Замонавий ҳарбий-денгиз кучларида сувости кемалари стратегик устунликни таъминловчи энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Сўнгги авлод атом ва дизел-электр сувости кемалари юқори махфийлик, кучли қуролланиш ва узоқ автоном хизмат қилиш имконияти билан ажралиб туради.

1. «Ясень-М» (Россия)

«Ясень-М» лойиҳаси дунёдаги энг кучли кўп мақсадли атом сувости кемаларидан бири сифатида баҳоланади. У «Калибр» қанотли ракеталари, «Оникс» кемага қарши ракеталари ҳамда гипертовушли «Циркон» ракеталари билан жиҳозланган.

Аввалги русумларга нисбатан бу кема шовқин даражасини сезиларли камайтириш ва нишонларни аниқлаш тизимларини такомиллаштириш ҳисобига янада самарали бўлган. Мутахассислар уни Россия ҳарбий-денгиз флотининг энг хавфли зарба платформаларидан бири деб баҳолайди.

2. Virginia Block V (АҚШ)

Кўплаб ҳарбий таҳлилчилар Virginia Block V лойиҳасини замонавий кўп мақсадли атом сувости кемалари учун эталон деб ҳисоблайди.

Кеманинг асосий устунликлари орасида жуда паст акустик кўриниш, замонавий гидроакустик тизимлар, юқори универсаллик ҳамда разведка ва махсус операцияларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари бор.

Сўнгги модификацияларда қўшимча Virginia Payload Module ўрнатилган бўлиб, бу қанотли ракеталар захирасини сезиларли оширган. Қуролланиши таркибига Tomahawk қанотли ракеталари ва Mk 48 оғир торпедалари киради.

3. Suffren (Barracuda) синфи (Франция)

Франциянинг Suffren ёки Barracuda синфидаги сувости кемалари разведка, душман сувости кемаларига қарши кураш, қирғоқдаги нишонларга зарба бериш ҳамда махсус кучларни етказиб бериш вазифалари учун мўлжалланган.

Улар компакт атом реактори, шовқинни пасайтириш технологиялари, замонавий қанотли ракеталар ва оғир торпедалар билан жиҳозланган. Лойиҳада махфийлик ва махсус операцияларда иштирок этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган.