Жаҳон | 22:43 / 22.06.2023
23443
2 дақиқада ўқилади

«Титан» сувости кемасини қидириш зонасида номаълум бўлаклар топилди 

Мутахассислар ушбу бўлаклар қандай кемага тегишли эканини аниқламоқда.

Фото: Anadolu Agency/Getty Images

Ғарқ бўлган «Титаник» кемаси томон йўл олган «Титан» сувости кемасини қидириш зонасида қандайдир бўлаклар топилди. Бу ҳақда АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати хабар берди. Ҳозирча бўлакларнинг қандай кемага тегишли экани маълум эмас. 

Sky News хабарига кўра, бўлакларни Франциянинг денгиз чуқурлик роботи Victor 6000 топган. Ҳозирда мутахассислар бўлакларни ўрганмоқда. 

«Титан» сувости кемаси 19 июнь куни Атлантика океанида 3,8 километр чуқурликда ётган «Титаник» кемаси қолдиқлари томон шўнғишни бошланганидан 1 соат 45 дақиқа ўтиб ғойиб бўлди. сувости кемаси бортида беш киши, жумладан британиялик миллиардер Ҳэмиш Ҳардинг бўлган. Улар «Титаник» томон саёҳат қилиш учун 250 минг долларга чипта сотиб олган. 

сувости кемасини қидиришда АҚШ ва Канада қирғоқ хизматлари, шунингдек, хусусий кемалар иштирок этмоқда. NBC News маълумотларига кўра, «Титан»даги кислород захираси 96 соатга етади холос. АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати ҳисоб-китобига кўра, кислород захираси 22 июнь куни Шарқий қирғоқ вақти билан соат 7:10 да (Тошкент вақти билан 16:10) да тугаши мумкин. 

Аввалроқ, АҚШ Қирғоқ қўриқлаш хизмати океан тубидан қандайдир товушлар чиқаётгани, бу сувости кемасидагиларнинг сигнали бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди. Бироқ, кейинчалик, бу океанга хос табиий шовқин экани айтилди.

Мавзуга оид