Ўзбекистон | 18:11 / 05.07.2023
24060
2 дақиқада ўқилади

Украина элчихонаси россиялик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги концертлари бўйича муносабат билдирди

Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг Григорий Лепснинг концерти ҳақидаги интервюси юзасидан баёнот берди. Дипломатик миссия бундай гастролларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон имижига таҳдид эканини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг чиқишлари Ўзбекистон обрўсига таҳдид солади ҳамда россиялик қўшиқчилар ишлаган маблағлар Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин деб ҳисоблайди. Элчихона бу орқали Ўзбекистон маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедовнинг Kun.uz нашрига интервюсида россиялик хонандаларнинг Ўзбекистондаги концертлари тақиқланмаслиги ҳақида айтган сўзларига муносабат билдирди.

«Шу муносабат билан элчихона урушни қўллаб-қувватловчи россиялик санъаткорларнинг Ўзбекистондаги чиқишлари уларнинг Ўзбекистон Республикаси обрўсига таҳдид соладиган, урушни қўзғатишга қаратилган жиноий фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг сохта кўринишини яратиши мумкинлигига эътибор қаратади. Бундан ташқари, россиялик ижрочилар томонидан олинган маблағлар улар томонидан уруш, терроризм ва Украина халқининг геноцидини молиялаштириш учун ишлатилиши мумкин», — дейилади Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

Шунингдек, элчихона ушбу масала бўйича Ўзбекистон ваколатли органларига тегишли мурожаат юборилганини таъкидлаб, Z-артистларнинг концертларига қарши чиқаётган ўзбек жамоатчилигига ўз миннатдорчилигини билдирган.

Григорий Лепс шу йил 23 октябрда Ўзбекистонда концерт беришни режалаштирган. Ушбу тадбирга ўзбекистонлик кўплаб фаоллар қаршилик билдираётганига қарамай, ҳозирча тадбир бекор қилингани йўқ.

Фото: Mirzo Zominiy / Telegram

3 июл куни Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов Kun.uz мухбирининг концерт дастурини бекор қилиш ҳақидаги саволига жавобан «Ўзбекистонда санъатга тўсиқ йўқлиги»ни айтди.

Мавзуга оид