Айнан ушбу турдаги самолёт йўқ қилингани ҳақидаги маълумот расман тасдиқланмаган. Бу ҳақда россиялик журналистлар ва уруш тарафдори бўлган блогерлар хабар берган. Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи маълумотларига кўра, 23 июн куни Луҳанск яқинида яна бир Ми-8МТПР вертолёти уриб туширилган бўлиши мумкин, бироқ очиқ манбаларда бу воқеа ҳақида тафсилотлар йўқ. Экипаж аъзоларининг қанчаси ҳалок бўлгани ҳам номаълум.

24 июн куни телеграм-каналларда самолёт қулаши вақтида олинган видео ва ҳалокат жойидан олинган кадрлар пайдо бўлди.

Агар ердаги қолдиқлар ҳақиқатан ҳам 24 июн куни уриб туширилган самолётга тегишли бўлса, унда кадрлардан бирида ҳаводаёқ самолётдан ажралган қуйруқ қисмининг нисбатан бузилмаган бўлаги кўринади. Ундаги рақам — 75917 — серия рақами 2964010105 бўлган Ил-22М самолётига тегишли. Уни турли онлайн хизматларда Ил-18М-11 ёки Ил-22М-11 деб ҳам аташади.

Турли авиация сайтларидаги фотосуратларга кўра, ушбу самолёт илгари Иваново шаҳри яқинидаги Иваново-Шимолий ҳарбий аэродромида, шунингдек, Твердаги Мигалово аэродромида қайд этилган. Самолёт айнан қайси авиация бўлинмасига тегишли экани номаълум.

Иваново аэродромида 2457-узоқ масофали радиолокация аниқловчи самолётлардан жанговар фойдаланиш базаси жойлашган. Ил-22М айнан шу қисмга тегишли бўлиши мумкин, чунки бу ерда бундай самолётнинг электрон аппаратларига хизмат кўрсатиш осонроқ бўлади. Мигалово аэродромида эса ҳарбий-транспорт авиацияси жойлашган.

Ҳаво қўмондонлик пункти

Ил-22М исён натижасида йўқотилган техникаларнинг энг қиммати эди. Ушбу самолётнинг номини ифодалашда баъзан ҲҲБМ қисқартмасидан фойдаланилади — «ҳимояланган ҳаво бошқариш маркази».

Ушбу номдаги «ҳимояланган» сўзи жисмоний ҳимояга эмас, балки радиоэлектрон кураш воситалари таъсирига чидамли алоқа каналларига ишора қилади.

Самолёт жанговар ҳаракатлар пайтида қўшинларни бошқариш мумкин бўлган ҳаво қўмондонлик пунктини ўзи билан олиб юради. Бу пункт ҳавода бўлгани учун уни оператив-тактик ракеталар билан йўқ қилиб бўлмайди.

Самолётнинг иккинчи афзаллиги шундаки, юқоридан ердаги жанговар қисмлар билан алоқани таъминлаш осонроқ. Айниқса, алоқани мураккаблаштирувчи паст баландликда учадиган фронт авиацияси билан бу асқатади.

Россия ҳукумати таъсиридаги бир нечта телеграм-каналлар таъкидлашича, уриб туширилган самолёт кенг кўламли уруш бошланганидан бери радио сигналларни ретрансляция (зарарланган ва йўқолиб қолган сигналларни автоматик қайта узатиш) қилиш вазифасини бажарган, яъни ердаги қўмондонлик пунктини қўшинлар билан боғловчи баланд антенна сифатида ишлаган.