13:06 / 12.07.2023
10321

Хитой Тайванга ҳарбий босимни кучайтиряпти

Хитой ҳарбий самолётлари Тайван бўғозининг ўрта чизиғини икки кун ичида камида 55 марта кесиб ўтди, у - орол ва қитъа ўртасидаги буфер ҳисобланган норасмий чегара.

Фото: Getty Images

Хитой икки кун давомида Тайванга денгиз кемалари ва катта гуруҳда ҳарбий самолётларини, жумладан қирувчи ва бомбардимончи самолётларни юборди. Бу ҳақда 12 июль, чоршанба куни AP агентлиги тан олинмаган давлат Мудофаа вазирлигига таяниб хабар берди.

Ҳарбий идора маълумотларига кўра, Тайванни эҳтимолий босқинчиликдан ҳимоя қилишга қаратилган йиллик ҳарбий машғулотлар бошланишидан аввал Хитой Халқ озодлик армияси ҳарбий-денгиз кучларининг 38 та ҳарбий самолёти ва 9 та кемасини жўнатган. 12 июль куни эрталабдан тушгача Хитой ҳарбийлари J-10 ва J-16 қирувчи самолётлари иштирокида яна 30 та парвозни амалга оширди. Хитой ҳарбий самолётлари Тайван бўғозининг ўрта чизиғини икки кун ичида камида 55 марта кесиб ўтди, у - орол ва қитъа ўртасидаги буфер ҳисобланган норасмий чегара. 

Июль ойининг охирида Тайван ҳар йилги ўқув машғулотларини ўтказишни режалаштирмоқда, унинг давомида қуролли кучлар жанговар тайёргарликни ошириш ва босқиннинг олдини олиш бўйича машғулотлар ўтказади. Бундан ташқари, ҳар йили тинч аҳолини табиий офатларга тайёрлаш ва ҳаво ҳужумлари содир бўлган тақдирда эвакуация қилишни ўргатишга қаратилган машғулотлар уюштирилади. 

Хитой ўзини ўзи бошқарадиган Тайванни ўз ҳудуди деб билади ва сўнгги йилларда орол ҳукуматининг сиёсий фаоллигидан кескин норозилигини билдириб, Тайван томон юборилаётган ҳарбий самолётлар сонини оширди. Ўтган йили у орол яқинидаги сувлар бўйлаб парвоз қилиш учун денгиз кемалари ва дронларини ҳам жўнатишни бошлади. 

Top