Полициячилар Нантерреда (Париж марказидан 11 км масофада, пойтахтнинг энг йирик чекка районларидан бири) 17 ёшли ўсмирни отиб қўйганидан кейин Франциянинг йирик шаҳарларида иккинчи тун тартибсизликлар давом этди. Ил-де-Франс, Лион, Тулуза, Лилл ва Дижон тартибсизликлар ичида қолган. 29 июнга ўтар кечаси полиция мамлакат бўйлаб камида 150 кишини қўлга олди, деб хабар берди ички ишлар вазири Жералд Дарманен.
Reuters маълумотига кўра, мамлакатнинг турли шаҳарларида намойишчилар бошқа ишлар қаторида автомобиллар ва маъмурият биноларига машъалалар улоқтиришган. Agence France-Presse агентлиги полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, бир гуруҳ кишилар Фресн қамоқхонаси ҳудудига киришда ўрнатилган қўриқлаш постига ҳужум уюштириб, бу ерга ҳам ўт қўймоқчи бўлишган.
«Республика рамзларига тоқат қилиб бўлмас зўравонликлар кечаси: мэриялар, мактаблар ва полиция маҳкамаларига ҳужумлар ва ўт қўйишлар. 150 киши қўлга олинган. [Тартибсизликлар иштирокчиларига] мардонавор қарши турган полициячилар, жандармлар ва ўт ўчирувчиларни қўллаб-қувватлайман. Хотиржамликка чақирмаётганлар учун бу шармандалик», — деган Дарманен твиттерида.

Geoffroy van der Hasselt / AFP / Scanpix / LETA
Франция президенти Эммануэл Макрон «изоҳлаб ва йўл қўйиб бўлмайдиган» бу зўравонликни қоралади. Бир кун олдин у мамлакат аҳолисини тинчланишга, жумладан Нантерреда қурбоннинг дафн маросими вақтида хотиржамлик сақлашга чақирганди. Марш 29 июн куни ўтказилмоқда. Франция ИИВ хабарига кўра, Париж районида икки мингга яқин полициячилар сафарбар қилинган.
Ҳозирча тартибсизликлар оқибатида етказилган зарарнинг якуний миқдори маълум эмас. Биринчи кунги намойишлардан кейин Дарманен 31 киши қўлга олингани, 24 нафар полициячи енгил жароҳат олгани, 40 га яқин автомобиллар ёқиб юборилганини айтганди.

















