Таълим | 11:05
1096
2 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимида янги йўналишлар тасдиқланди

Ўзбекистонда олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, бакалавриат ва магистратура босқичлари учун қатор янги таълим йўналишлари тасдиқланди. Янги йўналишлар меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари учун рақобатбардош кадрлар тайёрлашга қаратилган.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Янги тартибга мувофиқ, бакалавриат босқичида экология ва атроф-муҳит, яшил иқтисодиёт, иқлим ўзгариши, қайта тикланувчи энергия, сув ресурсларини бошқариш, мобил робототехника, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар), барқарор қишлоқ хўжалиги, экотуризм ҳамда темир йўл муҳандислиги каби замонавий йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Магистратура босқичида эса халқаро энергетик сиёсат, халқаро сув дипломатияси, циркуляр иқтисодиёт, барқарор молия, ривожланиш иқтисодиёти, экология ҳуқуқи, халқаро савдо ҳуқуқи, назарий ва муҳандислик физикаси, урбанистика, барқарор шаҳарсозлик, иқлимга чидамли ўрмон хўжалиги ва барқарор туризм каби янги мутахассисликлар жорий этилди.

Шунингдек, классификатордаги айрим мавжуд йўналишлар номи ҳам янгиланди. Хусусан, 760-позициядаги бакалавриат йўналиши «Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш» деб қайта номланди. 766-позициядаги магистратура мутахассислиги эса «Давлат ва ҳарбий бошқарув» номи билан тасдиқланди. Бундан ташқари, 799-позиция классификатордан чиқарилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид