Ўзбекистон | 23:39 / 06.07.2023
28637
2 дақиқада ўқилади

Григорий Лепснинг бойкот қилинган Тошкентдаги концерти бекор қилинди

Украинага қарши босқинчилик урушини молиявий қўллаб-қувватлаётган бу хонанда аввалроқ Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам концерт беролмайдиган бўлганди.

Фото: Евгений Одиноков / РИА Новости

Россиялик хонанда Григорий Лепснинг 23 октябр куни Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройида ўтиши белгиланган концерти қолдирилди.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги хабарига кўра, концерт дастури “айрим техник сабабларга кўра” қолдирилган. Сотилган чипталарнинг пули қайтарилади.

Лепс Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган урушини фаол қўллаб-қувватлаётгани сабаб ўзбекистонликлар унинг Ўзбекистонда концерт беришига қаршилик билдириб, ижтимоий тармоқларда фаол кампания олиб бораётган эди.

Бу хонанданинг 8 июлга Қозоғистоннинг Қонаев шаҳрида ва 2 августга Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида белгиланган концертлари ҳам қозоқ ва қирғиз жамоатчилигининг норозилиги сабаб бекор қилинганди.

Июн ойи ўрталарида Григорий Лепс бошқа бир хонанда Николай Басков билан Петербург иқтисодий форумида чиқиш қилиб, Украина қўшинларига Ғарб томонидан етказиб берилган танкларни йўқ қилган ҳар бир россиялик аскарга 1 млн рублдан мукофот ваъда қилган эди. 3 июл куни Лепс Украинада Германиянинг Leopard танкини йўқ қилган жангчилардан бирига худди шунча суммани ўтказиб берганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик фаоллар аввалроқ Тошкентдаги Янги Ўзбекистон боғида бўлиши режалаштирилган z-артистларнинг “Жара” фестивали ҳам бекор қилинишига эришганди. Бу концерт Тошкентдан ташқари Боку ва Олмаота шаҳарларида ҳам бекор бўлган.

Мавзуга оид