Кўп давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ўнг томонлама ҳаракат қоидаси амал қилади. Бунда автотранспортлар йўлнинг ўнг томонидан ҳаракатланади, ҳайдовчи ўриндиғи эса автомобилларнинг чап томонида жойлашади. Дунёнинг катта қисмида ўнг томон қоидаси амал қилади. Маълумотларга кўра, бундай давлатларнинг улуши 66 фоизни ташкил этади.

34 фоиз улуш эса “чапақай”ларга тўғри келади. Улар орасида Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Буюк Британия каби йирик давлатлар ҳам бор. Шунингдек, жаҳондаги йўлларнинг 72 фоизи ўнг томонли, 28 фоизи эса чап томонли йўллардир.

Тарих

Жаҳон аҳолиси ичида чапақайлар унча катта гуруҳни ташкил қилмайди. Лекин шунга қарамасдан чап томонлама ҳаракат тарихи узоқ асрларга бориб тақалади.

Тарихий фактларга кўра, ушбу тарздаги ҳаракат Қадимги Римда ҳам аниқланган. Жумладан, милоддан аввалги 50 йилларда зарб этилган тангада акс этган чавандоз тасвиридан буни билиб олиш мумкин. Унда чавандоз от минган ҳолда йўлнинг чап тарафида тургани акс этган.

Замонавий чап йўл ҳаракатининг асосий ташаббускори Буюк Британия саналади. Шу сабабдан мазкур қоида Британиянинг собиқ мустамлакалари орасида кенг тарқалган. Тарихчиларга кўра, Британияга мазкур одатни Рим империяси мерос қилиб қолдирган.

1756 йилда Лондон кўпригида чап томонлама ҳаракатланиш борасида билл (ҳужжат) қабул қилинди, аср охирида эса “Йўл акти” қабул қилинди. Натижада бутун Англия бўйлаб чап қўл қоидаси амал қила бошлади.

Инглизлар чап томонлама ҳаракатга бир қанча сабабни келтиришди, уларга кўра, бундай ҳаракатда тананинг фаол қисми, яъни ўнг томон кўпроқ ишлатилади, ҳайдовчи ўзининг кучлироқ бўлган қўлидан кўп фойдаланади.

1969 йил британиялик инженер Жон Жозеф Лимингга кўра, чап томонлама ҳаракатда ўнгга қараганда камроқ йўл-транспорт ҳодисалари кузатилган.

Нега кўпчилик ўнг томонлама ҳаракатланади?

Агар чап томонлама ҳаракат хавфсизроқ бўлса, нега кўпчилик ўнг томонни қоида тариқасида қабул қилган деган савол туғилади. Бу машҳур саркарда Наполеон даврига бориб тақалади.

Маълумки, Наполеон инглиз давлатини хушламаган ва ўзининг ашаддий рақибларидан дея билган. Шу сабабдан француз ҳукмдори мамлакатда ўнг томонлама ҳаракатни қоида қилиб қўяди. Бу Германия Швейцария, Италия, Польша ва Испанияда ҳам тарқалади.