Уруш шундай жирканчки, у инсоннинг жисми, моддиятинигина эмас, руҳи, маънавиятини ҳам ҳалокатга учратади. Ўз асоратлари билан узоқ йиллар бутун бошли авлодларнинг келажаги, яшаш тарзи, руҳиятига рахна солиб туради. Бундай авлодлар эса «йўқотилган авлод» дейилади.

Эрих Мария Ремарк ўзининг уруш руҳидаги асарлари билан машҳурликка эришган. Унинг «Уч оғайни» асарида ҳам урушнинг жамият, одамлар турмуш тарзидаги сиёсий-иқтисодий, руҳий ва ижтимоий таъсири маҳорат билан акс эттирилган.

Роман 1938 йили Швейцарияда ёзилган бўлиб, унда чин муҳаббат ва ҳақиқий дўстлик тасвирланган. Биринчи жаҳон урушидан кейинги жамият, одамлардаги ёқимсиз кайфият, ишсиз қолиш қўрқуви ва аламзадалик акс этган. Чунки мамлакатда ишсизлик авж олиб кетганди. Ишсизлик эса тирикликдан маҳрум бўлишдек гап.

Сюжет:

Роберт, Кестер, Готфрид – қалин дўстлар. Бу дўстлар узилмас ришталар билан боғланган. Урушга бирга қатнашиб, уруш орқали ҳаёт нима эканини яхши англаб олган қаҳрамонлар урушдан сўнг ҳам айрилишмайди. Бежиримгина устахона очишиб, у ерда машиналарни тузатиш, олиб-сотиш орқали тирикчилик қилишади.

Кундан кунга ишсизлик, иқтисодий инқироз, қашшоқлик кучайиб бораётган шароитда улар шунчаки тирик эканликларидан мамнун ва ҳиссиз ҳолатда яшайверади. Уруш уларни шундай ҳиссиз ва ҳаётга бепарво, ичкиликка ўч қилиб қўйганди. Кунлардан бир кун улар Патрица Ҳолманни учратишади, Роберт эса уни севиб қолади.

Асар ҳам айнан шу Роберт Локамп тилидан ҳикоя қилинади. Патрица билан бирга Робертнинг ҳаётига янги ҳислар, янги ҳодисалар кириб келгандек бўлади. Муҳаббатга лиммо-лим юраклар учун ҳар дақиқа мазмунли ўта бошлайди. Икки ёш бир қанча ишқий саргузаштларни бошдан кечиришади. Аммо тез кунда Патрица Ҳолманнинг ўпкаси жиддий касал эканлигини билиб Роберт қаттиқ хафа бўлади.

Қизнинг бу касаллигига ҳам лаънати уруш сабабчи эди. Ёшлигида узоқ вақт очлик сабабли Пат шундай дардга йўлиққанди. Уч оғайни бирлашиб қизни даволатишга, умрини узайтиришга ҳаракат қилишади. Бирдек тиришади. Аммо барибир касаллик ўз ишини қилди. Қиз дунёдан кўз юмади. Аммо унинг гўзал муҳаббати, чиройли ва ўчмас хотираси Робертнинг юрагида қолди.

Бу орада 3 дўстнинг бири, энг қувноқ ва ҳазилкаш, бироз қув, аммо беғубор Готфрид ҳам бир гуруҳ безорилар томонидан отиб ўлдирилди. Готфриднинг ўлимидан мутаасир бўлган икки дўст қотилларнинг изидан тушади ва ўч олади. Бу ўч орқали ҳовурлари сал босилгандек бўлади.

Адиб асардаги Хосселар оиласи орқали ҳам жамиятнинг оғриқли нуқталарини яққолроқ очиб беришга уринади. Жаноб Хоссе ўта меҳнаткаш, доимо ишсиз қолишдан қўрқиб қаттиқ тиришадиган ходим, вафодор ва меҳрибон эр. Аммо унинг хотинига нимадир етишмайди. У эрининг бой эмаслигидан, ҳашаматли яшамаслигидан нолийверади. Эр-хотин орасидан деярли ҳар вақт оламушук ўтиб турарди. Албатта, бунга даврнинг, замоннинг, ижтимоий ҳолатнинг иқтисодий танглиги катта сабаб бўларди.