16:00 / 30.05.2024
22994

Хоразмда “шикоятчи фуқаролар” рўйхати тузилди. Бундай таъқиб учун жавобгарлик бор

Рўйхатга “ариза ташкиллаштиришни одат қилиб олган”лик айби билан вилоятнинг 5 та ҳудуди кесимида 44 нафар фуқаро киритилган. Уларнинг айримлари шунчаки мурожаатлар сонини ошириб, миннатдорчилик билдиргани учун “қора рўйхат”дан жой олганини кўриш мумкин. Ўзбекистонда мурожаат қилганлик учун шахсни таъқиб қилиш мавжуд қонунчиликка зид ҳисобланади. 

Фото: Kun.uz

Хоразмда “шикоятчи фуқаролар рўйхати” тузилди. Урганч ва Хива шаҳарлари, Қўшкўпир, Хива ҳамда Янгиариқ туманлари кесимида тузилган рўйхатдан 44 нафар фуқаро жой олган.

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаронинг таъкидлашича, мазкур рўйхатни қайси ташкилот тузгани маълум эмас. Фуқаролар ушбу рўйхатни вилоятда сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда кўриб қолган.

Рўйхатда “Хоразм вилоятида ариза ёзишни ташкил этадиганлар, норози кайфиятни кучайтиришга ҳаракат қиладиганлар, ариза ташкиллаштиришни одат қилиб олган 44 нафар фуқаро” ҳақида маълумотлар келтирилган. Жумладан, рўйхатда вилоятнинг Қўшкўпир туманида бундай фуқаролар сони 4 нафар экани кўринади.

Масалан, фуқаро Муҳаммад Нуримов “ўзи билан боғлиқ бўлмаса-да, ўз манфаати йўлида яшаш ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий ва маиший муаммоларни интернет орқали кўтариб чиқиш” айби билан рўйхатдан жой олган. Яна бир фуқаро Холбек Нуржонов эса шунчаки кўп миннатдорчилик билдиргани сабабли рўйхатга киритилган.

Мазкур рўйхат қайси ташкилот томонидан нима мақсадда тузилгани ёки қаерга тақдим этилгани аниқ эмас.

Бу қонунга зид

“Шикоятчи фуқаролар рўйхати”ни тузиш ҳамда шахсни масъул идораларга қилган мурожаати туфайли таъқиб қилиш мавжуд қонунчиликка зид ҳисобланади.

Жумладан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига кўра, жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этгани, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдиргани ва танқид қилгани муносабати билан таъқиб қилиш ман этилади.

Жиноят кодексининг 144-моддаси 2-қисмида жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилгани муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек, бошқача шаклда танқид қилгани учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этишга жавобгарлик белгиланган. Бундай қилмиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Top