Жаҳон | 14:36 / 26.06.2023
36644
7 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Пригожиннинг исёни Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига таъсир кўрсатмаган

Пригожин Россия армияси мағлубиятга учраётганини айтганди. Амалда эса Украинанинг муваффақиятлари ҳали ҳам жуда камтарона.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Ўз исёнини бошлашдан олдинги мурожаатида Евгений Пригожин бошқа нарсалар қатори Россия армияси Запорижжя области ва Бахмут учун жангларда мағлубият ортидан мағлубиятга учраётгани ҳақида гапирганди. «Вагнер» ХҲК раҳбари ўзидаги маълумотларга асосланган ҳолда РФ қуролли кучлари бой берган аҳоли яшаш манзилларини санаган: Пятихатки (Запорижжядан жанубда), Работине посёлкасининг бир қисми (Орихивдан жануброқда) ва Урожайне (Велика Новосилка районининг Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида). Бундан ташқари, Пригожин ўз исёни арафасида Украина қуролли кучлари Днипронинг чап соҳилидаги Голая Пристанга десант туширишга муваффақ бўлгани ҳақида гапирганди.

Юқорида саналганлардан фақат Пятихатки Украина қўшинлари томонидан озод этилгани тасдиқланган, шунингдек, Украина қуролли кучлари Работине томон илгариламоқда (посёлкага етишга ҳали бир неча километр қолган). Исён бошланиши арафасида қолган жойларда вазият РФ қуролли кучлари учун мураккаблашган бўлса-да, критик даражада оғирлашгани йўқ. Ҳозирча Украина қуролли кучлари Россия ҳарбийлари ўртасидаги низодан фойдаланиб қолганини кўрсатувчи ҳеч қандай маълумот йўқ.

Украина армияси зирҳли танк бўлинмалари билан амалга оширилган дастлабки ҳужумлар муваффақиятсизликка учраганидан кейин тактикани ўзгартирган: энди Украина қуролли кучлари артиллерия ва дронлар зарбалари билан Россиянинг фронт орти қисмини кучсизлантиришга уринмоқда (Запорижжя ва Донецк областларида фронт чизиғидан бир неча километр ичкарида россияликларнинг гаубицалари, ҳаво ҳужумидан мудофаа комплекслари ва радиоэлектрон кураш воситаларига йўлланган зарбалар акс этган ўнлаб видеолар мавжуд). Бундан ташқари, украин бўлинмалари россияликларнинг таянч пунктларига пиёдаларнинг кичик гуруҳлари билан ҳужумлар уюштирмоқда; бунда зирҳли техникалар пиёдаларни Россия армияси позицияларига элтиш учун ўзига хос такси вазифасини ўтамоқда. Шу билан бирга, тармоқда тарқалаётган видеоларга қаралса, Украина қуролли кучларининг техника бўйича йўқотишлари (айниқса танкларда) қарши ҳужумнинг биринчи ҳафтасидаги билан солиштирилса анча камайган.

Украин ҳарбийларининг ўзлари тан олишича, юриш қилаётган қўшинлар учун асосий хавф манбайи РФ қуролли кучларининг Ка-52 русумли зарбдор вертолётлари бўлиб қолмоқда. Улар саккиз километр масофада ва танкка қарши ракеталар билан мўлжалга олиб бўлмайдиган паст баландликда ҳаракатланиб, жавоб зарбаси истисно қилинган ҳолатда украинларнинг зирҳли техникаларига зарбалар бермоқда. Украинларнинг қарши ҳужуми бошланганидан буён шундай вертолётлардан берилган зарбалар акс этган 70 дан ортиқ видеолар мавжуд.

ISW: Пригожиннинг исёни Россия қўшинларининг Украинадаги ҳаракатларига таъсир қилмаган

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) хулосасига кўра, Россияда давлат тўнтариши амалга оширишга уриниш Россия қўшинларининг Украинадаги ҳужум ва мудофаа амалиётлари ўтказишига жиддий таъсир кўрсатмаган.

«Ҳам Россиядаги, ҳам Украинадаги манбалар бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар одатий режимда давом эттирилганини хабар қилишган, шу билан бирга Россия қўшини Бахмут атрофида олдинги кунлардагига қараганда бир неча баробар фаоллик билан қуруқликдаги амалиётлар ўтказишган», дейилган ISW’нинг эрталабки ҳисоботида.

Экспертлар тахмин қилишича, «Вагнер» кучларининг бир қисми техникалар билан ўз машғулотлар лагерига қайтиши Кремл ёлланма жангчиларни тарқатиб юборишни эмас, уларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини сақлаб қолишни исташини кўрсатади.

Россия мудофаа вазирлиги раҳбарияти учун Евгений Пригожин ва Александр Лукашенконинг келишуви оқибатлари қандай бўлиши аниқ эмас, лекин вазирлик раҳбариятидаги ҳар қандай ўзгариш Пригожиннинг ғалабаси сифатида қабул қилинади, деб ҳисоблайди ISW экспертлари.

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, қўшинлар мамлакат шарқидаги қатор йўналишларда бир-икки километрга илгарилаган. 

«Бизнинг шарқдаги қўшинларимиз ўтган ҳафта охирида Орихив-Василйивка, Бахмут, Богдановка, Яҳидне, Клешчийивка ва Курдюмовка ҳудудларида қарши ҳужум амалиётларини бошлади. Ҳар бир йўналишда 1 километрдан 2 километргача илгари юрилган. Ҳозирда қўшинлар эгалланган марраларда мустаҳкам ўрнашмоқда ва рақибларни яксон этмоқда», дейилади Малярнинг телеграм-каналида. 

Унинг сўзларига кўра, фронтдаги вазият ўтган ҳафта давомида ўзгаришсиз қолган.

Запорижжя области ғарби

  • Украина қуролли кучлари юришнинг илк кунларидаёқ Лобкове қишлоғини эгаллаган ва унда мустаҳкам ўрнашганди. Сўнгги ҳафтада улар бир километр жануброқдаги Пятихатки қишлоғини ҳам озод этишди. 
  • Бу қишлоқ учун шиддатли жанг олиб борилди: Украинанинг 128-тоғ-штурм бригадаси бўлинмалари артиллерия зарбалари остида Пятихаткига кириб кела олди ва у ердан Осетин батальони жангчиларини сиқиб чиқарди, кейин эса — РФ қуролли кучларининг бир қанча қарши ҳужумларини қайтарди. Икки томон бир қанча зирҳли техникаларидан айрилган. 
  • Жанглар давом этмоқда: Россия армияси позициялари қўшни Жеребянка тепаликларида жойлашган, шу ердан туриб Пятихатки артиллериядан ўққа тутилмоқда. 

Орихив йўналиши

  • Зирҳли техникалар билан миналанган майдонлардан ўтишга бир неча муваффақиятсиз уринишлардан кейин Украина пиёдалари барибир Орихив — Токмак трассаси бўйига етиб кела олишди. Эндиликда украин қўшинлари позицияси Россия мудофааси таянч пункти жойлашган Роботинедан тахминан икки километр масофада. 
  • Юриш бошланганидан буён илгариланган масофа уч километр атрофида. Аммо россияликларнинг бу участкадаги яхши мустаҳкамланган мудофаа чизиғигача етиб келишга ҳали анча бор.

Велика Новосилка

Велика Новосилкадан жанубдаги Времевка бўртиғи деб аталган ҳудуддаги қишлоқлар озод этилгач, Украина ққуролли кучлари Урожайне ва Старомайорскда жиддий қаршиликка дуч келди. Сўнгги ҳафта давомида украин қўшини бу қишлоқлардан шимолда фақат бир неча ўрмонзорларни эгаллай олган.

Бахмут атрофидаги вазият

  • Бахмутдан шимолда украин ҳарбийлари Соледардан баландликда жойлашган Яковливка посёлкасига ҳужум бошлади. Украинларнинг зирҳли техникалари Яковливканинг шимолий чеккаларига етиб келган. Улар бу ерда мустаҳкам ўрнашиб олгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Қишда «Вагнер» кучлари айнан Яковливка орқали Соледарга киришган, бу эса Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги мудофаа чизиғи қулашини бошлаб берганди. Энди шу томондан бериладиган кучли зарба РФ қуролли кучларининг Бахмутдаги гуруҳини хавф остида қолдиради.
  • Британия разведкаси ҳам Украина Бахмут ҳудудида фаолликни оширгани ҳақида хабар берган. Британия мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкасининг душанба кунги ҳисоботида Украина Бахмут ҳудудида фаолликни ошириб, амалиёт давомида украин кучлари шаҳардан шимолда ҳам, жанубда ҳам маълум ютуқларга эришаётганини қайд этган. Қайд этилишича, Россия ҳозирда бу ҳудудда мудофаани мустаҳкамлаш ва бир-биридан узоқ масофаларда жойлашган секторларда юзага келаётган таҳдидларга жавоб қайтариш учун керак бўлган жиддий оператив захираларга эгалиги даргумон.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид