Доминик тез ўсди. У 19 ёшида Австрия Бундеслигасининг асосий кашфиётига айланиб, ўзини танитди ва шундан бери пасаймади.
Футболчининг фаолиятидаги асосий воқеалар: у 17 ёшида «Залцбург» таркибида Австрия Бундеслигасида дебют қилди. 19 ёшидаёқ мамлакат миллий жамоасида илк ўйинини ўтказди. Ҳозирча Собослаининг миллий жамоадаги асосий ютуғи сифатида Евро-2020 йўлланмаси учун плей-оффдаги ғалаба голини айтиш мумкин. Айтганча, у — аллақачон миллий жамоа сардори, ватанида Доминикни Пушкаш давридан бери энг катта иқтидор деб билишади. У 2019-20 йилги мавсум якунида Австрия Бундеслигасининг энг яхши футболчисига айланди. Гол+ассист тизимида 19 балл (9+10) тўплади.

2021 йил январида у 22 млн евро эвазига «Лейпциг»га ўтди ва дебют мавсумидаёқ Бундеслигада уч бор ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Марко Розе келиши билан у ривожланишда давом этди (Бундеслигадаги энг яхши мавсумини ўтказди). Мураббий Собослаини «Залцбург»даги фаолиятидан буён биларди. Футболчи мураббийнинг таъсири ҳақида шундай дейди: «Марко етарлича профессионал эмаслигимни кўрсатди. У бўлмаганида, мен бунчалик тез ривожланмасдим».
«Ливерпул»га ўтиш — венгрияликнинг фаолиятидаги янги босқич. 70 млн евро — «Лейпциг» учун рекорд. Трансфер ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлишидан олдин Собослаи интервю берган, унда у Клоппнинг илҳомлантириш маҳоратига қойил қолишини тан олганди.
Ўтган мавсум якунида Доминик олдинга қадам ташлаш зарурлиги ҳақида гапирганди: «Шу пайтгача мен ўз фаолиятимни онгли равишда қуриб келганман ва ҳар доим ўз вақтида янги босқичга чиққанман. Бир кун фаолиятимга назар ташлаб, ундан унумли фойдалана олмаганимни англашни истамайман».

Собослаи ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири Бекҳэмни эслатади. Гап фақат уларнинг иккиси ҳам ўнг қанот яримҳимоячиси эканида эмас, улар ўхшаш кўникмаларга эга.
Собослаи —Red Bull тизимида прессинг қилишни ўрганган мастер
Доминик — икки қанотда ҳам, марказда ҳам ўйнай оладиган, «ўнлик» ёки «саккизлик» вазифасини бажара оладиган футболчи. Универсаллик унга бутун фаолияти давомида асосий ўйинчи бўлишга ва турли тизимларда ўйнай олишига ёрдам берди. Розе ўтган мавсумда ундан ўнгда фойдаланган.
Турли позицияларда ўйнаш қобилияти Доминикка янги клубида ҳам ёрдам бериши керак. Ўнг қанотда Салоҳ бор, шунинг учун Клопп футболчига «саккизлик» ролини бериши мумкин. Бу позицияда Собослаи Тедеско қўл остида 2021/22 йиллар мавсумида бир муддат ўйнаган.




























