19:39 / 21.06.2023
19009

Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга газ етказиб бериш ҳажмини кескин камайтирди

Хитойга етказилаётган ўзбек гази қиймат кўрсаткичида 60 фоизга камайди. 

Фото: Кирилл Кухмарь / ТАСС

2023 йил январь-май ойларида Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойга табиий газ етказиб бериш ҳажмини қиймат жиҳатидан сезиларли даражада қисқартирди. Бу ҳақда Хитой Бош божхона бошқармасига таяниб ТАСС хабар берди. 

Ўзбек газининг экспорти 60,71 фоизга камайиб, 118,63 миллион долларни, қозоқ гази экспорти эса 25,4 фоизга камайиб, 300,13 миллион долларни ташкил қилган. Газ таъминотининг физик ҳажми кўрсатилмаган. 

Шу билан бирга, Туркманистондан газ экспорти қарийб 13,5 фоизга ошиб, 4,25 миллиард долларни ташкил этган. Натижада, бу мамлакат Хитойга газ етказиб берувчилар орасида биринчи ўринга кўтарилган. Иккинчи ўринда Хитойга 2,81 миллиард долларлик газ етказган Россия жойлашган бўлиб, йиллик ўсиш 2,12 баробар кўп. 

Учинчи ўриндаги Мьянма газ таъминоти ҳажмини 23,1 фоизга ошириб, 630,53 миллион долларга етказган. Ундан кейинги ўринларда Қозоғистон ва Ўзбекистон бормоқда. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ички бозорда талаб ортиб бораётганлиги сабабли хорижга табиий газ сотишни жиддий қисқартирди. 2020 йилда Россияга экспорт бутунлай тўхтатилди ва Хитойга етказиб бериш ҳажми уч бараварга қисқарди. Бир йил аввал Россия 6,8 миллиард куб метр ўзбек газини сотиб олган ва харид қилиш бўйича (5,1 миллиард) Хитойдан ўзиб кетган эди. 

Ҳозир Ўзбекистон газ импортини оширмоқда. Хусусан, 16 июнь куни Россиянинг «Газпром» компанияси билан йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзоланди.

Top