Жамият | 12:17 / 27.06.2023
27189
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда 17 туп йирик чинор кўчирилди. Дарахтлар яшаб кетмаслиги мумкин

Янгиҳаёт туманидан ўтган ерусти метросининг сўнгги – 14-бекати олдидаги 17 туп кўп йиллик чинор метро қурилиши сабаб бошқа жойга кўчирилди. Тошкент Ботаника боғи мутахассиси кўчирилган чинорларнинг кўкариб кетиш имкониятини деярли нолга тенг деб баҳолади.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидан ўтган ерусти метросининг 14-бекати олдидаги 17 туп чинор дарахти қазиб олиниб, бошқа жойга кўчирилгани ҳақида Kun.uz'га мурожаат келиб тушди. Мурожаат хатида кўп йиллик дарахтларнинг кўчирилиш олдидан ён шоҳ ва ўқ илдизлари кесиб ташлангани, уларнинг эндиликда қуриб қолиши мумкинлигидан хавотирлар баён қилинади.

“Ўсиб турган йирик чинорлар ёзнинг чилласида бошқа жойга кўчирилмоқда. Бунинг устига катта-катта чинорларни аввал каллаклаб, кейин кавлаб олишмоқда. Бундай ҳолатда кўчирилган чинорларнинг ўсиб кетиши ҳам осон бўлмаса керак. Ахир неча йиллик чинорлар-ку, ачинишмайдими, уларни ўстириб, шу ҳолатга келтириш ҳам осон эмас”, – дейилади мурожаатда.

Kun.uz мухбири кўп йиллик дарахтларнинг суратда кўриниб турган ҳолатда кўчирилиши дарахт кўчириш стандартларига қанчалик мослиги, шунингдек, ёзнинг чилласида кўчирилган дарахтларнинг эндиликда униб кетиш имконияти қанчалик, деган савол билан Тошкент Ботаника институти бўлим бошлиғи Атиргул Холмирзаевага мурожаат қилди.

Мутахассис саволга жавобан фуқароларнинг хавотири тўла асосли эканини таъкидлади.

Атиргул Холмирзаева

“Ҳозир – ёзнинг чилласида экилган ҳар қандай дарахт қаттиқ стрессга тушиши аниқ. Бунинг устида суратдаги дарахтларнинг ён шохлари ва ўқ илдизи кесиб ташланганини кўряпман. Уларда фақат кичик ён илдизлар қолдирилган ва дарахтлар куч билан суғуриб олинган. Мутахассис сифатида айтаманки, шу ҳолатда кўчирилаётган чинорларнинг ўсиб кетиш имконияти деярли нолга тенг. Энди чинорларнинг тутиб кетиши учун жуда катта меҳнат, куч ва воситалар талаб қилинади.

Бундан ташқари, суратларда чинорлар етарли тупроқ билан олинмаган, илдизлар шунчаки очиқ ҳолатда турибди. Бунда улар шамоллайди ва иссиқда қуриб қолади. Ишлар шунчаки қилингани кўриниб турибди”, – деди Холмирзаева.

Тошкентда қурилишлар баҳонасида кўп йиллик дарахтларнинг “бошқа жойга кўчирилиши” ва уларнинг кўчирилган ўрнида йирик дарахт қабристонлари пайдо бўлиши янгилик эмас. Бунга қадар ҳам Яшнобод тумани Aлимкент кўчасига кўчириб келинган ўнлаб дарахтларнинг қуриб қолгани аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Ўша ҳолатда дарахтзорга айлантириш режа қилинган майдоннинг тошлоқ ва сувсиз жой бўлгани, дарахтларни кўчириб ўтказишдан олдин алоҳида тайёргарлик кўрилмагани маълум бўлган. Қарови бўлмаган дарахтлар эса шунчаки сувсизликдан қуриб қолган.

Ўшанда масъуллар ҳолатни “об-ҳавонинг ноқулай келгани” билан изоҳлаган.

Kun.uz 14-метро бекати ўрнидан кўчирилган чинорларнинг кейинги тақдирига оид бир неча савол билан Экология вазирлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқоновга юзланди. Бошқарма бошлиғига кўра, 17 туп чинор тақдири уни кўчириб ўтказувчи фирма масъулиятидаги масала ҳисобланади. Фирма дарахтларни ўстириб бериш мажбуриятини олган ва агар улар ўсмай қоладиган бўлса, фирма жавобгарликка тортилади.

Фарҳод Деҳқонов

“Метро қурилиши сабаб дарахтларнинг кўчирилиши маълум бўларкан, биз Янгиҳаёт аҳолиси билан учрашиб, уларга бу ҳақда маълум қилган эдик. Шунингдек, дарахтларни кўчириб ўтказувчи фирма бизга ўз режаларини маълум қилган. Улар бизга дарахтларни қай йўсинда кўчириши ва уларнинг кейинги парвариши қандай бўлишини тушунтириб берган.

Шунингдек, биз дарахт кўчирувчи фирмани агар улар қуриб қоладиган бўлса, бериладиган жазо чоралари билан таништирдик. Бу жазо дарахт кесиш билан тенглаштирилади.

Яна шуни айтишим керакки, бу ерда дарахтларни кесиш масаласи ҳам кўтарилган эди. Бу бўйича ҳукумат қарори ҳам бор эди, лекин биз бунга қарши бўлдик ва кўчириш вариантига келишдик.

Чинор шохларининг кесилишига келсак, шундай методика бор экан, кесишдан аввал шоҳлар кесиладиган. Ишлар ўша методика бўйича қилинди”, – деди Тошкент бош экологи.

Унинг сўзларига кўра, дарахтлар Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани Сергели МФЙдаги ўрмонзор ҳудудга ўтқазилган.

Ёзнинг қоқ чилласида кўчирилаётган чинорлар масаласида мутахассис ва бош эколог фикрлари бир-бирига зид. Мутахассис чинорларнинг ўсиб кетиши бугунги шароитда деярли имконсиз, деётган бўлса, Фарҳод Деҳқонов дарахт кўчирувчиларга ишонч билдиряпти.

Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади, бусиз ҳам метро қурилиши бир неча йил аввал тасдиқланган лойиҳа. Шундай экан, нега дарахт кўчириш иши ўтган куз, қиш ё баҳорда қилинмади, айни ёз ўртасига қолдирилди?

Бизнингча, пайдо бўлаётган бу мавҳумлик чинорларнинг келажаги қандай бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистонда дарахтларга, яшиликка бўлган муносабат ўзгармаётгани, экологияга келганда ишлар ҳамон ўлда-жўлда, енгил-елпи қилинаётганини кўрсатади. Экология муаммолари бизда ҳамон тўла англанмаяпти. Буни бошқача изоҳлаш мумкин эмас.

Kun.uz кўчирилган дарахтлар тақдирини кузатиб боради.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид