Жаҳон | 11:09 / 19.06.2023
4033
2 дақиқада ўқилади

Покистонда Грецияда ҳалок бўлган муҳожирлар иши бўйича гумонланувчилар ҳибсга олинди

ОАВ хабарларига кўра, Покистонда Греция қирғоқларида муҳожирлар бўлган кема ҳалокатга учрашига алоқадорлик айби билан ўн киши тергов қилинмоқда.

Фото: Picture Alliance

Покистон ҳукумати Греция қирғоқларида чўкиб кетган ўнлаб муҳожирларнинг аксарияти Покистондан экани маълум бўлгач, одам савдоси билан шуғулланган 10 нафар шахсни ҳибсга олди. Бу ҳақда 18 июнь, якшанба куни маҳаллий расмийларга таяниб, ОАВ хабар берди.

Уларга кўра, қурбонларнинг аксарияти яшаган Кашмирнинг Покистондаги қисмида тўққиз киши ҳибсга олинган. Яна бири Гужрат шаҳрида ушланган, у, AFP агентлигига кўра, узоқ вақтдан бери муҳожирларни ташиш учун махсус жой вазифасини ўтаган. «Ҳозирда улар бутун жараёнга ёрдам беришда иштирок этганликлари учун тергов қилинмоқда», деди расмийлардан бири. 

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Грециянинг Пелопоннес яримороли яқинида муҳожирларни олиб кетаётганда ҳалокатга учраган балиқчи кемада 300 нафарга яқин покистонлик бўлган. Халқаро миграция ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қўшма баёнотида айтилишича, бортда жами 400 дан 750 нафаргача одам бўлган. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги шанба куни 12 Покистон фуқароси омон қолганини айтди, бироқ идора қайиқда қанча одам бўлгани ҳақида маълумотга эга эмас. 

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф 19 июнни Ўрта Ер денгизида ҳалок бўлган муҳожирлар хотираси учун миллий мотам куни деб эълон қилди. Шунингдек, у контрабандачиларнинг «қаттиқ жазоланиши»ни айтиб, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхтатишни буюрди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид