19:52 / 05.07.2023
3116

Про лига 1-давра рамзий жамоаси: Зотеевдан Абрамовгача

Фото: Динамо

Ўзбекистон Суперлигаси ва Про лигасида мавсумнинг биринчи қисми ортда қолиб, жамоалар ёзги танаффусга чиқишди. Хусусан, Про лигада чемпионатнинг 1-давра баҳслари курашларга бой ўтиб, янги номлар кашф этилди ва ҳозирда Суперлигага даъвогар клублар сони бир нечтани ташкил этмоқда. Tribuna.uz мавсумнинг ярми якунига етгач, 1-давра рамзий жамоасини тузди.

Дарвозабон: Абдумавлон Абдужалилов

Клуби: «Локомотив»

«Локомотив» жамоаси Про лигада карвонбошчилик қилмоқда. «Темирйўлчилар» чемпионатда энг кам гол ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди – 4та. Бунда эса 28 ёшли посбонининг ҳиссаси катта бўлди. Абдумавлон Абдужалилов Про лигадаги 10 ўйиннинг барчасида тўлиқ ҳаракат қилди.

Ҳимоячилар: Олег Зотеев

Клуби: «Локомотив»

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Олег Зотеев Про лигада фақат ном жиҳатдан эмас, ўйини билан ҳам энг яхшилардан бири бўлиб турибди. «Локомотив» сафида чап ва ўнг қанот ҳимоясида ҳаракат қилган 33 ёшли ҳимоячи Про лигадаги 10та ўйинда ҳам тўлиқ ҳаракат қилиб, ўз ҳисобига гол ва ассист ёзиб қўйди.

Ҳимоячилар: Хуршидбек Убайдуллаев

Клуби: «Динамо»

Про лигада дебют мавсумини ўтказган Хуршидбек Убайдуллаев 21 ёшда бўлса-да, «Динамо»нинг етакчи ҳимоячисига айланиб олди. Вадим Абрамов кашф этган марказий ҳимоячи 1-даврада Про лигадаги 10 ўйинда ҳам, Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда ҳам майдонда тўлиқ ҳаракат қилиб, битта гол ва 2та ассист муаллифига айланди.

Фото: Динамо

Ҳимоячилар: Санъат Шихов

Клуби: «Қўқон-1912»

«Қўқон-1912» жамоаси голлар сони (22та) бўйича «Локо» билан бирга пешқадамлик қилаётган бўлса-да, очколар сони бўйича турнир жадвалида 3-ўринда бормоқда. Жамоа голлар сони бўйича етакчи эканига ҳимоячиларнинг ҳам ҳиссаси бор. Жумладан, Санъат Шихов чап қанот ҳимоячиси саналса-да, жамоасининг ҳужумларига фаол қўшилиб, 10 ўйинда 3та гол ва 2та ассистга муаллифлик қилди.

Яримҳимоячилар: Францис Нарх

Клуби: «Динамо»

Ўтган мавсум Суперлигада «Бунёдкор» шарафини ҳимоя қилган Францис Нарх бу йил «Динамо»да Про лиганинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. Ганалик яримҳимоячи чемпионатдаги 10 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва ассист, Ўзбекистон кубогида эса 3 ўйинда 2та голга муаллифлик қилди.

Фото: Динамо

Яримҳимоячилар: Муҳриддин Зоиров

Клуби: «Шўртан»

Ғузор клуби Про лига 1-даврасидан кейин 5-ўринни эгаллаб турибди. «Шўртан»нинг Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бораётганига Муҳриддин Зоировнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Ҳужумкор яримҳимоячи 10 ўйинда 4та муҳим голга муаллифлик қилди.

Фото: Шўртан

Яримҳимоячилар: Дониёр Исмоилов

Клуби: «Қўқон-1912»

Қўқонликларнинг 29 ёшли яримҳимоячиси сермаҳсуллик борасида лигадаги энг яхши ижрочилардан бири бўлиб турибди. Дониёр Исмоилов ўтган 10 ўйинда майдонга тушиб, жамоасининг 4та голига муаллифлик қилди, яна икки голга эса ҳаммуалиф сифатида қайд этилди.

Фото: Қўқон-1912

Яримҳимоячилар: Анвар Ҳожимирзаев

Клуби: «Қўқон-1912»

Қўқонликлар сафида ҳужум чизиғининг етакчисига айланиб олган Анвар Ҳожимирзаев жамоасининг қарийб ҳар икки голидан бирида иштирок этди. 28 ёшли футболчи 10 ўйинда ўз ҳисобига 6та гол ва 3та ассист ёзиб қўйган.

Фото: Қўқон-1912

Ҳужумчилар: Кожо Жоэль

Клуби: «Динамо»

Асли ганалик бўлган Кожо Жоэль Про лига жорий мавсумининг энг ёрқин ўйинчиси бўлиб турибди. 24 ёшли форвард турнирдаги 9 ўйинда 8та гол, Ўзбекистон кубогида эса 3 ўйинда битта голга муаллифлик қилиб, Қирғизистон миллий жамоасидан чақирув олди. Жоэль Про лиганинг энг яхши тўпурари бўлиб, ҳозирда Суперлиганинг бир қатор клублари эътиборига тушган, аммо Самарқанд клуби «топилма» голеадорини қўйиб юбормоқчи эмас.

Ҳужумчилар: Сергий Петров

Клуби: «Машъал»

Украиналик 26 ёшли ҳужумчи «Машъал»нинг жорий мавсумдаги етакчисига айланиб олди. Про лига доирасида 8 ўйинда майдонга тушган Петров 6та голга муаллифлик қилиб, Муборак клубининг 4-ўринда боришини таъминламоқда. «Машъал» форварди кубок баҳсларида ҳам 3 ўйинда ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйган.

Ҳужумчилар: Рустам Соиров

Клуби: «Локомотив»

Мавсум олдидан «темирйўлчилар» сафига қўшилган тожикистонлик Рустам Соировнинг ярим йилдаёқ клубнинг ҳужумдаги етакчисига айланиб олишини жамоанинг мухлислари ҳам кутмаган бўлса ажабмас. 21 ёшли форвард Про лигадаги 10 ўйинда 6та гол, Ўзбекистон кубогидаги 3 баҳсда эса 2та голга муаллифлик қилиб, «Локо»нинг Про лигада етакчи, кубок баҳсларида эса 1/8 финалга йўлланма олишига муносиб ҳисса қўшди. У Про лиганинг энг яхши голеадорлари рўйхатида 6та гол билан учликдан жой олган.

Бош мураббий: Вадим Абрамов

Клуби: «Динамо»

Аслида Про лига 1-даврасининг энг яхши мураббийи дея турнирда пешқадамлик қилаётган «Локомотив» бош мураббийи Денис Коростиченкони кўрсатиш мумкин эди. Аммо ушбу мутахассис бошқарувидаги «темирйўлчилар» Про лига доирасида Тошкентда ўтган баҳсда «Динамо»ни енга олмади, кубок доирасида эса Самарқандда Вадим Абрамов шогирдларига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлишди. Шу боис, Про лига 1-давраси рамзий жамоасига «Динамо» билан 2-ўринда бораётган Вадим Карленовични бош мураббий сифатида танлашга қарор қилдик.

Про лига-2023 1-давра рамзий жамоаси:

Дарвозабон: Абдумавлон Абдужалилов (Локомотив)

Ҳимоячилар: Олег Зотеев (Локомотив), Хуршидбек Убайдуллаев (Динамо), Санъат Шихов (Қўқон-1912)

Яримҳимоячилар: Францис Нарх (Динамо), Муҳриддин Зоиров (Шўртан), Дониёр Исмоилов (Қўқон-1912), Анвар Ҳожимирзаев (Қўқон-1912)

Ҳужумчилар: Кожо Жоэль (Динамо), Сергей Петров (Машъал), Рустам Соиров (Локомотив)

Захира таркиби: Фарҳод Раҳматов (Динамо), Исломжон Қобилов (Локомотив), Аброр Ҳўсинов (Хоразм), Ислом Шарипов (Юниред), Абубакир Мўйдинов (Андижон-СГС), Андро Гиоргадзе (Машъал), Симе Зизул (Локомотив).

Бош мураббий: Вадим Абрамов (Динамо). 

Top