Ўзбекистон | 20:39 / 10.07.2023
7585
3 дақиқада ўқилади

Европадаги сайловларда Ўзбекистондан ҳам кузатувчилар қатнашиши мумкинми?

ЕХҲТ миссияси раҳбари Урсула Гачек ташкилот ҳар бир иштирокчи давлатдан халқаро кузатувчилар миссияларга қўшилишини доимо қутлашини билдирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистондаги президентлик сайловлари якунларига бағишлаб Тошкентда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда бюро миссияси раҳбари Урсула Гачек Kun.uz мухбирининг Европа мамлакатларидаги сайлов жараёнларида ўзбек мутахассисларининг иштирок этмаётгани юзасидан саволига жавоб берди.

– Ўзбекистонда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сертификатига эга экспертлар захираси мавжуд. Ўзбекистон ЕХҲТга аъзо бўлганидан буён ўтган давр мобайнида ўзбекистонлик экспертлар миссияларга қисқа муддатли эксперт сифатида ва фақат МДҲ давлатларида жалб этилган. Нега Ўзбекистондан мутахассислар узоқ муддатли эксперт сифатида жалб этилмаяпти? Шунингдек, ўзбекистонлик экспертлар Европа мамлакатларидаги сайловларни кузатишга ҳам жалб қилинмайди. Бунга қандайдир норасмий чекловлар ёки ташкилотнинг ички тартибга солувчи, аниқроғи тақиқловчи қоидалари борми?

Урсула Гачек: Тушунганимни янаям аниқлаштириб олмоқчиман, шунда сиз сайловда ўзбекистонлик фуқаролар қатнашганидан ташвишланяпсизми?

Ундай эмас-а?! Хўп. Шунчаки тушунарли қилиб айтишим керакки, бу кузатувчиларнинг барчаси халқаро кузатувчилар эди. Албатта, фаолиятимиз давомида бизни маҳаллий ходимлар қўллаб-қувватлашди. Аммо навбатдан ташқари президентлик сайловларини халқаро шахслар кузатиб боришди.

Энди бошқа иштирокчи давлатлардаги сайловларни кузатувчи Ўзбекистон фуқароларига келсак, биз ҳар бир иштирокчи давлатдан халқаро кузатувчилар миссияларга қўшилишларини доимо қутлаймиз. Албатта, ўз мамлакатида иштирок этадиганлар бундан мустасно. Ҳеч ким ўз мамлакатидаги сайловда кузатувчи бўлиб иштирок эта олмайди.

Айрим каттароқ бюджетга эга мамлакатлар жуда ҳалол ва кўпроқ сондаги кузатувчиларни юборишга тайёр бўлади. Биз ҳеч қачон бирор миллатнинг бу жараёнда тўлиқ доминантлик қилишига йўл қўймаймиз. Билишимча, бу тартиб ҳануз ўз кучида. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюронинг махсус фонди мавжуд бўлиб, бу фонд ёрдамида вакили бўлмаган мамлакатлардан келган кузатувчилар ўз давлати томонидан эмас, балки тўғридан тўғри Расмий тараққиёт ёрдами (ОДА) ташкилоти орқали молиялаштирилиши мумкин.

Ҳамкасбимнинг эслатишича, яқинда Латвияда Ўзбекистон фуқароларидан кузатувчилар қабул қилинган. Биз яна бир бор Ўзбекистондан ҳам кўплаб фаол ёш фуқаролик жамияти аъзолари келиши ва қаерда бўлишимиздан қатъи назар сайловларни кузатиш тажрибасига эга бўлишига умид билдирамиз.

Мен охирги пайтларда Франция, шунингдек, Қўшма Штатлардаги сайловларни кузатдим. Айтмоқчиманки, ҳамма жойда барча учун бир хил қоидалар амал қилади ва у ерда сизни яхши кутиб олишади.

Мавзуга оид