Жаҳон | 22:48 / 01.07.2023
12378
2 дақиқада ўқилади

Британия 24 минг қочқинни Африкага депортация қилиши мумкин

Улар Британияга бошқа хавфсиз мамлакатдан келган ва бошпана сўраган.

Фото: AP

Буюк Британия 24 мингдан ортиқ қочқинни Африкадаги Руанда давлатига депортация қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда The Guardian ёзди.

2021 йилнинг январидан 2023 йилнинг мартигача Буюк Британиядан бошпана сўраган 24083 нафар хорижликка қайтариб юборилиши тўғрисида огоҳлантириш хати юборилди, деди Ички ишлар вазирлиги журналистларнинг сўровига жавобан.

Депортация Британияга бошқа хавфсиз мамлакатдан келган ва бошпана сўраганларга таҳдид солади. Бундай қоидабузарлар хавфсиз учинчи давлатга депортация қилиниши керак. Бу ҳақда Буюк Британия билан тегишли келишувга эга бўлган ягона давлат — Руанда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 3859 нафар албаниялик, 2715 нафар эронлик, 2558 нафар эритреялик, 2555 нафар афғонистонлик, шунингдек, сурияликлар, ироқликлар, грузияликлар, суданликлар ва яна ўнлаб мамлакатлар вакиллари депортация қилиниши кутилмоқда.

Яқинда Британия Апелляция суди бундай депортацияни ноқонуний деб топди, бироқ Буюк Британия ва Руанда ҳукуматлари ушбу келишувга содиқ қолишини маълум қилишди. Британия ҳукумати қочқинларни Африкага депортация қилишга рухсат бериш учун Олий судга мурожаат қилмоқчи.

Мавзуга оид