Жаҳон | 11:07 / 08.07.2023
13735
4 дақиқада ўқилади

Тожикистонда банк раҳбари ўринбосари ўлдирилган. Уни олиб қочишда иштирок этган бир неча киши ушланган

Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг тергов-суриштирув тадбирлари натижасида «Ориёнбанк» ОАЖ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевни ўғирлаган жиноий гуруҳ аниқланган. Уни Дилшод Саидмуродов тузган. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Бош прокуратураси ўз расмий сайтида маълум қилган.

«Саидмуродов ушбу жиноий режани 2022 йил мартида ишлаб чиққан ва шу мақсадда 10 дан зиёд одамни қамраб олган уюшган жиноий гуруҳ шакллантирган. Ўша вақтда ушбу жиноятни Саидмуродов ва унинг жиноий гуруҳига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли амалга оширишнинг имкони бўлмаган», — дейилади хабарда.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари. Фото: Тожикистон Бош прокуратураси расмий сайти

Тожикистон Бош прокуратураси берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июн куни соат 20 дан 10 дақиқа ўтганда Душанбе шаҳрининг Закариё Розий кўчасида Дилшод Саидмуродов ўзининг уюшган жиноий гуруҳининг бошқа аъзолари — Рустам Ашуров, Шоҳрух Хўжаев, Акбар Аҳмедов ва бошқалар билан имкониятдан фойдаланиб, Шуҳрат Исматуллоевни куч ишлатиб, машинага ўтқазишади ва Варзоб тумани, Чорбоғ қишлоқ кенгаши ҳудудидаги Шодоб-1 қишлоғи томонга олиб боришади.

«Ушбу шахслар юқорида номи тилга олинган қишлоқдаги уйлардан бирида Шуҳрат Исматуллоевни куч ишлатиб, электрошокер, автоген ва бошқа воситалар ёрдамида қийнаб, ўлдиришади. Сўнгра жиноят изини яшириш мақсадида ўлдирилган Шуҳрат Исматуллоевнинг жасадини Душанбе – Чаноқ автойўлининг 130-километрида Зарафшон дарёсига улоқтиришади», — деб ёзади Тожикистон бош прокуратураси.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари. Фото: Тожикистон Бош прокуратураси расмий сайти

Бош прокуратура хабарига кўра, ўша куннинг ўзидаёқ Дилшод Саидмуродов ва Акбар Аҳмедов Россияга қочиб чиқиб кетишади. Шоҳрух Хўжаев эса Туркияга. Рустам Ашуров ҳам 25 июн куни Туркияга йўл олади, у ердан 30 июн куни Молдовага учиб боради.

«[Кишинёв халқаро аэропортида] Молдова чегарасини кесиб ўтиш чоғида Рустам Ашуров қўлга олинади ва ҳибсга олинишдан ва Тожикистонга экстрадиция қилинишидан чўчиб, аэропортдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларидан бирининг тўппончасини эгаллаб олиб, отишма уюштиради. У икки кишини ўлдиради ва аксилтеррористик операция давомида яраланади. 3 июл куни олинган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этади», — деб ёзади Бош прокуратура.

Идоранинг хабар беришича, айни пайтда мазкур жиноят юзасидан уюшган жиноий гуруҳнинг 5 нафар аъзоси ушланган. Уларнинг исмлари маълум қилинмаяпти.

«Хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан биргаликда бошқа жиноятчиларни ҳам ушлаб, жавобгарликка жалб қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Шуҳрат Исматуллоевнинг жасади ҳануз топилмаган», — дея мухтасар қилган Тожикистон Бош прокуратураси ўз хабарини.

Банкир Шуҳрат Исматуллоевнинг жасадини 23 июндан буён қидиришмоқда. Фото: asia-plus.tj

Асосий савол — банкир Шуҳрат Исматуллоевни нега ўғирлаб кетилгани ва ўлдирилгани борасида Бош прокуратура хабарида жавоб берилмаган.

  • Аввалроқ Молдова Республикаси пойтахти Кишинёв аэропортида отишма уюштириб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган тожикистонлик 43 ёшли Рустам Ашуров ярадор қилиниб, қўлга олингани, сўнгра у олган жароҳатларидан ҳушига келмай вафот этгани маълум қилинган эди.
  • Ижтимоий тармоқларда Рустам Ашуровнинг Кишинёв аэропортида туриб онаси билан сўзлашгани тасвири пайдо бўлган эди. Унда у онасига 100-200 млн доллар учун бир инсонни ўғирлаб ўлдиришда иштирок этганига иқрор бўлган.

Мавзуга оид