Ўзбекистон сиёсий тизими худди Марказий Осиёдаги ёки Туркий давлатлар ҳамжамиятидаги қўшнилари каби тадрижий ва барқарорлик сиёсий моделини давом эттиришга қарор қилди.

Одатда сиёсий таҳлилчилар барқарорлик моделини идеалистик либерал ислоҳотлардан фарқли ёки анча тескари сиёсий модел сифатида кўради. Бу билан Ўзбекистон қўшни давлатлар, мисол учун, Қозоғистон, Туркия ёки Озарбойжон каби ўзининг яқин иттифоқчилари ёки қўшниларидан фарқланмаслик борасида қарор қабул қилгани кўриниб турибди. 

Бу идеалистик сиёсий ислоҳотлар, идеалистик ва интенсив ислоҳотлар йўли эмас, имкон қадар онгли, ўйланган ва назорат қилинган тараққиёт модели дейиш ҳам мумкин. Бошқача айтганда авторитар бошқарув модели. 

Бундай авторитар моделнинг ижобий томонлари ҳам бордир. Лекин унинг ўзига хос муаммоли тарафлари албатта бўлади. 2016 йилга қадар қаттиқ авторитаризм даврини яшаб ўтди ва иккинчи маъмурият бу даврга нисбатан турғунлик даври ва муаммоларни консервация қилиш, ёпиш даври деб баҳо бергани барчага маълум. 

Энди 2023 йилдан бошлаб, кейинги етти йилликда Ўзбекистон давлатчилигида сиёсий тизимнинг табиатидан келиб чиқиб, сиёсий ўйин қоидасидан келиб чиқиб қандай муаммолар бўлиши мумкин ва мана шу муаммоларни ечиш учун қайси нуқталарга эътибор бериш керак деган савол пайдо бўлади. 

Менинг назаримда, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий соҳада камида бешта муаммога ёки бешта йўналишга алоҳида эътибор бериши керак. 

Биринчиси – сўз ва фикр эркинлиги ҳамда ташаббусини Ўзбекистон ичида ушлаб туриш, ушлаб қолиш вазифаси. 2005-2016 йиллар мобайнида Ўзбекистонга дахлдор энг муҳим хабарлар, фикрлар, лойиҳалар, ғоялар – хорижда айтилди. Ахборот борасида Ўзбекистонда «расмий» ва «норасмий» майдон шаклланиб улгурган эди. Жамоатчилик, жумладан, сиёсий элитанинг ўзи ҳам ташқи дунёдан тарқатилаётган хабарлар билан озиқланар, тафаккурини шакллантирар эди. Давлат ахборот борасида ташаббусни тўлиқ қўлдан чиқарган эди. Натижада Ўзбекистон давлатчилигининг легитимлиги, ижтимоий барқарорлик индикаторлари, сиёсий ривожланиш векторлари ташқи дунё тасарруфида эди. 

Сўз эркинлигини таъминлаш – шунчаки сиёсий ирода билан ҳал бўлмайди. Сўз эркинлигини таъминлаш учун жамиятдан сизиб чиқадиган муаммоларни англайдиган ва уларга ечим топа оладиган бошқарув синфи керак бўлади. Яъни сўз эркинлиги маъмурий-сиёсий эркинликларни тақозо қилади.