Спорт | 19:22 / 05.12.2020
18354
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ҳокими «Нефтчи»да йиғилиш ўтказди. Клуб бош мураббийи истеъфога чиқарилди

Про лига доирасида 1 декабрь куни ўтказилган «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидаги тартибсизликлар масаласида бугун, 5 декабрь куни «Нефтчи» ПФК қароргоҳида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров раислик қилди, дея ёзмоқда клуб расмий сайти.

Қайд этилишича, тадбирда вилоят ҳокимининг спорт ва туризм ишлари бўйича маслаҳатчиси Ҳ.Аҳмедов, Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Ф.Абдулазизов, Фарғона НҚИЗ директори ўринбосари Б.Мўминов, «Нефтчи» ПФК бош директори З.Ғофуров ҳамда Фарғона вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Носир Отақўзиев қатнашган.

«Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилиш қатнашчиларини кун тартибидаги масалалар билан таништириб ўтди. Йиғилишда «Нефтчи» жамоаси футболчиларининг ўйинни бошқарган ҳакамларга нисбатан қилган қўполликлари туфайли юзага келган тартибсизликлар натижасида футболга хос бўлмаган ҳолат юз бергани, «Нефтчи» жамоаси масъул ходимлари клуб футболчиларини ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйгани, тартибсизлик келтириб чиқарган футболчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилгани ҳақида гапириб ўтди.

Шунингдек, келгусида «Андижон» ПФК билан бўлиб ўтадиган ўйинга етарлича тайёргарлик кўриш ҳамда ижобий натижа кўрсатиш бўйича «Нефтчи» футбол клуби масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. «Нефтчи» мураббийлари футболчиларни ўйинга етарлича жисмонан ва руҳан тайёрлашда сусткашликка йўл қўйгани учун бош мураббий Абдусамад Дўрмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», - дейилади хабарда.

Аввалроқ, ПФЛ ва ЎФА Фарғонадаги тартибсизликлар борасида баёнот бериб, суриштирув ишлари якунига етгач, айбдорлар жавобгарликка тортилиши ва клубга нисбатан жазо чораси эълон қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид