Блинкеннинг ташрифига Хитойнинг дипломатик ютуқлари сабабми? Сиёсатшунослар билан суҳбат
18 июн куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга бориб, Хитой амалдорлари, хусусан ХХР раиси Си Жинпинг билан учрашди. Ўзаро совуқ муносабатдаги икки гигант давлат амалдорлари ўртасида бундай даражадаги учрашув анча вақтдан бери бўлмаган эди. Kun.uz мухбири АҚШ–Хитой муносабатлари мавзусида сиёсатшунослар Хайрулла Умаров ва Камолиддин Раббимовни интервюга таклиф қилди.
— АҚШнинг юқори мартабали амалдори 5 йилда илк марта Хитойга борди. Ташрифнинг асосий мақсади нима эди?
Хайрулла Умаров: Бир қанча сабабларни кўрсатиш мумкин. 2019 йилда тарқала бошлаган коронавирус масаласида икки томон бир-бирини айблаган эди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги иқтисодий масалаларнинг ортиб бориши, Осиё Тинч океани минтақасидаги мунозарали ороллар, Хитойнинг Яқин Шарқ минтақасидаги дипломатик ютуқлари, Фаластин–Исроил можаросига Хитойнинг муносабати ва Украина уруши билан боғлиқ масалалар. Яъни Блинкеннинг ташрифида муҳокама қилинадиган мавзулар йиғилиб қолганди.
Блинкен аслида феврал ойида Пекинга келиши кутилаётган эди, бироқ ўша вақтда Хитойнинг ҳаво шари АҚШ ҳудудида пайдо бўлгани янги тарангликни келтириб чиқарганди. АҚШ буни жосуслик шари деса, Хитой аксинча космик мақсадларда фойдаланишини маълум қилганди.
Камолиддин Раббимов: Учрашувда албатта Россия-Украина уруши ва Тайван масаласи ҳам муҳокама қилинган. АҚШ ҳам, Хитой ҳам буни ҳар хил кўринишда билдирди. Яъни Қўшма Штатлар Украина-Россия уруши жараёнида ХХР Москвага қурол етказиб бермаслигини сўраб келади. АҚШ бу борада Хитойнинг қурол етказиб бергани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. АҚШ ва Хитой ҳозирда дунёнинг икки қудратли давлати ва уларнинг ўзаро иқтисодий боғлиқлиги ниҳоятда юқори даражада. Лекин АҚШ сўнгги йилларда Россияни душман давлат деб белгиласа, Хитойни асосий рақиб давлат сифатида кўрсатади.
— АҚШдаги элита ва сиёсатшуносларнинг Хитойга муносабати ўзгармоқдами?
Хайрулла Умаров: АҚШнинг ташқи сиёсати тизимли равишда ишлайди, ҳокимиятга демократлар келса ҳам, республикачи келса ҳам, Россия ва Хитой рақиб бўлиб қолаверади. Шунингдек, АҚШнинг ҳарбий самолётлари Хитой чегаралари атрофида айланиб юриши бевосита ҳарбий разведка мақсадида айланиб юради ва бу ҳам Хитойнинг АҚШга нисбатан шаклланадиган сиёсатига таъсир ўтказади.
Камолиддин Раббимов: АҚШдаги элита ва сиёсатшуносларнинг Хитойга муносабати ўзгаргани йўқ ва ўзгармайди ҳам. XXI асрнинг энг асосий масаласи – АҚШ ва Хитой ўртасида муқаррар бўладиган тўқнашувда ким ғалаба қозонади деган савол. Ўйлайманки яқин ўн йилликлар ўртасида мазкур икки давлат ўртасида тўғридан тўғри ёки гибрид тўқнашув албатта юз беради.
— Хитой-АҚШ муносабатларига Россия-Украина уруши, Яқин Шарқдаги вазият қандай таъсир этиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида сифат жиҳатдан янги бир рақобат бошланган. Феврал ойида Блинкеннинг Пекинга сафари қолдирилди ва Хитой Яқин Шарқда бир қанча дипломатик ташаббусларга эришди.
Хусусан, Эрон ва Саудияни яраштириши, араб ҳамжамиятини кўпроқ ўз томонига оғдириши, Сианда Марказий Осиё ва Хитой раҳбарларининг илк форуми ўтказилиши, Ҳондурас давлати Тайван билан дипломатик алоқаларни узиб ўз элчихонасини Пекинга кўчирганини айтишимиз мумкин. Шунингдек, Фаластин раҳбари Пекинга борди ва бир қанча фойдали таклифларни қабул қилди. Бу баёнотлар эса Исроилни қўрқитади ва Америка томонига отилган тошдир.
АҚШ томонидан эса уйғурлар масаласи кўтариляпти ва Хитой бунга жавобан мусулмон дунёси учун рамзий маънога эга Фаластинни қўлламоқда. Демак, АҚШ ва Хитой узоқ муддатли тирашувга тайёрланишмоқда.
Хайрулла Умаров: АҚШда яҳудий лоббиси катта кучга эга ва яҳудийлар учун Қуддус муҳим масала ҳисобланади. Блинкен нега Маҳмуд Аббосдан кейиноқ келди? Чунки Хитой глобал сиёсатда илгарилаб кетмоқда. Саудия-Eрон, Покистондаги ташаббуслар, Африкадаги бир қатор масалаларда ҳам ўзини кўрсатмоқда. Бу эса табиийки АҚШни ташвишга солиши аниқ.
Хитой 90-йилларда асосан ишлаб чиқаришга урғу берган бўлса, ҳозирда янги авлод технологияларига ўтмоқда. Агар Украинадаги урушда Россия мағлубиятга учраса ва Қўшма Штатлар Россия ҳудудига тартиб ўрнатиш учун қўшин киритса, табиийки, НАТО Хитойнинг чегараларига яқин келади. Шунинг учун ҳам Хитой урушни кузатиб, ўзининг салоҳиятини кучайтиради.
— АҚШ ва Хитойнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари тўқнашиши мумкинми?
Хайрулла Умаров: Тўқнашув бор, Марказий Осиё дунёнинг юраги ҳисобланади (ҳартленд). Марказий Осиёда Европа Иттифоқи, Россия, Хитой, Эрон, Қўшма Штатларнинг манфаати бор. Марказий Осиёдан Россия ва Хитойга зарба бериш мумкин.
Камолиддин Раббимов: Марказий Осиё геосиёсий чорраҳада жойлашган. Кейинги 3-4 йил ичида Россиянинг Қозоғистонга босими юқори ва Тўқаев билан Путиннинг муносабатини яхши биламиз. Шарқий томондан Хитойнинг минтақамиздаги иштироки йилдан йилга ортиб боряпти ва кейинги йилларда Хитой Марказий Осиёнинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорига айланган. АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат оҳиста кристаллашиб бормоқда.
· Суҳбатни тўлиқ тарзда видео орқали томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
23:52 / 26.11.2024
АҚШда клиник ўлимдан омон қолган эркак вақт ўтиб жиноятчига айланди
21:41 / 26.11.2024
Нетаняҳуни қамаш буюрилди. Бу Исроилга қурол етказилишига тўсиқ бўла оладими?
21:03 / 26.11.2024
Хитойда Bank of China собиқ раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинди
18:19 / 26.11.2024