Жаҳон | 11:45 / 23.06.2023
8423
3 дақиқада ўқилади

Парижда янги глобал молиявий пакт бўйича саммит очилди

Саммит иштирокчилари иқлим ўзгариши айниқса таъсир кўрсатаётган саноатлашган давлатлар ва глобал жанубдаги мамлакатлар ўртасидаги тафовутни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни мақсад қилган.

Фото: AFP

22 июнь, пайшанба куни Парижда янги глобал молиявий пакт бўйича икки кунлик вакиллик саммити ўз ишини бошлади. Иқлимни муҳофаза қилиш ва қашшоқликка қарши кураш масалаларини бир вақтда муҳокама қилишга мўлжалланган форум ишида 100 га яқин давлат, тараққиёт банклари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон ташаббуси билан ташкил этилган учрашув Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ), давлат ва хусусий фондлар иштирокида янада бирдамроқ молиявий тизим яратиш бўйича маслаҳатлашувларга бағишланган. «Ҳеч бир давлат қашшоқликни камайтириш ёки сайёрани ҳимоя қилиш ўртасида танлов қилмаслиги керак», деди у саммит очилишида.

13 давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Германия канцлери Олаф Шолц, АҚШ президенти Жо Байден, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак қўшма мурожаатида сайёрамиз аҳолиси фаровонлигини ошириш тарафдори эканини таъкидлади. «Биз ҳеч кимни ортда қолдирмайдиган экологик ўзгаришлар қашшоқликка қарши кураш, барқарор ва инклюзив ривожланишни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиши мумкинлигига аминмиз», — дейилади ҳужжатда. Қашшоқликка ва иқлим ўзгаришига қарши кураш инновацион молиялаштириш, қарзларни қайтариб олиш ва глобаллашувдан энг кўп фойда кўрган тармоқларни жалб қилишни талаб этади. «Ривожланаётган мамлакатлар қийинчиликларини енгиллаштириш ва глобал мақсадларимизга эришиш йўлидаги ҳамкорлигимиз асосини ҳамжиҳатлик ва қўшма ҳаракатлар ташкил этади», - дейилади Le Monde газетаси эълон қилган баёнотда.

Саммит якунлари бўйича мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиниши кутилмаяпти. Иштирокчилар иқлим ўзгариши айниқса таъсир кўрсатадиган глобал жанубдаги саноатлашган давлатлар ва мамлакатлар ўртасидаги ўсиб бораётган тафовутни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишни мақсад қилган. 

Иқлим фаоли Грета Тунберг Франция ҳукуматини саммит арафасида Les Soulèvements de la Terre экологик ташкилотини тақиқлагани учун танқид қилди. «Биз ёнғинга қарши курашиш ўрнига жуда баланд овозда ёнғин сигналини жазолаяпмиз», деди швециялик иқлим ҳимоячиси ва Франциядаги атроф-муҳит фаоллари репрессия нишонига айланганига ишора қилди. Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бошланганидан кейин Париж Les Soulèvements de la Terre’ни тақиқлади. 

Мавзуга оид