Жамият | 19:33 / 08.07.2023
56823
9 дақиқада ўқилади

Америкада диний эркинлик ва фарзанд тарбияси муаммолари – Ал-Бухорий маркази имоми билан суҳбат

2017 йил Флорида штати Орландо шаҳрида ўзбекистонликларнинг Шимолий Америкадаги илк расмий масжидига асос солинди. Ал-Бухорий Ислом маркази бугун нафақат масжид, балки мадраса вазифасини ҳам ўтамоқда. Қўшма штатларга сафар қилган Kun.uz мухбири масжид имоми Илёсхон Тошхўжаев билан марказ фаолияти, АҚШда фарзанд тарбияси ҳамда диний эркинлик мавзуларида суҳбатлашди.

— Бу масжиднинг очилиши ҳақида гапириб берсангиз. Кимлар қатнашган, ёрдам берган?

— Масжидга 2017 йил охирларида асос солганмиз. Чикаго, Нью-Йорк, Бостон каби штат, шаҳарларда диний фаолиятимиз бўлган олдин. Ҳамма жойда масжидлар, ислом марказлари бор. У ерларда ватандошларимиз ибодат қилиб, диний эҳтиёжларини қондириши мумкин. Бирор бир масжидга борсак, Ўзбекистондан жуда кам киши бўларди, лекин атрофда кўплаб ўзбеклар бўларди.

Ал-Бухорий Ислом маркази имоми Илёсхон Тошхўжаев

Орландо штати ўзбеклар энг кам бўлган жой. Биринчи озчиликдан бошлашни ният қилиб шу ерда очганмиз. 2017 йилда бу ерга кўчиб келиб, миллатдошларимизга таклифимни айтганимда ғариброқ қабул қилишди. 100-150 тача ўзбек оиласи яшарди. Бизнинг одамларда жуда бой бўлиб, миллионер бўлиб кетган одам масжид қилади деган фикр ўрнашиб қолган. Ёрдам бериш деганда ҳам катта миқдордаги ниманидир тушунишади. Шунинг учун ҳам кўпчиликда ишонч бўлмаган, ўтмишда бундай тажриба ҳам йўқ. Уч киши бошлаганмиз: 2017 йил ноябр ойида жойни ижарага олиб, бир йилдан сўнг сотиб олганмиз. 2018 йил Рамазон ойида очилган масжид сифатида. Асосий мақсад масжид эмас, мадраса қилиш эди. Ҳозир асосий фаолият мадраса билан. Ҳозирда 35 тача талабамиз бор, ётиб ўқишади.

— АҚШда бундай масжид ва мадрасаларни очиш тартиби қандай?

— Биринчи навбатда нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтилади. Очиладиган бино ҳудудида диний таълимга ва шунга ўхшаш нарсаларга рухсат бор-йўқлиги текширилади, атрофда яшовчи аҳолидан рухсат берувчи имзолар олинади. Шундан сўнг давлат рухсат беради.

Ал-Бухорий Ислом маркази

— Марказнинг моддий таъминоти қандай амалга оширилади?

— Жойни сотиб олишда асосий харажатни ҳомийларимиз кўтарган, қолганини бошқалар йиғиб берган. Рамазон ойида хайрия тадбирлари ўтказамиз. Ҳомийларимиз ёрдам қилади, емакхона бор, шундан келади. Умуман, халқнинг ёрдами билан фаолият юритиб келяпмиз. Масжидимизга 200 нафар атрофида одам сиғади. Жамоатнинг 80 фоизи ўзбеклар, қолгани араблар, покистонликлар, бангладешликлар.

Талабалар 4-синфдан 8-синфгача олинади. Харажатнинг бир қисми ота-оналардан олинади, қолгани ҳомийлар томонидан қоплаб берилади. Талабалар сонини кўпайтириш учун ҳаракат қиляпмиз.

— Ўзбекистон мусулмонлар идораси ва умуман ўзбекистонлик аҳли илмлар билан алоқалар қандай?

— Охирги вақтларда Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан алоқаларимиз яхши. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси сабабчи бўлди кўпроқ. Ҳозир Америка ва Канададаги масжидларни бирлаштириш тўғрисида ҳам ишлар олиб бориляпти, шунда Ўзбекистондаги диний идора билан ишлашимиз янаям қулайлашади. Ҳар йили Рамазон ойида қори-имомлар келиб турибди.

— Бу ердаги баъзи ватандошларимизнинг хавотирларидан бири — фарзанд тарбияси. Ҳатто динини ўзгартириш бўляпти ёки ахлоқсиз бўлиб кетяпти, дейишяпти. Фаолиятингиз давомида шундай муаммоларга дуч келганмисиз? Умуман, оила институтини сақлашда бирор бир ишлар қилинадими?

— Ҳар бир имомнинг ўз йўналиши бўлади: кимдир Қуръон илмида, кимдир фарзанд тарбияси ва бошқалар. Менинг асосий фаолиятим фарзанд тарбияси билан боғлиқ. Америкага келганлар дунёвий имкониятларни кўзлаб келади. Аксар оилалар моддий ташвишлар билан бўлиб, фарзанд тарбиясига беэътибор бўлиб қолади. Бир нарсага эришиш учун бошқа бир нарсадан воз кечиш керак. Америкада нимага кўпроқ эътибор берилса, ўша нарса олинади. Сиз айтгандай болалар ҳам бор, тўғри, лекин шундай фарзандлар борки, Америкада тарбия кўрганига ишонмайсиз. Демак, ҳамма гап ота-онада. Улар дунё ва фарзанд ўртасидаги мувозанатни сақлаши керак. Бизнинг мактаб мана шу вазиятни юмшатиш, ота-оналарга ёрдам бериш учун қилинган. Инсон Қуръонни ёдлаб туриб ахлоқли бўлиб қолмайди, ахлоқ бошқа йўналиш. Шунинг учун биз кўпроқ ахлоққа эътибор берамиз.

— 8-синфгача ўқитилишини айтдингиз. Лекин шу ёшдан бошлаб болаларда дастлабки ўтиш даври бошланади, Америка ҳукумати ҳам эркинлик бера бошлайди. Бундай ўсмирларнинг тарбияси қандай бўлади?

— Ўзгарадиган бола 70 фоиз 8-синфгача ўзгариб бўлади. Ундан кейинги ўзгаришлар ўзига ишонч ортиши, эркин ҳаётга чиқишни исташидан бўлади. Ўша давргача бузилган бола қарам бўлгани учун исён қилмай туради, ўзида имконият бўла бошлагач, ўзини кўрсатади. Катта болалар билан ишлашда бироз қийналамиз. Фақат кўнглига кириш орқали ўзгартириш мумкин.

— Диний эркинлик ҳақида гаплашсак. Америкада диний эркинликнинг чегараси борми? Ҳукумат билан зиддиятга бориб қоладиган ҳолатлар борми?

— Чегараси йўқ. Лекин баъзиларда Ислом дини дейилганда терроризм тушунчаси хаёлига келади. Шу томондан баъзи пайтда кўнгилсиз ҳолат бўлиб қолиши мумкин. Умуман, дунёнинг ҳамма жойида бор бу нарса. Лекин сўз эркинлиги бўлгани учун тақиқ йўқ.

— 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ислом ва мусулмонларга нисбатан қарашлар қанчалик ўзгарди, ҳозирда вазият қандай?

— 11 сентябрь воқеаларидан кейин Ислом дини янаям ривожланган Америкада. Чунки полиция томонидан мусулмонларни текшириш, кузатиш бошланган ва бир қанча полициячилар Исломни қабул қилган. Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Ҳозиргача мусулмонларга нисбатан ҳеч қандай тақиққа учрамадик. Бизнинг марказда 50 дан ошиқ киши Исломни қабул қилди. Атрофдаги ҳукумат вакиллари, полиция билан алоқамиз жуда яхши. Исломофобия ҳақида эшитиб қоламиз, лекин ҳали бирор марта дуч келмаганмиз. Америкаликларнинг динимизга ҳурмати катта. Агар масжид бўлмаган бирор жойда намоз ўқисак, полициячи ёки бошқа бир киши келиб, кимдир халақит бермасин деб қараб туради.

— Дарслик адабиётлари муаммоси йўқми? Қаердан оласизлар?

— Адабиётлар муаммоси йўқ. Ўзбекистондан олиб келинади кўп китобларимиз, Туркиядан ҳам келади. Америкада ўзбеклар кўпаймоқда, шунинг учун кўпроқ имконият яратишимиз керак. Биздан олдин ҳам шундай марказлар қилинганда, ҳозирда янада катта имкониятларимиз бўларди. Исломни яхши сақлаш учун фаолиятимиз турларини кенгайтириб бориш ниятидамиз. Дин шундай нарсаки, унга эҳтиёж бўлади доим, лекин ўзига керакли имкониятни тополмагач, бошқа динга ўтиб кетиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам бундай марказларни кўпайтиришимиз, фарзандларимиз эҳтиёжини қондиришимиз керак. Бундан ташқари, дин бизни бирлаштириб туради. Шунинг учун бошқа штатларда ҳам ташкил этиш ниятидамиз.

— Мусулмон киши учун Америкада яшашнинг яхши ва ёмон томонлари қандай?

— Бу ерда киши фарзандини ўзи хоҳлагандек тарбия қилолади, кимдир аралашмайди, ҳаммаси ота-онага боғлиқ. Ибодатларда эркинлик бор.

Ёмон томони шуки, кўпчилик моддият билан бўлиб, фарзанд тарбиясини унутиб қўйиши. Кейин ҳалол маҳсулотлар муаммоси бор. Ҳалол деб қўйилгани билан ишонч йўқ барибир. Бундан ташқари, мусулмонлар кўп ҳудудда яшамаган одам бошқаларга ўхшаб яшай бошлаши эҳтимоли катта.

— Америкада ишонч тушунчаси юқори деган гапларни кўп эшитдик. Умуман, америкаликлардан ҳам ўрнак оладиган жиҳатлар борми?

— Кўпчиликнинг дини йўқдир, лекин диндаги хулқ бор уларда. Инсоний фазилатларни жамлашган. Инсонлар бир-бирига табассум ҳадя қилиш ҳолати ҳам жуда кўп, салом беради. Ёрдам бериш ҳолатлари ҳам кўп. Марказимизга уста ишлатган пайтимизда бошқа дин вакили бўлса ҳам вазиятимизни тушуниб, Аллоҳнинг уйи деб, арзонроққа ишлаб беришади. Бунга ўхшаш жуда кўп фазилатлар бор.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Монтаж устаси: Нуриддин Нурсаидов

28 март, 2023 йил

Орландо шаҳри, Флорида штати. АҚШ

Ушбу мақола ва видеоматериал Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосаси асосида чоп этилмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид