11:47 / 07.07.2023
21234

«Тиббиётда «суперконтракт»ни олиб ташлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритганмиз» — вазир

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тиббиёт йўналишида «суперконтракт» тўлаб ўқиш масаласида ижобий фикрда эмаслигини айтди. Вазир, шунингдек, тиббиёт йўналишида сиртқи таълим очиш режада йўқлигини маълум қилди.

Фото: Газета.uz

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов имтиҳонда етарли балл тўплай олмаган абитуриентларнинг тиббиёт олийгоҳларига «суперконтракт» асосида ўқишга қабул қилишини қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Унинг Gazeta.uz нашрига берган интервюсида айтишича, бу масалада ҳукуматга таклиф киритилган.

«„Суперконтракт“ масаласида, албатта, фикрим ижобий эмас. Тиббиётда ўқиш осонмас. Мана, ҳозир нима учун тиббий таълимни тўлиқ трансформация қиляпмиз? [Тиббиёт йўналишидаги талаба] энди икки босқичда имтиҳон топширади. Учинчи курс тугаганидан кейин фундаменталь фанлар бўйича биринчи имтиҳонни топширади. Ушбу имтиҳонни ўша олий таълим муассасаси ўқитувчилари эмас, умуман бошқа ташкилот [вакиллари] олади. Фундаменталь фанлар имтиҳонидан ўтган талаба 4−5−6-курсларда клиник фанлар бўйича ўқитилади ва кейин иккинчи марта имтиҳон топширади. Талабанинг ҳам фундаменталь, ҳам клиник фанларни тўлиқ халқаро даражада эгаллаганидан кейин ишлашига рухсат берилади», – деди ССВ раҳбари.

Вазир журналистнинг «тиббиёт соҳасида „суперконтракт“ бутунлай йўқолиши мумкинми?» деган саволига қуйидагича жавоб берди: «Албатта, буни ҳукумат белгилаб беради. Биз ҳукуматга таклифимизни киритганмиз».

Бу таклиф тиббиёт соҳасида «суперконтракт»ни йўқотиш бўйичами, деган аниқлаштирувчи саволга Иноятов «ҳа, шунақа» деб жавоб берди.

У, шунингдек, «суперконтракт» йўқоладими-йўқми, асосий эътиборни ОТМларда таълим бериш ва талабаларнинг билимини текширишга қаратиш кераклигини таъкидлади.

«Гап [талабанинг] ўқишида ва бизнинг фильтримизда. Хоҳлаган талаба ["суперконтракт"] кириши мумкин, бутун дунёда тенденция шунақа. Билими бўлса, малакаси бўлса, кириши мумкин: у «суперконтракт»га кирадими, ўз билими билан кирадими… Энг асосийси, биз фильтрни халқаро талаблар даражасида қилиб қўйсак, ўзи ҳамма [талаба] фильтрланади», – деди Амрилло Иноятов.

Бундан ташқари, вазир Ўзбекистонда тиббиёт йўналишида сиртқи таълимни очиш режада йўқлигини айтди.

«Тиббиёт йўналишида сиртқи таълим дунёда йўқ. Тиббиётда сиртқи деган термин бўлиши мумкин эмас. [Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида тиббиёт йўналишида] сиртқи таълим очилиши режада йўқ», – деди у.

Маълумот учун, тиббий таълимдан «суперконтракт»ни олиб ташлаш таклифи тиббиёт фаоллари томонидан бир неча бор ўртага ташланган. Бу мавзуда Kun.uz ҳам бир неча марта шифокорлар билан суҳбат ўтказган.

Top