Ўзбекистон | 08:10 / 20.06.2023
11956
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди

Фото: Kun.uz

My.gov.uz орқали абитуриентларни (2023/2024 ўқув йили учун) олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига шахсий ташрифсиз, қоғоз ҳужжатлар ва навбатларсиз онлайн рўйхатга олиш бошланди.

Ушбу жараёнда талабгор телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларини киритса, шунингдек, имтиёзи мавжудлар уларни текшириб, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификати борлар бу ҳақдаги маълумотларни юкласа кифоя.

Таълим йўналишини янги ўқув йили учун қабул параметрларининг таълим тиллари бўйича тақсимоти тасдиқланганидан сўнггина танлаш мумкин бўлади.

Тест синовларида иштирок этиш учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи (165 000 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Қуйидаги тоифага кирувчи абитуриентлар тўловдан озод этилади:

  • тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилида таълим муассасаларини битирганлар;
  • I, II ва III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар;
  • тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар.

Рўйхатга олиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этишини ҳисобга олиб, абитуриентлар охирги кунгача ўз маълумотларини ўзгартириши, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификат олганлар улар ҳақидаги маълумотларини келтириши мумкин бўлади.

Мавзуга оид