Миллиардерлар ҳаёти учун энг қиммат шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
Швейцариянинг Julius Baer хусусий банки миллиардерлар ҳаёти учун дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рейтингини тузди. Унда илк маротаба Сингапур биринчи ўринни эгаллади.
Julius Baer банки томонидан тузилган бойлар ҳаёти учун дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рўйхатида (.pdf) илк бор Сингапур биринчи ўринни эгаллади. Шаҳар-давлат мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган Шанхай ва Ҳонконгни ортда қолдирди.
Рейтингни тузишда дунёнинг 25 шаҳрида даромади 1 миллион доллар ва ундан кўп бўлган одамлар учун яшаш нархи ўрганиб чиқилди. Шаҳарлар 12 та товар ва саккизта хизматдан иборат саватчанинг нархлари йиғиндиси бўйича тартибланган. Бунга, жумладан, ҳашаматли кўчмас мулк, Porsche Taycan электромобили, учта Michelin юлдузли ресторанда кечки овқат, 2018 йилги ҳосилдан тайёрланган Château Lafite Rothschild шароби, шунингдек, аёллар сумкаси ва пойабзали, эркаклар костюми, қимматбаҳо соатлар, юридик хизмат тўловлари, фарзандларни MBA даражасига ўқитиш, кўриш қобилиятини лазер билан тўғрилаш ва бошқалар киради.
Сингапур пандемиядан кейин бадавлат одамларни ўзига тортди (шаҳар-давлатдаги оилавий офислар сони бир йилда икки баравар кўпайди ва 1500 тага етди), бу эса нархларда ўз аксини топди.
«Юқори турмуш даражаси ва маҳаллий инфратузилмага талаб ортиб бораётгани бу ерда ҳаёт арзон эмаслигини англатади. Турар-жой кўчмас мулкига талаб жуда юқори ва солиққа тортиладиган автомобиллар ва асосий тиббий суғурта жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан мос равишда 133 ва 109 фоизга қимматроқ», дейилади тадқиқотда.
Юқори ўнталикдан Монако, Дубай (БАА), Тайбэй (Тайван), Сан-Паулу (Бразилия) ва Майами (АҚШ) ҳам жой олди. Дубай еттинчи ўринни эгаллаган ҳолда дунёдаги энг қиммат шаҳарлар ўнталигига илк маротаба кирди.
Тадқиқотга кўра, турли «буҳронлар», шу жумладан Украинадаги можарога қарамай, дунёда саёҳат ва кўнгилочар тадбирларга талаб ортиб бормоқда.
«Кўпчилик ҳали ҳам пандемиядан кейинги базм кайфиятида», деди бу ҳақда Марк Мэтюс, Julius Baer тадқиқотчиси.
Мавзуга оид
15:44 / 06.12.2024
БААда яна 9 ўзбекистонлик ушланди. Улар билан 11 кундан буён ҳеч ким кўриша олмаяпти
22:30 / 05.12.2024
Дубайда «ниндзя» эможисини юборган ирландиялик эркак бир неча йилга қамалиши мумкин
22:46 / 28.11.2024
Дубайда сузиб юрувчи полиция участкаси иш бошлайди
01:49 / 26.11.2024