Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрдўған, Алиев, Раҳмон ва Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
Ўзбекистоннинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев 9 июл куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловидаги ғалабаси муносабати билан табриклар қабул қила бошлади.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўған билан телефон орқали мулоқотида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди.
Суҳбат аввалида Туркия президенти давлат раҳбарини муддатидан илгари президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани қайд этилди. Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Озарбойжон раҳбари мамлакат етакчисини президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Халқаро ташкилотлар, шу жумладан Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Тожикистон раҳбари мамлакат етакчисини куни кеча Ўзбекистонда бўлиб ўтган муддатидан илгари президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан қутлади.
Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси давлат раҳбарини муддатидан илгари ўтказилган президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилган. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашган. Бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилган.
Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Туркманистон президенти давлат раҳбарини куни кеча бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклади.
Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани қайд этилди. Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Мавзуга оид
20:36 / 04.07.2026
Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни АҚШ Мустақиллик куни билан табриклади
17:52 / 26.06.2026
Ватанпарвар журналистларни ўзимга дўст ва маслакдош деб биламан - Шавкат Мирзиёев
20:11 / 26.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
20:24 / 08.05.2026