Европада дедлайн. Сўнгги соатларда кутилаётган трансферлар
Топ-клублардан яна қайсилари таркибни кучайтиришга улгуради?
Европа топ-лигаларида 30 август куни ёзги трансферлар ойнаси ёпилади. Клублар сўнгги трансферлар устида ишламоқда. Сўнгги дақиқаларда ҳам катта трансферлар амалга оширилиши мумкин. Қуйида мухлислар ва мутахассислар дедлайн арафасида кутаётган 10 та эҳтимолий трансфер ҳақида.
Мануэл Угарте: «ПСЖ» → «Манчестер Юнайтед»
Ёши: 23
Трансфер қиймати: 45 миллион евро
Шартномаси муддати: 2028 йил 30 июн
«Манчестер Юнайтед» таянч зонасини кучайтириши лозим. Эрик тен Ҳаг ихтиёрида ёш Кобби Майну ва тажрибали Каземиро бор. Аммо бразилиялик футболчи «Реал»даги формасига қайта олмаяпти. Яримҳимоя чизиғида эса турли-туманлик зарур. «МЮ»га Мануэл Угарте ёрдамга келиши кутилмоқда. Уругвайлик футболчи «ПСЖ»нинг муҳим футболчисига айлана олмади: Луис Энрике ушбу таянч яримҳимоячиси муҳим пасларни амалга оширишни талаб қилди, бу эса Угартенинг кучли тарафи эмас. У рақиб ҳужумларини бузишда беназир. «МЮ» уругвайлик футболчи трансфери учун 60 млн евро тўламоқчи. Барча учун маъқул келишув.
Жейдон Санчо: «Манчестер Юнайтед» → «Ювентус»/«Челси»/«Боруссия»
Ёши: 24
Трансфер қиймати: 30 миллион евро
Шартномаси муддати: 2026 йил 30 июн
Жейдон Санчо Эрик тен Ҳаг билан ярашди. Аммо бу унга клубда қолишга ёрдам бермаяпти. У мавсумолди йиғинлари доирасидаги ўртоқлик учрашувларида майдонга тушди, аммо АПЛнинг янги мавсуми стартида «Фулҳэм» (1:0) ва «Брайтон» (1:2) билан кечган ўйинларда қайдномага ҳам киритилмади.
Санчо навбатдаги клубга ижарага берилиши кутилмоқда: қишда у Дортмунднинг «Боруссия» клубига қайтганди, энди эса Италияга сафар қилишга яқин. «Ювентус»га ҳужум қанотида янги футболчилар керак. Туринликлар «Фиорентина»дан Николас Гонсалесни трансфер қилди ва «Порту»дан Франсишку Консейсауни ижарага олди. Санчо бу компанияни тўлдириши мумкин. Лекин футболчининг ўзи АПЛда қолишни ва «Челси»га ўтишни истамоқда. Аммо лондонликлар Санчони ижарага олиш бўйича ҳаракатга киришгани йўқ. Шунингдек, «Боруссия» варианти ҳам бор, немислар клуби футболчини ижарага олмасдан, 35 миллион евро эвазига қайта сотиб олиши мумкин.
Раҳим Стерлинг: «Челси» → «Арсенал»/«МЮ»
Ёши: 29
Трансфер қиймати: 35 миллион евро
Шартномаси муддати: 2027 йил 30 июн
Стерлинг — лондонликларнинг тушунарсиз трансфер сиёсатининг навбатдаги қурбони. Мавсумолди йиғинлари чоғида Энцо Мареска уни жамоанинг муҳим футболчиларидан бири деб атади, мавсум старти арафасида эса асосий таркибдан чиқариб юборди.
Бу қарор футболчининг атрофидагиларга ёқмади ва унинг кетиши ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Аввалига Санчо Лондон клубига келиши эвазига Стерлинг «МЮ»га ўтиши ҳақида айтилаётганди. Бир кун олдин эса ижтимоий тармоқларда Раҳим «Арсенал» базасида тушган сурат тарқалди, айрим манбалар футболчи ва Микел Артета мулоқот қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Охирги хабарларга кўра, клублар футболчининг ижараси бўйича музокаралар олиб бормоқда. «Челси» футболчининг маошининг бир қисмини тўлаб беришга ҳам тайёр.
Виктор Осимҳен: «Наполи» → «Челси»/«ПСЖ»/«Ал-Аҳли»
Ёши: 25
Трансфер қиймати: 100 миллион евро
Шартномаси муддати: 2026 йил 30 июн
Нигериялик ҳужумчи Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи. Қолаверса, Антонио Конте келиши ҳам «Наполи»нинг ҳолатини у қадар яхшилай олмаяпти. Виктор анчадан буён каттароқ клубга ўтишга ҳаракат қилиб келади, лекин Европада унинг учун сўраладиган пулни тўлашга тайёр клублар кўп эмас. Футболчига турли вақтларда «Челси», «МЮ» ва «ПСЖ» клублари қизиқишди, уларнинг барчасида марказий ҳужумчи муаммоси бор. Парижликларнинг молиявий имконияти нисбатан яхшироқ, аммо жамоа кўпи билан 50-60 миллион евро таклиф қилган, неаполитанликлар эса бундан икки баробар кўпроқ сўраган. Бундан ташқари, форвард маоши камайишига ҳам рози эмас, шунингдек, шартномада бадал пули тўғрисидаги банд киритилишини талаб қилади.
Трансферлар ойнаси якунига келиб неаполитанликлар анча камроқ суммага ҳам рози бўлиб қолди ва Саудиянинг «Ал-Аҳли» клуби ўртага чиқди: Фабрицио Романо хабар беришича, клублар трансфер бўйича келишувга эришишга яқин. «Ал-Аҳли» ҳозирча Осимҳеннинг ўзи билан келишиб олмаган. «ПСЖ» энди футболчига қизиқмай қўйган, «Челси»да эса муқобил вариантлар бор. Шундай экан, Осимҳен катта эҳтимол билан Саудия Арабистонига йўл олади.
Тэмми Абраҳам: «Рома» → «Милан»/Алексис Салемакерс «Милан» → «Рома» (алмашув)
Ёши: 26
Трансфер қиймати: 30 миллион евро
Шартномаси муддати: 2026 йил 30 июн
Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «Милан» ва «Рома» ўз футболчиларини алмашмоқда. Яримҳимоячи Алексис Салемакерс Италия пойтахтига йўл олади, Тэмми Абраҳам қарама-қарши йўналишда ҳаракатланади. Мората жароҳат олганидан кейин «Милан»га форвард зарур бўлиб қолди, «Рома»га вингер керак. Журналист Маттео Моретто хабарига кўра, клублар келишув тузилмасида айрим деталлани ҳал қилиб олиши қолган.
Жонатан Та: «Байер» → «Барселона»
Ёши: 28
Трансфер қиймати: 30 миллион евро
Шартномаси муддати: 2025 йил 30 июн
«Барселона» бош мураббийи Ҳанс-Дитер Флик кутилмаганда Германиядан футболчи олиб келишни хоҳлаб қолди. Журналист Жерар Ромеро хабарига кўра, немис мутахассис раҳбариятдан «Байер» ҳимоячиси Жонатан Тани олиб келишни сўраган. «Барса»га биринчи навбатда таянч яримҳимоячиси керак, аммо Флик бошқа зонада каттароқ муаммо кўрмоқда. Журналист Роджер Тореллонинг қайд этишича, «Барса» «Байер»га Та учун 20 млн евро таклиф қилган. Жонатан ҳам Испанияга кўчиб ўтишни ва Флик қўли остида ўйнашни истамоқда. «Байер» эса бу футболчиси учун 30 млн евро талаб қилади, аммо «Барса» леверкузенликлар «Бавария»ни кучайтирмаслик учун уни Каталонияга қўйиб юборишига ишонмоқда, мюнхенликлар ҳам Та учун 20 млн евро таклиф қилган.
Айван Тони: «Брентфорд» → «Челси»/«Ал-Аҳли»
Ёши: 28
Трансфер қиймати: 50 миллион евро
Шартномаси муддати: 2025 йил 30 июн
Айван Тони ўтган мавсумда ўйинлар натижаларига пул тикиш можароси туфайли саккиз ойлик дисквалификацияни ўтади. Аммо форвардга «Брентфорд» қизиқиш йўқолиб қолгани йўқ. Кўплаб трансферларга қарамай, ҳали марказий ҳужумчи олмаган «Челси» Тонини ҳужум чизиғи учун вариант сифатида қарамоқда. The Telegraph маълумотига кўра, «Брентфорд» Айван трансфери учун 60 млн евро сўраган. «Челси» бунча маблағ тўлашга рози эмас, аммо музокаралар тўхтамаган. Лукакуни «Наполи»га пуллаган лондонликларда Виктор Осимҳен варианти ҳам бор. Аммо «Брентфорд» эҳтимолий трансфер туфайли Тонини таркибдан чиқарган. Бу вақтда унга ҳам «Ал-Аҳли»дан таклиф бор, саудияликлар Осимҳенни таркибга қўшиб ололмаса, унга асосий эътиборни қаратади.
Кингсли Коман: «Бавария» → «Барселона»/«ПСЖ»/«Манчестер Сити»/«Ал-Ҳилол»
Ёши: 28
Трансфер қиймати: 50 миллион евро
Шартномаси муддати: 2027 йил 30 июн
Кингсли Коман «Бавария»нинг янги бош мураббийи Венсан Компанига керак эмас. Шу туфайли мюнхенликлар француз вингери бўйича таклифларга очиқ. Европа нашрлари «Барселона», «ПСЖ», «Арсенал» ва «Манчестер Сити» клубларидан қизиқишлар ҳақида ёзди. Аммо айни вақтда реал таклиф фақат саудияликларнинг «Ал-Ҳилол» клубидан бўлган, шайхлар унинг учун 40 млн евро тўлашга тайёр. L'Équipe ёзишича, Коман Яқин Шарқ таклифини қабул қилишдан олдин Европадаги трансферлар ойнаси ёпилишигача кутиши мумкин. Кингсли фақат Европанинг топ-клубларидан таклиф тушмаса, «Ал-Ҳилол»га ўтишга рози бўлади.
Адриен Рабио: «Ювентус» → «Милан»
Ёши: 29
Трансфер қиймати: 35 миллион евро
Эркин агент
Бу рўйхатдаги клубсиз ягона футболчи. «Ювентус»даги беш йилдан кейин француз яримҳимоячиси шартномасини узайтирмади. Туринликлар унга бир мавсум учун 7 миллион евро таклиф этишганди, аммо у шартномага имзо чекмади.
Ёзда унга қатор топ-клублардан қизиқишлар мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалди. L'Еquipe «Бавария», «Интер» ва «Атлетико» каби клубларнинг вакиллари Адриен билан алоқага чиққани ҳақида ёзди, аммо томонлар шартнома бўйича келиша олмаган. Рабио йилига 7,5 миллион евро сўрамоқда ва АПЛда ўйнашни афзал кўрмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, «Милан» клуби унга асосий даъвогарга айланган.
Жовани Ло Челсо: «Тоттенҳэм» → «Бетис»
Ёши: 28
Трансфер қиймати: 16 миллион евро
Шартномаси муддати: 2025 йил 30 июн
Фабрицио Романо хабарига кўра, Қатарнинг «Ал-Жазира» клуби «Бетис»дан Набил Фекирни сотиб олмоқчи. Испанлар эса француз футболчи ўрнига Жовани Ло Челсони олиб келмоқчи. Аргентиналик футболчи «Тоттенҳэм» бош мураббийи Ангелос Постекўғлининг режаларидан ўрин олмаган, «Бетис»дагилар эса 2024 йилги Америка кубоги ғолибини яхши билишади. У 2018/2019 ва 2019/2020 йиллар мавсумида ушбу клубда ўйнаган. Transfermarkt Ло Челсонинг трансфер қийматини 16 млн еврога баҳолаган. «Бетис» уни ижарага олишни истамоқда.
Тавсия этамиз
Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади
Ўзбекистон | 19:08 / 13.05.2025
1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз режим кучга киради
Ўзбекистон | 17:29 / 13.05.2025
Ўзбекистонликлар энг кўп Green Card ютганлар орасида 1-ўринни эгаллади
Жаҳон | 22:24 / 12.05.2025
Ҳиндистон ва Покистон: кимнинг армияси кучлироқ?
Жаҳон | 19:21 / 09.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Миср Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳани амалга оширади
Ўзбекистон | 14:05
-
Ўзбекистон ва Венгрия қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон | 13:59
-
Дунёда ўз давлати ичида кўчишга мажбур бўлганлар сони 83 млндан ошди
Жаҳон | 13:12
-
Каллас: Путин Зеленский билан учрашишга журъат эта олмайди
Жаҳон | 13:10
Мавзуга оид

15:30 / 01.04.2025
Ёзда топ-клублар «талашиши» кутилаётган 11 ҳужумчи

18:32 / 25.03.2025
Трент ёзда «Реал»га ўтади

14:17 / 06.09.2024
Трансфер ойнаси сарҳисоби: Топ-15 клубларнинг ёзги кампанияси рейтинги

18:13 / 28.07.2024