Спорт | 18:13 / 28.07.2024
12262
13 дақиқада ўқилади

«МЮ» катта пул сарфламоқда, «Милан» испаниялик юлдузни қўлга киритди. Европадаги сўнгги трансферлар

Гринвуд Францияга йўл олди, «Боруссия» – янги форвардга эга бўлди.

Июл ойининг иккинчи ярмида ҳам қатор катта трансферлар амалга оширилди. Айрим келишувлар Евро-2024нинг охирги кунларида амалга ошиб бўлганди, аммо уларнинг асосий қисми — турнир якунланганидан кейин эълон қилинди. Қуйида улардан энг асосийлари ҳақида.

Лени Йоро: «Лилл» → «Манчестер Юнайтед» (62 млн евро)

Манкунианликлар 18 ёшли ҳимоячи учун рақобатда «Реал»дан устун келди. Истеъдодли футболчи трансфери учун 62 млн евро тўлашга тўғри келди. Мадридликлар футболчини кейинги йил ёзида олишни режалаштирганди, аммо французлар клуби ўз активини тезроқ пуллашга қарор қилди. Лени Йоро «Лилл» сафида 16 ёшида дебют қилган ва ҳозиргача профессионал даражада 60 ўйин ўтказишга улгурган. «МЮ» француз футболчи билан беш йиллик шартнома тузди. Йоро — ҳозирча манкунианликларнинг мавсумлар оралиғидаги энг қимматбаҳо хариди.

Сери Гирасси: «Штутгарт» → «Боруссия» Дортмунд (18 млн евро)

Дортмундликлар клуби Бундеслиганинг ўтган мавсумидаги энг яхши иккинчи тўпурарни (28 ўйинда 28 гол) қўлга киритди. Гвинеялик 28 ёшли ҳужумчи гол уришда фақат «Бавария» вакили Ҳарри Кейндан ортда қолган. «Боруссия» Гирассининг шартномасидаги банддан фойдаланиб, уни 18 млн евро эвазига ўзиники қилди, Гирассининг ўзига эса тўрт йиллик шартнома таклиф этилди. «Штутгарт» Серуни 2022 йилда «Ренн»дан ижарага олган, бир йил ўтиб унинг трансфер ҳуқуқини 9 млн еврога сотиб олганди.

Жошуа Зиркзее: «Болоня» → «Манчестер Юнайтед» (42,5 млн евро)

«Болоня» — Европа футболининг ўтган мавсумидаги кашфиёт жамоалардан бўлди. Жамоа А Серияда бешинчи ўринни олди ва Чемпионлар лигасига йўлланмага эга чиқди. Лекин энди жамоа парчаланмоқда, аввалига бош мураббий Тиагу Мотта «Ювентус»га ўтиб кетди, энди асосий ҳужумчиси Зиркзеесиз қолди (яна бир асосий футболчи, ҳимоячи Риккардо Калафиори «Арсенал»га ўтишга яқин). Италия чемпионатининг ўтган мавсумида 34 ўйинда 11 гол урган нидерландиялик ҳужумчи «Манчестер Юнайтед»га қўшилди. Манкунианликлар мураббийлар штабида Жошуанинг бир қанча ватандошлари, жумладан бош мураббий Эрик тен Ҳаг ва унинг ёрдамчиси Рууд ван Нистелрой ишлайди, футболчида АПЛга мослашиш жараёни осонроқ кечиши аниқ.

Алваро Мората: «Атлетико» → «Милан» (13 млн евро)

Европанинг янги чемпиони А Серияга қайтмоқда. Мората бунгача икки бор «Ювентус»да ўйнаган. 2014 йилда бу «Реал»дан тўлақонли трансфер асосида бўлганди, 2020 йилда эса —«Атлетико»дан ижарага олинганди. Энди испаниялик «Милан» футболчиси сифатида ўйнайди. Мората ўтган мавсумда барча турнирлар доирасидаги 48 учрашувда 21 гол урган. Европа чемпионати вақтида Алваро бир неча марта ўз манзилига билдирилаётган таҳдидлар туфайли Испанияда ўйнаш унга оғирлигини айтганди. Моратанинг «Милан» билан шартномаси 2028 йил ёзига қадар мўлжалланган.

Мэйсон Гринвуд: «Манчестер Юнайтед» → «Марсел» (26 млн евро)

Англиялик футболчи янги иш жойи масаласини ҳал қилди. «Марсел» ушбу можароли футболчи трансферини 26 млн еврога сотиб олди, Гринвуднинг ўзи билан 2029 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолади. Инсайдер Фабрицио Романо маълумотига кўра, яна 5 млн евро бонуслар кўринишида тўланиши мумкин. Қолаверса, «МЮ» футболчининг қайта сотувидан улушга эга бўлади. Мэйсон ўтган мавсумни ижара асосида «Хетафе»да ўтказганди (36 ўййинда 10 гол). Энди уни италиялик мутахассис Роберто Де Дзерби бошқарувидаги йиллар кутмоқда.

Пиер-Эмерик Обамеянг: «Марсел» → «Ал-Қодисия» (9 млн евро)

Габонлик ҳужумчи 35 ёшида Саудия Арабистонига йўл олди, ҳолбуки у ўтган мавсумда «Марсел»нинг асосий етакчиси бўлганди. Обамеянг бу клуб сафида барча турнирлар доирасида 30 гол урди (10 таси — Европа Лигасида) ва яна 11 голга ассистентлик қилд. Энди у кейинги икки йилни Осиёда ўтказади — ҳарҳолда унинг шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган. Аввалроқ «Ал-Қодисия» сафига «Реал»нинг собиқ сардори Начо Фернандес келиб қўшилганди. Ушбу фахрий футболчи саудияликларга текинга тушганди, футболчининг мадридликлар клуби билан шартномаси муддати тугаганди. Энг яхши йилларида «Боруссия» ва «Арсенал»нинг тўпурар ҳужумчиси бўлган африкалик учун эса 9 млн евро тўланди.

Жорж Микаутадзе: «Метц» → «Лион» (18,5 млн евро)

Евро-2024 турнирида порлаган ва энг яхши тўпурарлардан бири бўлган (уч гол) гуржистонлик ҳужумчи каттароқ клубга ўтди, лекин Франция чемпионатида қолди. У ўтган мавсумда ҳам Лига 1 да яхши иштирок этганди — ижара асосида «Метц» сафида ўйнаган футболчи 20 ўйинда 14 гол урган. Ёзда французлар клуби унинг трансфер ҳуқуқини «Аякс»дан 13 млн еврога сотиб олди ва бироз ўтиб қимматроққа пуллади. Ёзда у «Монако»га ўтиши ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди, аммо якунда «Лион» билан шартнома имзоланди. Бу клуб олдиндаги мавсумда Европа Лигасида иштирок этади.

Серхи Гомес: «Манчестер Сити» → «Реал Сосиедад» (9 млн евро)

«Манчестер Сити» ҳимоячи Серхи Гомес билан хайрлашди. Айни вақтда Испания жамоаси билан Париж олимпиадасида иштирок этаётган футболчи янги мавсумни ватанида давом эттиради — у «Реал Сосиедад» билан шартнома имзолаган. «Сити» 23 ёшли футболчиси трансферидан 9 млн евро ишлади, футболчи янги клуби билан беш йиллик шартнома имзолади. Гомес ўтган мавсумда «Сити» сафида барча турнирлар доирасида 15 ўйинда қатнашган, аммо унинг майдондаги ўйин вақти жами 449 дақиқани ташкил этган.

Чиро Иммобиле: «Лацио» → «Бешиктош» (3 млн евро)

Италиялик ҳужумчи саккиз мавсумдан кейин «Лацио»ни тарк этди. Иммобиле римликлар клуби сафида 2016 йилдан буён 340 ўйинда майдонга тушиб, 207 гол урди. Энди 34 ёшли ҳужумчи яна бир бор ватанини тарк этди ва Туркияга йўл олди. Норасмий маълумотларга кўра, «Бешиктош» футболчига йилига 6 млн евро тўлайди. Футболчининг янги клуби билан шартномаси икки йилга тузилган.

Саул Нигес: «Атлетико» → «Севиля» (ижара)

Саул — «Атлетико» тарбияланувчиси. Охирги йилларда мадридликлар клуби уни тез-тез ижарага бермоқда (бунгача у шундай формула бўйича «Райо Валекано» ва «Челси» клубларида ўйнаб келганди). Энди 29 ёшли футболчи бир йилни «Севиля»да ўтказади. Испаниялик футболчи ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 49 учрашувда майдонга тушиб, икки гол урган ва беш голга узатма берган.

Уссем Ауар: «Рома» → «Ал-Иттиҳод» (12 млн евро)

Ўз вақтида Европанинг гранд клублари назарига тушган жазоирлик яримҳимоячи «Лион»да қолиб хато қилди, унинг Римдаги фаолияти эса фақат бир мавсум давом этди ва энди Саудия Арабистонига йўл олди. «Ал-Иттиҳод» футболчи учун 12 млн евро таклиф қилган, «Рома» дарҳол розилик берган. Римликлар Ауарни бир йил олдин эркин агент мақомида ўз сафига қўшиб олганди. Африкалик футболчи ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 25 ўйинда майдонга тушди ва тўрт гол урди. Лекин у 2024 йил бошидан захирага ўтириб қолганди.

Мэтю Райан: АЗ → «Рома» (эркин агент)

Ўзбекистонлик мухлисларга яхши таниш бўлган австралиялик дарвозабон Райан — анча тажрибали футболчи. 32 ёшга чиққан футболчи ўз вақтида АПЛ («Брайтон», «Арсенал») ва Ла Лига («Валенсия», «Реал Сосиедад») клубларида ўйнаган. Бундан ташқари, у Австралия миллий жамоаси билан уч марта (2014, 2018, 2022) жаҳон чемпионатида қатнашган. Энди Райан ўз кучини Европадаги яна бир топ даражадаги чемпионат — А Серияда синаб кўради. «Рома» бирор евро сарфламасдан дарвозабон позициясини мустаҳкамлади, Райан Рим клубига эркин агент сифатида келиб қўшилди.

Аллан Сент-Максимен: «Ал-Аҳли» → «Фенербаҳче» (ижара)

Француз футболчиси бир йил ўтиб Европага қайтди. Унинг Саудия Арабистонига сафари узоққа чўзилмади. Лекин у яна бир мавсумдан кейин Осиёга қайтиши мумкин, турклар клуби уни ижарага олган. Сент-Максимен сўнгги мавсумда барча турнирлар доирасида 31 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урган ва 10 голга узатма берган. Энди Аллан мавсумлар оралиғида «Фенербаҳче» бош мураббийига айланган Жозе Моуринио билан ишлайди.

Бошқа трансферлар:

  • «Барселона» ва «Севиля»нинг собиқ яримҳимоячиси Иван Ракитич ватанига қайтди. Сўнгги ярим йилни Саудиянинг «Аш-Шабоб» клубида ўтказган 36 ёшли хорват «Ҳайдук» билан «1+1» схемасида шартнома имзолаган.
  • «Тоттенҳэм» ва «Севиля»нинг собиқ футболчиси Эрик Ламела фаолиятини Грециянинг АЕК клубида давом эттиради. Аргентиналик яримҳимоячи янги клубига эркин агент мақомида келиб қўшилган;
  • Белгиялик ҳимоячи Тома Мёне Франция чемпионатига қайтди. «ПСЖ» ва «Боруссия»дан кейин ярим йил Туркиянинг «Трабзонспор» клубида ҳам ўйнаган футболчи «Лилл» билан 2026 йилга қадар шартнома тузган;
  • «Ливерпул»даги ўйинлари билан танилган испаниялик ҳимоячи Алберто Морено 32 ёшида Италиянинг «Комо» клубига ўтди. Шартнома «1+1» схемасида тузилган. Футболчи сўнгги йилларда «Вилярреал» сафида ўйнаётганди;
  • Даниялик дарвозабон Каспер Шмейҳел «Селтик» билан бир йиллик шартнома имзолади. 10 йилдан ортиқ вақт мобайнида «Лестер» дарвозасини қўриқлаган Шмейҳел сўнгги мавсумларни «Ницца» ва «Андерлеҳт» клубларида ўтказганди;
  • Сербиялик ҳимоячи Никола Миленкович фаолиятини «Ноттингҳем Форест»да давом эттиради. Инглизлар клуби унинг трансфери учун «Фиорентина»га 14,3 млн евро тўлаган;
  • 41 ёшли дарвозабон Пепе Рейна «Комо» билан бир йиллик шартнома имзолади. У «Вилярреал»ни эркин агент мақомида тарк этган;
  • «Байер» 20 млн евро эвазига «Ренн»дан қанот ҳужумчиси Мартен Терени сотиб олди. 27 ёшли футболчи бунга қадар фақат француз клубларида ўйнаган («Лилл», «Страсбург», «Лион», «Ренн»), ўтган мавсумда «гол+пас» тизими бўйича 13 (9+4) очко жамғаргач, «Байер» эътиборини ўзига қаратган; 
  • «Челси» 14 млн еврога «Базел»дан таянч яримҳимоячиси Ренату Вейгани сотиб олди. 20 ёшли португалиялик футболчи бунгача «Спортинг» ва «Аугсбург» клубларида ҳам тўп сурган;
  • «Наполи» «Торино» ҳимоячиси Алессандро Буонджорнони 35 млн еврога трансфер қилди;
  • АПЛга қайтган «Саутҳемптон» «Вест Ҳэм»дан 17,85 млн еврога Флинн Даунсни сотиб олди. Ушбу таянч яримҳимоячи ўтган мавсумни ижара асосида «авлиёлар» сафида ўтказганди;
  • Чемпионшипдан АПЛга чиққан жамоалардан яна бири «Ипсвич Таун» ҳам таркибини кучайтирмоқда. Жамоа «Ҳалл Сити»дан 21,5 млн еврога марказий ҳимоячи Жейкоб Гривзни, «Манчестер Сити»дан 17,85 млн еврога ҳужумчи Лиам Делапни харид қилди;
  • Босниялик ҳужумчи Эрмедин Демирович 21 млн евро эвазига «Аугсбург»дан «Штутгарт»га ўтди.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди