39...+41 даражага, жанубда баъзи жойларда +43...+45 даражага етди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун кундузи республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти чўл ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бугун ҳаво ҳарорати +36...+41 даража, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда +42...+45 даража атрофида бўлади.

Кавказ ҳудудларидан нисбатан бироз салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига эртанги кундан иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати иш ҳафтаси охиригача +33...+38 даража атрофида бўлади. Республика энг чекка жанубида иссиқ ҳаво массаси таъсири сақланиб туради. Ҳарорат асосан +39...+41 даража, Сурхондарё вилоятида ҳафта ўртасига бориб, баъзи жойларда +42...+44 даражагача бўлади.

20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Ҳафта биринчи ярмида об–ҳавонинг беқарорлиги республика тоғолди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради – баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади. Бугун кун иккинчи ярмида ва эртага баъзи жойларда кучли ёмғир ёғади, дўл ёғиши эҳтимолдан холи эмас.

Бугун ва эртага республика бўйича баъзи жойларда, 23 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда шамол кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечаси ва эрталаб 20 июнда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқий йўналишда эсади, фақат бугун кун иккинчи ярмида шамол тезлиги 12-17 м/с гача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 19 июнда +38...+40 даража, кейинчалик иш ҳафтаси охиригача +35...+37 даража бўлади.

Мавзуга оид