Ўзбекистон | 22:43 / 03.07.2023
28854
5 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари Z-артистларнинг концертлари ҳақида: “Ўзбекистонда санъатга тўсиқ йўқ”

Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов Россиянинг Украинага босқинини қўллаб-қувватлаётган рус хонандаларининг Ўзбекистонда режалаштирилган концертига нисбатан норозиликлар ва уларни бекор қилиш ҳақида бўлаётган талаблар ҳақида гапираркан, Ўзбекистонда санъатга тўсиқ йўқлигини айтиб, “фисқ-у фасод гаплардан йироқ бўлиш”га чақирди.

Россиянинг Украинага босқинини фаол тарғиб қилаётган россиялик хонандалардан бири Григорий Лепс шу йилнинг 23 октябр куни Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концерт беришни режалаштирмоқда. Ўзбекистонлик бир гуруҳ фаоллар ижтимоий тармоқларда бу концерт дастурини бекор қилишни талаб қилмоқда. Айни пайтда iTicket.uz сайти концерт учун чипталар сотувини давом эттирмоқда.

Лепснинг Қозоғистонда, Олма-ота вилоятидаги Қўнаев шаҳрида 8 июл куни ўтиши режалаштирилган концерт дастури эса бир муддат аввал бекор қилинди. Бунга қозоғистонлик фаолларнинг концерт дарстурини ўтказишга нисбатан қаршилиги сабаб бўлган.

Россиялик хонанда аввалроқ Украина қуролли кучларининг яксон этилган ҳар бир “Леопард” танки учун 1 млн рубл мукофот пули ваъда қилган.

Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов Kun.uz мухбирининг уруш борасида нейтрал позицияда эканини билдирган Ўзбекистон расмийлари нега Z-артистнинг концерти масаласида нейтраллик кўрсатмаяпти, деган саволига жавоб берди. Унинг тушунтиришича, ҳамма нарсага чегара тутиш мумкин, аммо санъат – чегарасиз соҳа.

“Ҳозир бизга театр, эстрада йўналиши бўйича хонандалар келяпти. Буни қайсидир давлатларнинг бир-бирига бўлган муносабатига ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Бу – санъат. Бунда тушган маблағларнинг урушга йўналтирилиши бўйича, очиқ айтиш керак, кўп гаплар бўляпти. Менимча, бу гаплар ҳақиқатдан йироқ.

Концертлар масаласига келсак, биз қайси давлатдан келадиган санъаткор бўлса, у яхши мақсадда келса, санъатга хизмат қиламан, санъатнинг кучини кўрсатаман, дегани бўлса, Ўзбекистон ҳеч қайси санъаткорга эшигини ёпиб, тамбалаб ташлагани йўқ.

Мана, келяпти, санъатини намойиш қиляпти, олқишини оляпти, кетяпти. Ҳеч қанақа нарса йўқ. Ўзбекистонда санъатга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Худога минг қатла шукр, тинч юртда яшаяпмиз.

Мана, туркий давлатларнинг ТУРКСОЙ ташкилотидан қанча санъаткорлар ташриф буюрди. Ҳаммаси концертини қўйди ва халқ олқишига эга бўляпти. Мана, кўргазмаларини ўтказишяпти. Яхши мақсадда келган инсон бўлса, Ўзбекистон – тинч юрт.

Халқимиз санъатсевар халқ. Анави ғийбат, фисқ-у фасод, пулни қаергадир ишлаётган экан деган гаплардан йироқ бўлиш керак. Бу гапларни гапираётганлар шу гапларни қўзғашга интилаётган инсонлар”, – деди Баҳодир Аҳмедов.

Вазирлик мулозими Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини оқловчи санъаткорларнинг концертлари Қозоғистонда бекор қилинаётганига ҳам муносабат билдирди.

“Бу – ён қўшниларнинг ўз сиёсати, ўз дунёси. Улар ўзи учун жавоб берсин, биз ўзимиз учун жавоб берамиз. Бир нарсани очиқ айтиш керак, бунақа ғийбат, фисқ-у фасод гаплардан йироқ бўлишимиз керак. Биз, Худога шукр, тинч жойда яшаяпмиз. Мана, санъатга бўлган эътибор. Нима кераги бор, концертга тушаркан, уни пулини урушга ишлатаркан, деган гапларнинг? Урушнинг куни шу концертнинг кунига қолибдими? Қўйсин, тинчлик билан қўйсин, тинчлик билан юрсин. Қачонгача ғийбат, фисқ-у фасод гаплар? Ҳа деса, рухсат берадиган бўлса, урушга тақайди. Тақаш керак эмас. Фақат яхши, олий ниятлар билан ҳаракат қилиш керак. Ҳамма нарсани ёмон тарафини ўйлаш керак эмас. Яхши тарафини ўйлаш керак. Шу санъаткор шу ерга ўз санъатини намойиш қилиш учун келибди, деган кўз билан қараш керак.

Иккинчи, учинчи ўринда турадиган фисқ-у фасоддан йироқроқ, устунроқ бўлишимиз керак. Шунда мақсадимизга эришамиз. Биз бир нарса учун курашишимиз керак: ёшларимиз санъатга чанқоқ, шуни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бизнинг сиёсатимиз шу. Давлат раҳбарининг сиёсати ҳаммаси. Қаранг, Озарбойжонда бўлган муғом фестивалида гран-прини ким олди? Ўзбекнинг қоракўзи олди. Шахматда ким оляпти? Ўзбек қоракўзлари, Ўзбекистон фарзандлари оляпти. Биз фақат шулар ҳақида ўйлашимиз керак”, – деди Ўзбекистон маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов.

Эслатиб ўтамиз, россиялик бир гуруҳ Z-артистлар иштирокида шу йил 20-21 май кунлари Тошкентда ўтказилиши белгиланган “Жара” фестивали ўзбекистонликларнинг бойкоти ортидан бекор қилинган эди. Бу фестивал бундан олдин Қозоғистон ва Озарбойжонда ҳам бекор бўлганди.

Мавзуга оид